1. Корхонамиз бошқа калава ип ишлаб чиқариш корхонасидан миллий валютамиз – сўмда сотиб олган калава ипни «Ўзбекенгилсаноат» АК корхоналарига ички бозорда эркин алмаштириладиган валютада реализация қилишга ҳақлими?
2. Агар ҳақли бўлса, ушбу реализациядан тушган тушумнинг 50 фоизи Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибига (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ мажбурий сотилиши керакми?
Маълумот учун: Корхонамиз улгуржи савдо билан шуғулланиш учун лицензияга эга. Унинг ИФУТ бўйича коди – 13.10.1 «Пахта толаларини тайёрлаш ва йигириш». Бизга калава сотаётган ишлаб чиқариш корхоналари «Ўзбекенгилсаноат» АК тизимига кирмайди.
И.Мардонов, бухгалтер.
1 |
Ҳа, корхонангиз сўмда сотиб олган калава ипни эркин алмаштириладиган валютада (ЭАВ) реализация қилишга ҳақли.
Маълумки, «Ўзбекенгилсаноат» АК корхоналарига контракт тузиш пайтида вужудга келган жаҳон нархларидан паст бўлмаган нархларда ЭАВга (ҚҚСни ноль ставка бўйича ҳисоблаган ҳолда) ички бозорда ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотларини (калава, газмол, трикотаж полотно ва пахтани йигириш чиқиндиларини) 01.01.2007 йилгача харид қилишга истисно тариқасида рухсат берилган бўлиб, бунда ушбу ярим тайёр маҳсулотлардан ишлаб чиқарилган товарларнинг камида 80 фоизи экспортга йўналтирилиши назарда тутилган эди (ВМнинг 25.03.2004 йилдаги 141-сон қарори 5-бандининг олдинги таҳрири).
Ушбу рухсатнинг муддати Президентнинг қарорлари билан бир неча марта узайтирилган, охирги марта бу муддат 21.12.2016 йилдаги ПҚ-2687-сон қарорга 8-илова 4-бандининг 2-хатбошига биноан 1.01.2020 йилгача узайтирилган.
Юқорида келтирилган меъёр мазмунидан «Ўзбекенгилсаноат» АК корхоналари санаб ўтилган ярим тайёр маҳсулотларни истисно тариқасида ички бозорда ЭАВга харид қилиши мумкинлиги келиб чиқар экан, табиий савол туғилади: уларга бу маҳсулотларни ЭАВда айнан ким (қайси хўжалик юритувчи субъектлар) сотишга ҳақли?
«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан кейин – Қонун) 18-моддаси 1-қисмида кўра, Ўзбекистон ҳудудида барча ҳисоб-китоб ва тўловлар миллий валютада амалга оширилиши керак. Лекин истисно сифатида шу модданинг 2-қисмида мамлакатимиз ҳудудида ҳисоб-китоб ва тўловларни чет эл валютасида амалга оширишга йўл қўйиладиган ҳоллар рўйхати келтирилган. Бу рўйхат тугал ҳисобланмайди, чунки қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда ҳам ҳисоб-китоб ва тўловлар чет эл валютасида амалга оширилиши мумкин. Бинобарин, сизнинг ҳолатда бу меъёр Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2004 йилдаги 141-сон қарори 5-бандидаги норма билан тартибга солинади.
«Ўзбекенгилсаноат» АК корхоналарига ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ички бозорда ЭАВга харид қилишлик имкониятини яратиш мақсадида бошқа корхоналар уларга шу маҳсулотларни ўша валютада сотиш ҳуқуқига эга бўлиши табиий. Демак, уларга ярим тайёр маҳсулотларни ички бозоримизда Ўзбекистон резиденти бўлмиш бошқа корхоналар реализация қилишга ҳақли. Қонун ҳужжатларида ушбу маҳсулотларни ЭАВда реализация/харид қилишнинг алоҳида тартиб-қоидаси белгиланмаган* ва шу боис уларни ишлаб чиқарувчи ва улгуржи етказиб берувчилар миллий валюта ёки ЭАВга тўғридан‑тўғри шартномалар бўйича ёки товар‑хом ашё биржаси орқали сотишлари мумкин.
Қолаверса, тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципига мувофиқ, қонун ҳужжатларида бундай фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилади («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 11-банди).
Шундай қилиб, улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш лицензиясига эга бўлган корхонангиз бошқа калава ип ишлаб чиқариш корхонасидан миллий валютада (сўмда) сотиб олган калава ипни «Ўзбекенгилсаноат» АК корхоналарига ЭАВда реализация қилишга ҳақли.
Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, банклар билан ўзаро муносабатларида улар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади.
2 |
Сиз валюта тушумини мажбурий сотишга мажбур эмассиз. Аввал «Яна мажбурий сотиш хусусида» номли материалимизда («СБХ»нинг 12.07.2016 йилдаги 28 (1144)-сон) ҳам бу мавзу юзасидан нуқтаи назаримиз баён этилган эди.
Ўша вақтдан бугунга қадар Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибига (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – Тартиб) айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Хусусан, унинг 10-банди 1-хатбошисига биноан товарлар ва хизматларни экспортга сотишдан олинган хорижий валютадаги тушумнинг 25 фоизи (аввал 50 фоиз эди) ваколатли банкларга мажбурий сотилиши керак, экспорт қилишдан тушган хорижий валютадаги тушумнинг 50 фоизи мажбурий сотилиши керак бўлган 4-иловага мувофиқ рўйхат бўйича товарлар ва хизматларнинг алоҳида турлари бундан мустасно.
Тартибдаги шу ва бошқа нормалардан кўриниб турибдики, мажбурий сотишга оид хорижий валютадаги тушум товарлар, ишлар, хизматлар экспорт қилиниши билан боғлиқ бўлиши шарт. Бироқ, корхонангизнинг бошқа калава ип ишлаб чиқарувчидан харид қилган калава ипни «Ўзбекенгилсаноат» АК корхоналарига ЭАВда реализация қилишида экспорт операцияси вужудга келмайди. Шу боис Тартибнинг мажбурий сотиш талаби сиз ички бозорда сотаётган калава ип учун тушаётган ЭАВдаги тушумга нисбатан татбиқ этилмайди.
Камол МУЗАФФАРОВ,
«Norma Online» етакчи эксперти.
*Масалан, республиканинг пахта толасини қайта ишлайдиган барча корхоналари учун пахта толасини ЭАВда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича «Ўзпахтаэкспорт» АЖ ва биржа (ЎзРТХАБ) орқали харид қилишнинг ягона тартиби ўрнатилган (21.11.2007 йилдаги ПҚ‑733‑сон қарорнинг 1‑банди). Бироқ шунга ўхшаш тартиб ярим тайёр тўқимачилик маҳсулоти бўлган калава ички бозорда айнан кимдан харид қилиниши мумкинлиги аниқлаштирилмаган.