Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 21 / Солиқ солиш

Навлар алмашган импорт: вазиятни қандай тузатиш мумкин

 

Корхона импорт бўйича товар – косметик кремлар олди. Божхонадан ўтказилди, сертификатланди, омборга олиб келинди, кирим қайта ҳисоблана бошланди. Инвойс билан тафовут борлигини: 20 номланишдаги кремларнинг иккита номланиши бўйича 2 қути (ҳар бирида 50 тадан) етишмаётганлигини, иккита номланиши бўйича 2 қути (40 донадан) ортиқчалигини, яна буюртма қилинмаган крем солинган 1 қути (қутида 30 дона) келганлигини аниқладилар. Барча кремларнинг нархи турлича. Агар ҳаммаси далилга кўра қайта ҳисобланса, БЮД ва инвойс бўйича умумий суммада тафовут аниқланади. Барча қутиларнинг ташқи кўриниши бир хил.

1. Импорт товарлар навлари алмашганда ­БЮДга қандай қилиб тузатиш киритиш мумкин?

2. Буни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш лозим?

3. Солиқ оқибатлари қандай бўлади?

Ф.Еремеева,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

1

Биринчи навбатда келиб тушган товар номенклатураси масаласини етказиб берувчи билан ҳал қилиш зарур. Ортиқча олинган товарларни қайтарасизми ёхуд ўзингизда қолдиришга розимисиз – буни хорижий ҳамкорингиз билан ҳал қилишингиз керак. Келишиб олгандан сўнг етказиб берувчи ҳақиқатда келиб тушган товарга янги инвойс тақдим этиши, бунда эскисини қайтариб олиши ва ҳужжатларни қайта расмийлаштириш сабабларини ёзма равишда кўрсатиши керак.

Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тегишли Низом (АВ томонидан 10.05.2016 йилда 2784-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланади.

Унга мувофиқ, БЮДни расмийлаштирган ҳудудий божхона органига ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш зарур. Аризада:

► БЮДнинг рўйхат рақами;

► мазкур БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш заруриятининг аниқ сабаблари кўрсатилади (Низомнинг 16-банди).

Ариза билан бирга БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш заруриятини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши лозим.

Расмийлаштирилган БЮДга тузатиш киритиш ҳақида ариза бериб, ана шу ҳужжатлар билан божхона органларига мурожаат қилишингиз зарур, сабаби декларациялаш товарлар тўғрисидаги, уларнинг божхона режими ҳақидаги тўғри маълумотларни ҳамда божхона мақсадлари учун зарур бўлган бошқа маълумотларни белгиланган шаклда маълум қилиш орқали амалга оширилади (БКнинг 254-моддаси).

Дастлабки декларациялашда келиб тушган товар номенклатураси тўғрисида нотўғри маълумотлар хабар қилинганлиги сабабли декларантга нисбатан санкциялар қўллашлари мумкин. Товарларни нотўғри деларациялаш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган (МЖТКнинг 227-22-моддаси).

Агар декларациялашда нотўғри маълумотларни биринчи марта тақдим этган корхонанинг мансабдор шахслари ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кунлик муддатда йўл қўйилган бузилишларни ихтиёрий равишда бартараф этган бўлса, жаримадан қутулиш мумкин (МЖТКнинг 271-моддаси 11-банди).

 

2

Тузатиш киритилган ҳужжатлар (инвойс ва БЮД) расмийлаштирилгунга қадар товар учун тўланган суммани 4860-«Даъволар бўйича олинадиган счётлар» счётида, келиб тушган товарнинг ўзини эса – 002-«Масъулиятли сақлашга қабул қилинган товар-моддий бойликлар» балансдан ташқари счётида ҳисобга олишни тавсия қиламиз.

Товарлар импорти бўйича ҳужжатлар қайта расмийлаштирилгандан – товарларга эгалик қилиш ва уларни эркин тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар олингандан кейин уларни тузатиш киритилган инвойс ва БЮДда кўрсатилган суммаларга мувофиқ равишда кирим қилинг. Бир вақтнинг ўзида кремлар балансдан ташқари счётдан ҳисобдан чиқарилади.

 

3

Фақат қуйидаги ҳолларда БЮДни қайта расмийлаштиришда солиқ оқибатлари юзага келади:

► қайта расмийлаштирилган инвойсга мувофиқ ҳақиқатда келиб тушган товар қиймати дастлабкисидан юқори бўлса;

► бунда етказиб берувчи қўшимча тўловдан бош тортса.

Бу ҳолда етказиб берувчи олдидаги ҳисобдан чиқарилган қарз суммаси бошқа даромадларга киритилади (Солиқ кодексининг 132-моддаси) ва унга импортчи қўллайдиган солиқ солиш тизимига мувофиқ солиқ солинади.

Қолган ҳолларда БЮД қайта расмийлаштирилганда корхонада солиқ оқибатлари юзага келмайди.

 

Лилия ХИСМАТОВА, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1562 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика