Norma.uz

Тўхташ чизиғи учун жарима камроқ бўлиши керак

 

Тошкент чорраҳаларида камералар ишга туширилганидан кейин ЙҲҚни бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланди. Агар бу вазифа бажарилган бўлса, жарималарни камайтириш вақти келмадимикин?

 

Йўл ҳаракати қоидаларининг (ЙҲҚ) (ВМнинг 24.12.2015 йилдаги 370-сон қарорига 1-илова) 41-бандида айтилишича: «Светофорнинг (реверсивдан ташқари) ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида ҳайдовчилар транспорт воситаларини тўхташ чизиғи (5.33 йўл белгиси) олдида, бундай чизиқ бўлмаганда эса:

● чорраҳанинг қатнов қисми билан кесишган жойида, пиёдаларга (ЙҲҚнинг ­102-бандини ҳисобга олган ҳолда) халақит бермасдан;

● темир йўл кесишмаси олдида (ЙҲҚнинг 119-бандига мувофиқ);

● бошқа жойларда светофор ёки тартибга солувчининг олдида, ҳаракатланишига рухсат берилган транспорт воситалари ва пиёдаларга халақит бермаган ҳолда тўхташи керак».

Яъни тўхташ чизиғи бўлмаса, ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойига тақалиб келишга, у ҳам бўлмаса – светофор олдида тўхташга ҳақли. Бунда ҳеч қандай қоидабузарликка йўл қўйилмайди, зеро ҳайдовчи атрофдагиларга хавф туғдирмайди. Агар ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойига ўтиб кетган ёхуд чорраҳага чиқиб кетган, бу билан пиёдалар ва бошқа автомобиллар ҳаракатланишига тўсқинлик қилган бўлса, бу жазоланади.

ЙҲҚ бир томондан чорраҳага яқинлашаётган автомобиль ҳаракати ҳамда бошқа йўлдан чорраҳани кесиб ўтаётган пиёдалар ва транспорт воситалари ҳаракати учун мўлжалланган линиялар траекторияларининг айни кесишув нуқтасида хавф юзага келишини амалда тасдиқлайди.

Тўхташ чизиғи чизилганда юридик нуқтаи назардан вазият ўзгаради. Кечагина у йўқ эди, дейлик. Ҳайдовчи тормоз олишни бошлади, бироқ чизиққача тўхташга улгурмай, олд ғилдираклари билан ундан 30 см ўтиб тўхтади. Бироқ тўхташ нуқтаси кечагидек – ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойи ёки светофорга етиб бормади. Энди бу светофорнинг тақиқловчи сигналига бўйсунмасдан чорраҳани тўлиқ босиб ўтишидек баҳоланади (МЖТКнинг ­128-4-моддаси).

Фикримча, ҳайдовчилар ҳам, ДЙҲХХ инспекторлари ҳам ҳеч кимга халақит бермайдиган қилиб ва авария ҳолатини юзага келтиришни истамасдан тўхташ ҳамда, аксинча, пиёдалар ёки бошқа транспорт воситалари йўлдан ўтишига халақит берган ҳолда тўхташ ҳолларида ҳайдовчининг айбдорлик даражаси буткул фарқланишига қўшилсалар керак. Нима учун иккала ҳолатда жарималарга ёндашув фарқланмайди?

 

Ўша арзимас 30 см нафақат катта жарима солиш, балки 1 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш учун расмий сабабга айланиб қолади. Агар тўхташ чизиғи чизилмаган бўлса, биргина тўхташ нуқтасида қоидабузарлик ҳам бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, МЖТКнинг 21, 245, 308-1-моддаларида ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш механизмлари назарда тутилган. Бироқ камералар тизими ундан фойдаланмай ишлайдиган кўринади.

Шаҳарда ЙҲҚ бузилишини қайд этувчи махсус камералар ишлай бошлаган вазиятда кўпчилик ҳайдовчилар ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Улар орасида автомобиль бошқаришни касб қилиб олганлар ҳам талайгина бўлади.

Эътиборли ўқувчилар камералар орқали маъмурий ҳуқуқбузарлик қайд этилган тақдирда такрорийлик инобатга олинмасдан жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилишини қайд этишлари мумкин (АВ томонидан 5.07.2011 йилда 2240-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 33-1-банди). Яъни биргина қоидабузарлик неча марта содир этилгани муҳим эмас, жарима бир хил бўлади. Бироқ такрорийлик:

1) мазкур қарор хусусида шикоят берилганда (МЖТКнинг 321-моддаси);

2) ДЙҲХХ инспектори қоидабузарликни бевосита фош этганда инобатга олиниши мумкинлигини билиш лозим.

Шу тариқа, ҳуқуқдан маҳрум бўлиш хавфи катталигича қолаверади.

Тўхташ чизиғини босиб ўтганлик учун маъмурий жавобгарлик тайинлаш зарур. Чизиққа ҳар қандай ҳолатда риоя этиш лозим, ҳайдовчиларни эса интизомга ўргатиш керак. Бироқ Ўзбекистондаги ва жаҳондаги жиноят тўғрисидаги қонунчилик ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликнинг ривожланиши тажрибаси ҳуқуқбузарликларга қарши курашда қатъий чоралар эмас, жавобгарликнинг муқаррарлиги ёрдам беришини исботлади. Камералар айни шу муқаррарликни таъминлади.

 

Шу сабабли жавобгарлик чораси қилмишнинг оғирлигига мутаносиб бўлишидан келиб чиқиб, маъмурий жарималарни табақалаштириш ва МЖТКнинг 128-4-моддасига қуйидаги ўзгартиришларни киритишни таклиф этамиз:

 

Амалдаги таҳрири

 

Таклиф этилаётган таҳрири

 

128-4-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши

 

Қўшимча

 

128-4-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши.

 

 

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига тўхташ чизиғини босиб ўтиши ёки тўхташ чизиғи бўлмаган тақдирда назарда тутилган Йўл ҳаракати қоидалари талабларига мувофиқ тўхташда йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши –

энг кам иш ҳақининг ярми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади

 

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши –

энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади

 

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига тўхташ чизиғини босиб ўтиши ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно

энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади

Худди шундай ҳуқуқбузарлик икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –

транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –

транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади

 

Чорраҳалардаги камералар анчадан буён ишлаётган Россия Федерациясида масала худди шундай ҳал этилган. РФ Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 12.12-моддасига мувофиқ, тўхташ чизиғи олдида тўхташ талабини бажармаганлик учун 800 рубль жарима тайинланган, бу алоҳида қоидабузарлик ҳисобланади. Агар у бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, ҳайдовчига жарима солишда давом этадилар, бироқ ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этмайдилар. Агар пиёдалар ҳаракатланишига халақит берса ёки чорраҳадан ўтиб тўхтаса, бунга бошқа қоидабузарлик деб қаралади, унга жарима ҳам кўпроқ – 1 000 рубль. Худди шундай қоидабузарлик такрор содир этилганда жарима 5 000 рублгача оширилади ёхуд киши ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади.

 

Муқобил позиция: ушбу материални тайёрлаш чоғида ахборот тизимларидан яхши хабардор ҳамкасбим таклифимизни амалга ошириб бўлмаслигини айтди. Сабаби – камералар тизимининг ишлаш алгоритми қоидабузарликларни автоматик равишда табақалаштириш имконини бермайди.

Бироқ МЖТКнинг 245 ва 248-моддаларига мувофиқ, иш юзасидан қарорни компьютер эмас, аниқ мансабдор шахслар қабул қилишига ишонамиз. Шу боис барча масалалар ечимини техникага юклаш тўғри бўлмайди. Тизимни такомиллаштириш ёхуд ҳар бир ЙҲҚ бузилишини таҳлил қилишда мансабдор шахслар шахсан иштирок этишини таъминлаш зарур.

 

Самир Латипов,

«Norma Online» эксперти. 

Прочитано: 1910 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика