Юридик шахс дилер ташкилотдан (транспорт воситалари сотувчисидан) транспорт воситасини нотариал тасдиқлатмай сотиб олиши тўғрими?
Замира,
бухгалтер.
– Ҳа, юридик шахс ишлаб чиқарувчидан ёки расмий дилердан ёзма шартномага асосан транспорт воситасини сотиб олиши мумкин. Бу ҳолда шартномани нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.
Умумий қоидага кўра автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно (ФКнинг 386-моддаси 4-қисми).
Қуйидаги ҳолларда автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар нотариал тартибда тасдиқланиши керак эмас:
● ихтисослаштирилган савдо корхоналари (автомототранспортни ишлаб чиқарувчи корхоналар, уларнинг вакиллари ва воситачи (дистрибьюторлик) ташкилотлар);
● лизинг шартномалари бўйича лизинг хизматлари кўрсатадиган ташкилотлар (енгил автотранспорт воситалари лизингидан ташқари);
● юридик шахслар билан лизинг шартномалари бўйича мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини камида 2 млрд сўм миқдорида устав капиталига эга бўлган кредит ташкилотлари ва асосий фаолият тури лизинг ҳисобланган ташкилотлар;
● Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти ҳудудий бошқармаларининг суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимлари томонидан белгиланган тартибда кимошди савдоларида сотилаётган бўлса (Низомнинг 3-банди, ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган).
Шу тариқа, агар автомобилни унинг ишлаб чиқарувчисидан ёки расмий воситачидан сотиб олаётган бўлсангиз, олди-сотди шартномасини нотариал тасдиқлаш керак эмас. Бироқ шартномани бир вақтнинг ўзида автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказган ҳолда сотиб олувчининг яшаш жойидаги (турган жойидаги) ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказиш керак (Қоидаларнинг 5-банди, ВМнинг 26.05.1997 йилдаги 256-сон қарорига 1-илова).
Сабоҳат Султонова,
«Norma Online» эксперти.