Ўзбекистон-Америка кичик қўшма корхонасида кассир лавозимига вакансия мавжуд.
Агар ҚК бош бухгалтери ходимнинг яқин қариндоши (отаси) бўлса, уни кассир лавозимига қабул қилиш мумкинми?
К.Тўйчиев.
– Қонун ҳужжатлари билан ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади (МКнинг 79-моддаси).
Бу қоидадан истиснолар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарори).
Бироқ қонун ҳужжатларида мулкчиликнинг бошқа шаклларидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда қариндошларнинг бирга хизмат қилишларига тақиқ белгиланмаган.
Шу тариқа, ходим – бош бухгалтернинг яқин қариндоши Ўзбекистон-Америка ҚКга кассир лавозимига қабул қилиниши мумкин.
Абдусалом Рисқуллаев,
«Norma Online» етакчи эксперти.