Туман Бандликка кўмаклашиш марказига бўш иш жойларининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни ва бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар ҳақидаги ахборотни тақдим этаётганимизда меҳнат ҳуқуқ инспектори биздан штатлар жадвали, ходимларнинг ШЖБПҲ реестри, кадрларга доир буйруқларни рўйхатга олиш дафтари ва ўриндошларга оид буйруқларни олиб келишни талаб қилди.
1. Инспектор штат жадвали ва бошқа ҳужжатларни тақдим этишни оғзаки равишда талаб қилишга ҳақлими?
2. Ташкилот ҳужжатларини текшириш тартиби қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади?
Н.Шин,
кадрлар бўлими инспектори.
1 |
Йўқ, ҳақли эмас.
Давлат иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси 1-қисми, 34-моддаси 1-қисми).
Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар)нинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни ва бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар ҳақидаги ахборотни тақдим қилаётганда қонун ҳужжатларида белгиланган ҳисобот шаклларидан бошқа ҳужжатларни талаб қилиш назарда тутилмаган (АВ томонидан 22.12.1999 йилда 858-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
2 |
Ташкилот ҳужжатларини текшириш тартиби «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонун (бундан кейин – Қонун), бошқа бир қатор қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Бундай назорат қилишнинг асосий принциплари шу жумладан хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига аралашмаслик, назорат қилувчи органлар фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкоралик ҳисобланади (Қонуннинг 5-моддаси). Ушбу органларнинг мансабдор шахслари фақат текшириш чоғида ҳужжатларни талаб қилиши назарда тутилган (Қонуннинг 17-моддаси).
Шу тариқа, меҳнат инспектори ўз хатти-ҳаракатлари билан юқоридаги қонун ҳужжатлари қоидаларига зид иш тутмоқда, сиз унинг устидан юқори органга, судга ёки прокуратурага шикоят қилишга ҳақлисиз.
Эркин Ҳосилов,
«Norma Online» эксперти.