Жорий йилнинг 28–29 март кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.
Сенаторлар ишни қуйидаги қонунларни кўриб чиқишдан бошладилар:
● «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги. Ўзгартишлар ва қўшимча Конституциянинг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига киритилмоқда. Ушбу тузатишларга мувофиқ Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилмоқда. Конституцияга суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилашга, нуфузини оширишга, судлар тузилишини такомиллаштиришга ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштиришга қаратилган ушбу ва бир қатор бошқа ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг киритилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари судда ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланади. Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилмоқда;
● «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги. Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг асосий вазифалари ва ваколатларини, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини, уни шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаб беради;
● «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги. Киритилаётган ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар янги тузилаётган маъмурий ва иқтисодий судлар фаолиятининг тегишли ҳуқуқий базасини яратишга қаратилган;
● «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги. Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига, «Судлар тўғрисида»ги ва «Прокуратура тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларда қамоққа олиш тарзидаги жиноий жазони бекор қилиш назарда тутилмоқда, шу билан бир вақтда жиноий жазолар тизимига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тури – «мажбурий жамоат ишлари» киритилмоқда. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни қамоқда сақлаш муддати 72 соатдан 48 соатгача, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, шунингдек, дастлабки тергов муддатлари 12 ойдан 7 ойгача қисқартирилмоқда. Қонунда фуқаролик ишлари бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилмоқда;
● «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги. Қонун билан «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларга, Фуқаролик кодексига, «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги, «Рақобат тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Уларга мувофиқ «сохта маҳсулот» тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда, инсофсиз рақобат турларига аниқлик киритилмоқда, товар белгисидан фойдаланиш (фойдаланмаслик), товарни товар белгисига ўхшаш бўлган белгидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш орқали реализация қилиш билан боғлиқ бўлган муносабатларни ва бу соҳадаги бошқа муносабатларни тартибга солишнинг самаралироқ механизмлари белгиланмоқда.
Шунингдек, «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги, «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Солиқ кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур ўзгартишларда чет эл инвестициялари иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига ўзлари давлат рўйхатидан ўтказилган санада амалда бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан 5 йил ичида қўллаш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда (бундан ресурс ва божхона божлари мустасно). Бу ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда судларда давлат божини тўлашдан озод қилинмоқда.
Шунингдек, сенаторлар бир қатор бошқа қонунларни ҳам кўриб чиқдилар.
Кўриб чиқилган барча қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар қуйидаги ҳисоботларни эшитдилар:
● Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги. Ҳисоботда қайд этилганидек, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет давлатлар фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахсларнинг қарийб 3 мингта мурожаати Омбудсман томонидан парламент назорати субъекти сифатида кўриб чиқилди ҳамда ҳал этилди;
● Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи. Қайд этилганидек, Ҳисоб палатаси томонидан ҳудудлар миқёсида ҳам республика Давлат бюджетини шакллантириш ва ижросини таъминлаш назорат қилинди, бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар мисолида улардан фойдаланишнинг қонунийлиги, мақсадли йўналтирилганлиги ҳамда самарали эканлиги текширилди. Назорат тадбирларининг натижалари бўйича тегишли вазирлик, идора ва ҳокимликларга 19 та ёзма кўрсатма юборилди. Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва хўжалик юритувчи субъектлар фойдасига 86 миллиард 643 млн сўм миқдорида етказилган зарар ундирилди;
● Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Марказий банкнинг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи. Ҳисоботда қайд этилганидек, Марказий банкнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир кредит сиёсати сезиларли даражада такомиллаштирилди. Уларга давлатимиз тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 2015 йилга нисбатан 1,3 баравар ошди ва 15,8 трлн сўмни, шу жумладан микрокредитлар 3,3 трлн сўмни ташкил этди. Тижорат банклари томонидан коллежларнинг битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиши учун қарийб 362,1 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди, бу эса 2015 йилдагидан 1,3 баравар кўпроқдир;
● Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи. Ҳисобот йилида тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилиш прокуратура органлари фаолиятининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлди. Тадбиркорларнинг, шу жумладан, тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқий билимларини ошириш юзасидан 43 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди. Назорат тадбирлари давомида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари бузилган 19 752 та ҳолат, шу жумладан, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашилган 129 та ҳолат, ноқонуний текширув ўтказилган 54 та ҳолат, ноқонуний қарорлар қабул қилинган 1 657 та ҳолат, ортиқча йиғимлар ундирилган 657 та ҳолат, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишда қонун ҳужжатлари бузилган 887 та ҳолат аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича прокуратура томонидан тегишли чоралар кўрилди.
Солиқ ва валюта жиноятларига ҳамда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича муайян ишлар бажарилди. 832,7 млрд сўмлик солиқлар ва тўловларнинг қўшимча ҳисобланиши таъминланди, валюта соҳасида 771 та ҳуқуқбузарлик аниқланди;
● Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи.
Ҳисоботда қайд этилганидек, ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишга замон талабларига жавоб берадиган янги ёндашувларни татбиқ этиш, жиноятчиликка қарши курашишга жамоатчиликнинг кенг қатламларини жалб қилиш, профилактика инспекторларининг бевосита аҳоли орасида иш олиб боришини ташкил этишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республиканинг 5 253 та маҳалласида бирорта ҳам жиноят содир этилмади.
Жиноятнинг асосий кўрсаткичлари, шу жумладан, аввал судланганлар, жиноятчи гуруҳлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган ўта оғир жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар сони анча камайишига эришилди. Шахсга қарши жиноятларни очиш ва тергов қилишда, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига, одам савдосига, терроризмга, диний экстремизмга ва уюшган жиноятчиликка, шунингдек, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга қарши курашишда муайян ижобий натижаларга эришилди;
● Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Қўмитанинг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи. Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан олиб борилган назорат давомида 18 270 дан зиёд мансабдор шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 400 дан ортиқ корхона ва ташкилотларга даъво киритилди, 4,13 млрд сўм ундирилганлиги қайд этилди.
Давлат экологик экспертизасининг тавсияларига мувофиқ энергетика, нефть-газ, металлургия, кимё, қурилиш тармоқларининг, саноат, коммунал ва қишлоқ хўжалигининг 318 та хўжалик юритувчи субъектида энергия тежовчи, кам чиқинди чиқарадиган технологиялар жорий этилди. Экологик, шунингдек, идоравий ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Шундан сўнг сенаторлар Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раисини сайлаш, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раисини тайинлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.
Сенаторлар «Мамлакат истироҳат боғлари, шунингдек, бошқа кўнгилочар масканларида ўрнатилган юқори технологияли аттракционлардан фойдаланувчилар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги давлат назоратининг ҳолати тўғрисида»ги парламент сўровини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига юбориш ҳақида қарор қабул қилдилар.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Барча кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати материали
асосида тайёрланди.