Мен Ўзбекистонда доимий пропискадан ўтган Қозоғистон фуқаросиман. Яшаш гувоҳномасини 2005 йилда олганман. Яқинда уйга бормоқчиман. Газетангизда яшаш гувоҳномаси билан 2 минг АҚШ доллари олиб чиқиш мумкинлиги ҳақида ёзган эдингиз. Бироқ ҚРга охирги марта сафар қилганимда чегарадаги божхоначи келганимда ўзим билан олиб кирмаган валютани Ўзбекистондан умуман олиб чиқишим мумкин эмаслигини айтди.
2016 йилда валютани олиб кириш-олиб чиқиш ҳақидаги ҳужжатга ўзгартиришлар киритилдими?
Н.Ғуломова.
– Ҳақиқатан ҳам, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банк бошқарувининг қарори (АВ томонидан 26.08.2016 йилда 716-5-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 7.05.1999 йилда 716-сон билан рўйхатдан ўтказилган) айрим ўзгартиришлар киритилди. Бироқ валютани олиб чиқиш тартиби аввалгидек қолди. Чунончи, резидентлар – Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Йўриқномага мувофиқ қуйидаги нақд хорижий валютани Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқишлари мумкин:
2 000 АҚШ долларига эквивалент миқдор доирасида – рухсатнома олмасдан;
2 000 АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқча сумма – ЎзР Марказий банки ёки ваколатли банкларнинг 09006-сон шаклдаги рухсатномаси билан;
5 000 АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқча сумма – ЎзР Марказий банкининг 09006-1-сон шаклдаги рухсатномаси билан.
Ўтган гал тўқнаш келган вазиятга тушмаслигингиз учун ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат нусхасини ўзингиз билан олишингизни ва зарурат бўлганда божхона хизмати ходимига тақдим этишингизни тавсия этамиз.
Маълумот учун! Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали резидент ва норезидентлар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган хорижий валюта, унинг йўловчи божхона декларациясида ёзма равишда декларацияланиши шарти билан ўтказилади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.