Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 14 / Акт – амалиётга

Божхонада интерактив хизматлар – тадбиркорлар учун таянч

 

Давлат божхона қўмитасида ўтказилган матбуот анжуманида ДБҚ Ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги Абдусобир Саидов маъруза қилди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берди.

 

 

Мамлакатимиз Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (5.10.2016 йилдаги ПФ-4848-сон) ҳамда бу ҳужжат билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастуридан божхона соҳасида тадбиркорларга кўрсатилаётган электрон хизматлар кўлами ва сифатини ошириш вазифалари келиб чиқади.

Бугунги кунга келиб божхона органлари фаолиятида жами 35 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари жорий этилган, шундан 22 таси давлат ахборот тизими сифатида рўйхатдан ўтган. Тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувига доир бир қатор енгиллик ва қулайликлар яратиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳозирда 22 турдаги интерактив хизматлар амалиётга жорий этилган.

Уч йилдан ошдики, республикамизда тадбиркорлар томонидан «Товарларни электрон декларация қилиш» интерактив хизмати орқали товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар ҳамда ҳисоботларни божхона органларига масофадан туриб электрон тақдим этиш ва расмийлаштириш имконияти йўлга қўйилган. Ушбу хизмат жорий қилинган 2014 йилнинг ўзидаёқ 98,7% божхона юк декларациялари электрон шаклда расмийлаштирилди. Сўнгги 2 йилда эса бу кўрсаткич 99,9%ни ташкил қилиб келмоқда.

БЮДни электрон тарзда тақдим этиш ҳамда қоғоз кўринишида декларациялаш амалиёти тўхтатилиши натижасида ҳар йили божхона юк декларацияларининг қоғоз бланкалари учун сарфланган салкам 1,3 млрд сўм миқдоридаги маблағлар тадбиркор ихтиёрида қолмоқда.

Шунингдек, божхона юк декларациясига илова ҳужжатларини (инвойс, юкхат, контракт ва бошқалар) электрон шаклда тақдим этиш натижасида ҳар йили тадбиркорлар томонидан 60 тоннага яқин қоғоз иқтисод қилинмоқда. Энг муҳими эса товарларнинг божхона расмийлаштируви учун сарфланган вақт 4,7 мартага қисқарган.

Бугунги кунда тадбиркорларнинг ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотларни электрон шаклда ЯИДХП орқали, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида рўйхатдан ўтказаётгани интерактив хизматларнинг энг оммалашган турига айланган. Ушбу хизматнинг йўлга қўйилиши натижасида эндиликда тадбиркорларнинг шартнома ва бошқа тегишли ҳужжатларни божхона постига қоғоз кўринишида олиб келишларига ҳожат қолмади. 2016 йилда жами шартномаларнинг 99,9 фоизи, яъни 106 мингдан ортиғи ва уларга қўшимча битимлар электрон шаклда рўйхатдан ўтказилган. Жорий йилнинг 1-чорагида бу кўрсаткич 30 мингга етди.

Жорий йилнинг март ойидан бошлаб эса ташқи савдо шартномаларини электрон шаклга ўтказиш учун мўлжалланган E-KONTRAKT 2 дастурий таъминотининг янги версияси ишга туширилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини қисқартириш мақсадида ишга туширилган мазкур дастурий таъминотда шартномалар ижроси бўйича барча маълумотларни, шу жумладан банк томонидан киритилган маълумотлар ва БЮД бўйича маълумотларни божхонага мурожаат этмасдан, тўғридан-тўғри Интернет орқали олиш имконияти ишлаб чиқилди. Мазкур электрон хизмат тадбиркорлар томонидан яхши кутиб олинди, ўтган бир ой ичида ушбу хизматдан 541 нафар тадбиркор фойдаланган.

«Божхона тўловлари бўйича солиштирув далолатномасини шакллантириш» интерактив хизмати ТИФ қатнашчиларига божхона тўловлари бўйича солиштирма далолатномаларини божхона органларига ташриф буюрмасдан, ортиқча қоғоз ва вақтни сарф қилмасдан, реал вақт мобайнида PDF форматида юклаб олиш имкониятини беради. Ушбу интерактив хизмат ТИФ қатнашчиларига қўшимча қулайликлар яратиб, 2015 йилда 8 мингдан ортиқ, 2016 йилда 16 мингдан ортиқ, жорий йилнинг 1-чорагида эса 5 мингдан ортиқ тадбиркор божхона органлари эшигида навбат кутишдан қутулиб, электрон тарзда далолатномаларни олишган.

Маълумки, бугунги кунда товарларни расмийлаштиришда сарфланадиган маблағлар ҳақидаги мурожаатлар божхона органларига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарият қисмини ташкил этмоқда. Шу муносабат билан фуқароларга енгиллик яратиш ва уларга расмийлаштирувга доир сарфланадиган маблағларни тахминий ҳисоблаб берилишини таъминлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб ДБҚнинг расмий веб-сайтида «Божхона калькулятори» интерактив хизмати амалиётга жорий этилди. Ушбу хизмат ишга туширилгандан бошлаб бугунги кунга қадар 1 100 дан ортиқ фойдаланувчилар ўзларига керакли маълумотга эга бўлдилар.

Жорий йилда тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш ва божхона расмийлаштируви жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш йўналишида яна 2 та янги хизмат амалиётга жорий этилди. Булар «Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш» ҳамда «Божхона брокерига тартиб рақамини бириктириш» интерактив хизматларидир.

Эндиликда божхона чегарасини кесиб ўтишни режалаштиришган фуқаро олдиндан йўловчи божхона декларациясини тўлдириб, божхона органига тақдим этиши йўлга қўйилди.

2016 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги товарларни расмийлаштириш учун рухсатнома олишга доир 7 турдаги интерактив хизматлар орқали жами 6,6 мингдан ортиқ рухсатномалар электрон тарзда берилган бўлиб, бу жами берилган рухсатномаларнинг 45,3%ини ташкил этди.

2016 йилда тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш ва божхона расмийлаштируви жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ЯИДХП орқали божхона органлари томонидан кўрсатиладиган қўшимча 10 та янги хизмат жорий қилинди.

Бугунги кунда божхона органлари интерактив хизматларининг рейтинги ҳамда ундан фойдаланувчилар сони кескин ортиб бормоқда. Хусусан, ЯИДХПдаги хизматлар рейтингида сўнгги 3 ой давомида Давлат божхона қўмитасининг 5 та интерактив хизмати дастлабки 10 таликдан ўрин олган. Хусусан, улардан 2 таси 1 ва 2-ўринларда ва кейингиси 4, 7 ва 8-ўринларни эгаллаб турибди.

2016 йилда ЯИДХПга келиб тушган 540 мингдан ортиқ мурожаатларнинг салкам 370 мингтаси, яъни 68 %ини айнан божхонага доир интерактив хизматлар орқали келиб тушган мурожаатлар ташкил этди.

Тадбирда бу йўналишда келгусида амалга оширилиши кутилаётган лойиҳалар юзасидан ҳам ахборотлар берилди. Анжуман давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

 

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати.

Прочитано: 2337 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика