Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 14 / Назорат

Режали текширувлар қачон ва қандай ўтказилади?

 

Қонун ҳужжатларига ташкилот томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар мунтазам равишда тўланмаганда режали текширишларни ўтказишга имкон берувчи норма киритилди (29.12.2016 йилдаги ЎРҚ-418-сон). Шу боис қатор саволлар юзага келмоқда, уларнинг айримларига мазкур шарҳда жавоб беришга, шунингдек баён қилинганлардан келиб чиқиб тадбиркорларга тавсиялар беришга ҳаракат қиламиз.

 

Қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзли муддатлар мобайнида янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларида уларнинг фаолияти режали текширувлардан ўтказилмайди.

Янгидан тузилган кичик бизнес субъектлари, шунингдек фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтган пайтдан эътиборан дастлабки 3 йил мобайнида режали текширувлар, шу жумладан солиқ текширувларидан ўтказилмайди.

Агар улар акциз тўланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан шуғуллансалар ёки уларнинг фаолияти бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ бўлса, ушбу муддат 2 йилни ташкил қилади.

Бироқ мазкур йилдан бошлаб назорат қилувчи органлар амалиётига янги қоида жорий қилинди. Энди кўрсатиб ўтилган субъектлар юқорида белгиланган даврларда режали текширувлардан ўтказилиши мумкин. Бундай ҳолат солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молия йили мобайнида мунтазам равишда тўланмаган тақдирда юз бериши мумкин.

Мамлакатнинг қатор қонун ҳужжатлари ана шундай муҳим шарт билан тўлдирилди. Бироқ бизнес ҳамжамиятида уни амалга ошириш билан боғлиқ қатор саволлар юзага келиши мумкин. Қуйида биз айрим жиҳатлар бўйича ўз нуқтаи назаримизни ўқувчилар эътиборига ҳавола қиламиз ва буни атамалардан бошлаймиз.

 

Тўлов тўламаслик ёки ундан бўйин товлаш: фарқ нимада?

Маъмурий (МЖТКнинг 174-моддаси) ва жиноий (ЖКнинг 184-моддаси) қилмишларга оид қонун ҳужжатларида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Бўйин товлаш – фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни яшириш, камайтириб кўрсатиш ёхуд муайян мақсадларда (масалан, солиқ ҳисоботини ёки тақдим этилиши мажбурий ҳисобланган бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик ва ҳоказолар) ғайриқонуний равишда қасддан содир этилган ҳаракатлардир.

Бу борада «солиқларни тўлашдан бўйин товлаш» ва «солиқларни тўламаслик» атамаларини бир хил дейиш мумкинми? Уларни фарқлаш керак деб ҳисоблаймиз.

Масалан, Беларусь Республикасининг қонунларига кўра, солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жиноий жазодан фарқли равишда, солиқларни тўламаганлик учун, шу жумладан бундай ҳаракат эҳтиётсизлик оқибатида содир этилганда маъмурий жарима қўлланилиши назарда тутилган. Яъни, агар солиқ тўловчи ўз мажбуриятларини унутиб қўйган бўлса ёки ўзбошимчалик билан уларни энг охирги муддатга қолдирган бўлса, ҳуқуқбузарлик таркиби ва оқибатда бунинг учун, солиқ солинадиган базани қасддан яширганлик ёки камайтириб кўрсатганлик учун тайинланганлари эмас, балки бошқа жазо чоралари назарда тутилган. Хусусан, хорижлик қонун чиқарувчи таққосланилаётган тушунчалар ўртасидаги фарқни шундай кўрсатиб беради.

Яқиндагина (2014 йилда) Ўзбекистон МЖТКнинг 175-моддасида ҳам шунга ўхшаш норма акс эттирилган эди.

2 та шартли мисолни кўриб чиқамиз.

 

1-МИСОЛ. Турғун савдо шохобчасининг сотувчиси фискал хотирали назорат-касса машинасидан фойдаланмаган ҳолда, харидорларга чек бермасдан нақд пул тушумини яширган. Бунинг маъноси шуки, жорий солиқ даврида корхона фойдасининг бир қисми яширилган, ундан тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланмаган.

2-МИСОЛ. Ташкилот солиқлар тўланганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномаларини банкка юборди. Бироқ навбати билан бошқа талабномаларнинг сўндирилишига боғлиқ депозит ҳисобрақамида пул маблағларининг етарли эмаслиги туфайли топшириқномалар бажарилмай қолди. Оқибатда солиқ тўловлари бюджетга келиб тушмаган – солиқ тўловчи томонидан мажбурият бажарилмаган.

 

Иккала вазиятда ҳам солиқлар тўланмади, бироқ биринчи вазиятда солиқларни тўлашдан бўйин товланганлигини ифодаловчи ноқонуний ҳаракатлар яққол кўриниб турган бўлса, иккинчи вазиятда эса ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмас.

Бундан ташқари, шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш узоқ муддат мажбуриятлар бажарилмаганлигини, яъни узоқ муддат давом этаётган ҳуқуқбузарликни ифодалайди. Агар назорат тадбирлари давомида ташкилот олинган даромадларнинг бир қисмини 3 ойдан буён яшириб келаётганлиги аниқланган бўлса, айбдорларни жавобгарликка тортиш учун бутун чорак мобайнида яширилган солиқларнинг умумий суммаси ҳисоблаб чиқарилади. Ундирув қўлланилганидан кейин бу ҳолат яна такрорланадиган бўлса, у ҳолда бундай ҳаракатлар такрорий ҳуқуқбузарлик таркибини юзага келтиради.

Шу тариқа, солиқларни тўлашдан бўйин товлашга нисбатан (исталган бошқа ҳуқуқбузарликлардаги сингари) қайта содир этилганликнинг малакаланадиган аломатлари қўлланилади. «Мунтазам» атамаси аслида солиқлардан бўйин товлаш маъносида келтирилмайди.

Мунтазам сўзи, одатда, муайян вақт оралиғи мобайнида 2 ёки ундан кўп марта содир этилган ҳаракатга нисбатан қўлланилади. Бизнинг ҳолатда бундай давр молия йили доирасида (1 январдан 31 декабрга қадар) чекланганлиги боис мунтазамлилик аломатини талқин қилиш мақсадида умумий қоидаларни қўлласа бўлади деб ҳисоблаймиз.

Хусусан, НҲҲларга киритилган қўшимчалар билан назорат қилувчи органлар учун текширувлардан озод этилган даврдан ўз фойдасини кўзлаб фойдаланаётган ноқонуний фаолият юритаётган субъектларни аниқлаш имкони яратилди.

Солиқларни тўламаслик ҳолатлари қонуний асосларда объектив сабабларга кўра (масалан, солиқ имтиёзларининг қўлланилиши, солиқ мажбуриятларининг бажарилиш муддатларини кечиктириш, юридик шахс томонидан ўз фаолияти белгиланган тартибда тўхтатиб турилиши, тугатиш жараёнида бўлиши ва бошқалар билан боғлиқ ҳолда) юз бераётганлигига бирор-бир изоҳнинг мавжуд эмаслиги қонунга риоя этувчи тадбиркорлар учун назорат қилувчи органларнинг назорат доирасига тушиб қолиш хавфини юзага келтиради.

 

Текширув қачон келади

Албатта, бизнес вакилларини ушбу масаланинг амалий жиҳатлари кўпроқ қизиқтиради. Шу сабабли текширув қачон келиши ва қайси давр текширилиши ҳақида сўз юритамиз.

Тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари (тафтишлари) жорий йилги режага мувофиқ ўтказилади. Келгуси йил учун режа-жадвал Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши томонидан режалаштирилаётган йилдан олдинги йилнинг 20 ноябрига қадар тасдиқланади.

Бироқ назорат қилувчи органларнинг таклифларига кўра тасдиқланган текширувлар режа-жадвалига қўшимчалар киритилиши мумкин. Бунда уларда солиқларни тўламаслик ёки тўлашдан бўйин товлаш каби солиққа оид қонун ҳужжатларининг бузилиши далиллари кўрсатилиши лозим.

Энди текшириладиган давр ҳақида айтиб ўтамиз. Солиқ кодексининг 91-моддасига мувофиқ тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширувлар фақат охирги режали текширувдан кейинги, лекин янги текширув ўтказилаётган йилдан бевосита олдинги 5 календарь йилдан кўп бўлмаган даврни қамраб олади.

Ушбу материалда биз янги ташкил этилган, яъни тахминий текширувлар давридан 3 йил олдин рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари ҳақидагина сўз юритаётганимизни ҳисобга оладиган бўлсак, текширилаётган давр, кўриб турганингиздек, рўйхатдан ўтилган кундан бошланган бутун даврни ўз ичига олади. Албатта, бунда қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган текширувлар ўтказиш таомилига ­қатъий риоя этилиши шарт.

Айтилганларга якун ясаймиз: агар янги ташкил этилган тадбиркорлик субъекти маълум вақтда солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўламаса, бу ҳолат тўлашдан қасддан бўйин товлаш ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигидан қатъи назар, унинг фаолияти қонунда белгиланган имтиёзли давр мобайнида ҳам режали текширувлардан ўтказилади. Бироқ тўламаслик мунтазам тусда бўлиши керак, яъни 1 январдан 31 декабргача бўлган даврда 2 ёки ундан кўп марта қайтарилиши лозим. Мазкур ҳолатда ҳам субъект белгиланган тартибда текширувлар режа-жадвалига киритилган бўлиши, текширув эса қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда ўтказилиши керак.

Шарҳлаб ўтилган норма амал қиладиган доирага бепарволик оқибатида тушиб қолмаслик учун биз қуйидагиларни тавсия қиламиз:

● солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлиқ ҳажмда ўз вақтида тўлаш, айниқса уларни бир молия йили мобайнида бир неча бор тўламаслик ҳолатларига йўл қўймаслик керак;

● солиқларни тўлаш учун маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, солиқ мажбуриятларини бошқа усуллар, масалан, уни бажариш муддатини кечиктиришни сўраш, дебиторлик қарзи ҳисобидан ундиришга қаратиш ва шу каби чора-тадбирларни кўриш лозим;

● давлат органларини, хусусан, солиқ хизматини ташкилот белгиланган муддатга солиқ мажбуриятларидан озод этилганлигига асос мавжуд эканлигидан (имтиёз, фаолиятнинг тўхтатиб турилиши, тугатилиши ва ҳоказолар), бу ҳақда тегишли ёзма тасдиқномага эга бўлган ҳолда, хабардор қилиши лозим.

 

Олег Заманов, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2234 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика