Тадбиркорлик ҳаракатини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, бу жабҳани ривожлантириш йўлидаги ҳар қандай бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, хусусий бизнес вакилларининг фаолиятига давлат органлари томонидан аралашувларни тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш сингари муҳим вазифалар давлат идоралари, хусусан прокуратура органларининг зиммасига юклатилган. Бу вазифаларни ижро этиш мақсадида Жиззах вилояти прокуратура органлари томонидан ҳам тегишли қонун ҳужжатлари ижроси устидан тизимли назорат олиб борилмоқда.
Назорат тадбирлари давомида жойлардаги давлат бошқаруви органлари, архитектура ва қурилиш, ер ресурслари ва кадастр хизмати, солиқ идоралари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш, улар фаолиятига асоссиз аралашиш каби салбий ҳолатларга йўл қўйилаётгани аниқланган ва ўз навбатида, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Масалан, 2016 йилда вилоят прокуратураси органлари тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш юзасидан қонунлар ижроси соҳасида ўтказилган назорат тадбирлари натижаларига кўра, қонунга зид ҳужжатларни бекор қилиш тўғрисида 78 та, шу жумладан 35 та ҳоким қарорлари ва 43 та назорат органлари қарорларига протестлар келтирилди, ваколатли идораларга эса 17 та тақдимномалар киритилди, 44 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, судларга тадбиркорлар фойдасига 643,3 млн сўмни ундириш тўғрисида аризалар киритилди.
Ушбу текширишлар натижаси бўйича 316 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Шу билан бирга, айрим ҳолларда тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқмаслик ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди. Масалан, «Mega Insurans travel» МЧЖ раҳбари З.Норбоев имтиёзли кредит ажратишни сўраб «Микрокредитбанк» АТБ Зомин филиалига ариза билан мурожаат қилган бўлса-да, банкнинг Кредитлаш бўлими бошлиғи Б.Байзаков аризага илова қилинган ҳужжатларни қабул қилмасдан, аризани ижросиз қолдирганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган.
Жойларда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ноқонуний текшириш ёки текшириш тартибини бузиш каби ҳолатлар ҳам учраб турибди. Мисол учун, Жиззах шаҳар ДСИ ходими Ф.Аллаёров хусусий тадбиркор М.Турдиевга тегишли савдо дўконида нақд пул тушумини тартибга солиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан қисқа муддатли текширув ўтказиб, асоссиз равишда тадбиркорнинг дўконидаги товар-моддий бойликларни саноқдан ўтказиб, қонунга зид равишда 29 қоп ун маҳсулотини олиб қўйгани учун ушбу солиқ хизмати ходими ҳам маъмурий жавобгарликка тортилган.
Ғаллаорол тумани электр таъминоти корхонаси раҳбари А.Бегматов «Ягона дарча» маркази орқали туман электр таъминоти корхонасига юборилган 5 нафар тадбиркорнинг мурожаатлари бўйича уларга фақат техник шартлар бериш билан чегараланиб, электр тармоқларига тайёр ҳолда уланишнинг қолган босқичларини амалга оширмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган.
Жиззах шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси бош мутахассиси Ш.Аманов фуқаро С.Эргашевга тегишли бинони бузиб, икки қаватли қилиб қайта қуришга рухсатнома бериш ҳақидаги шаҳар «Ягона дарча» марказига қилган мурожаатини қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган.
Прокуратура органлари фаолият кўрсатмаётган корхоналар, шу жумладан ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда уларда йўқотилган иш ўринларини тиклашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан солиқ, статистика ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тузилган ишчи гуруҳлар томонидан 204 та корхонанинг фаолияти қайта йўлга қўйилди ва улардаги 349 та иш ўринлари тикланди. Шунингдек, прокуратура органлари ёрдами билан 25 та тадбиркорлик субъекти янгидан ташкил этилиб, уларда 47 та янги иш ўринлари яратилди.
Прокуратура органлари томонидан маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 7 мингдан ортиқ тадбиркорлар иштирокида 300 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилиб, тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Вилоят прокуратураси органлари мазкур соҳада қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётни янада ривожлантиришга фидокорона меҳнати билан муносиб ҳиссасини қўшаётган, қонунга итоаткор тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатли таъминлаш учун барча салоҳият ва имкониятларини сафарбар этади.
Маъруф ХЎЖАМҚУЛОВ,
Жиззах вилоят прокуратураси қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи.