Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 09 / Амалий бухгалтерия

Қайта кодлаш мажбурий

 

2017 йил 1 январдан бошлаб Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичи кучга кирди, уларда илгари фойдаланилган ХХТУТ кодлари ўрнига Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичи – ИФУТ (ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарори) кодлари қўлланади.

1. Шартномалар тарафларининг реквизитларида ИФУТ кодини кўрсатиш зарурми?

2. Ҳисобварақ-фактураларда ХХТУТ ўрнига ИФУТ кодини кўрсатиш ёки уни ХХТУТ билан бирга кўрсатиш мажбурийми?

3. Бошланғич ҳужжатлар ва ҳисоботнинг қайси шаклларида ИФУТ кодини кўрсатиш зарур?

Л.Ветрова,

ўқитувчи.

 

Шартномалардаги ИФУТ

Хўжалик шартномаларини тузиш ва ижро этиш тартиби Фуқаролик кодекси ва «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган. Ушбу ҳужжатларда хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти кодларини шартномаларда мажбурий акс эттириш талаблари мавжуд эмас.

Амалиётда хўжалик шартномаси тарафлари ўз реквизитларида одатда ХХТУТ бўйича фаолият кодини акс эттирадилар. Шартномада кўрсатилган тарафларнинг реквизитларидан кейинчалик ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда фойдаланилиши шуни тақозо этади, уларда ­ХХТУТ коди ҳисобварақ-фактуранинг тасдиқланган шаклида акс эттириладиган мажбурий реквизитлардан бири ҳисобланади.

Тарафларнинг ўзаро келишувига кўра хўжалик шартномаларида ХХТУТ кодини ҳам, ИФУТ кодини ҳам кўрсатишингиз мумкин. Амалдаги қонун ҳужжатларида бу тақиқланмаган.

 

Ҳисобварақ-фактуралардаги ИФУТ

Ҳисобварақ-фактура қатъий ҳисобот ҳужжати ҳисобланади. Унинг шакли Молия вазирлиги ва ДСҚ қарори билан тасдиқланган (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Бугунги кундаги ҳолатга кўра ҳисобварақ-фактуранинг тасдиқланган шаклига ўзгартиришлар киритилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Иқтисодий фаолият турларини таснифлашнинг халқаро тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (24.08.2016 йилдаги 275-сон) билан статистика, солиқ ва молиявий ҳисоботлар шаклларида ИФУТдан мажбурий фойдаланиш маъқулланганлиги боис яқин орада ҳисобварақ-фактуранинг тасдиқланган шаклига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилади. Бу ҳақда norma.uz сайтимизда ёки «СБХ» газетаси саҳифаларида алоҳида хабардор қиламиз.

Шу сабабли ушбу ўзгартиришлар киритилгунга қадар ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштираётганда ҳар бир тарафнинг реквизитларида ХХТУТ кодларини кўрсатишингиз зарур.

Қонун ҳужжатларида ҳисобварақ-фактуранинг тасдиқланган шаклига ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритиш ва унда ХХТУТ ўрнига ИФУТ кодини акс эттириш ёки ХХТУТ билан бирга ИФУТни кўрсатиш назарда тутилмаган.

 

Бошқа ҳужжатлардаги ИФУТ

Молиявий ҳисоботнинг тасдиқланган шакллари: бухгалтерия баланси, молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот, хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот ва пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботни (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тўлдириш чоғида ИФУТ кодини кўрсатишга мажбурсиз.

ВМнинг 275-сон қарорига 2-илова билан Ҳукуматнинг бир қатор қарорларига турли ҳужжатларда ИФУТ кодларининг мажбурий қўлланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган.

Масалан, электр энергияси (қуввати)нинг ҳақиқий сарфини аниқлаш учун ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчи билан биргаликда ҳар ойда ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичларини ёзиб олади, шу билан бирга, белгиланган шакл бўйича тегишли далолатнома тузилади (Низом, ВМнинг 1.11.2004 йилдаги 511-сон қарорига 2-илова). Ушбу далолатномада истеъмолчи (хўжалик юритувчи субъект) ИФУТ кодини акс эттириш мажбурийдир.

Умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари ва йўл иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва ўртача таъмирлаш бўйича бажарилган ишларни қабул қилиб олишда бош пудратчи ва инвестор бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) қиймати тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактурада ўз ИФУТ кодларини кўрсатишга мажбурлар (Низом, ВМнинг 1.11.2006 йилдаги 226-сон қарорига 2-илова).

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузиш тўғрисидаги аризада у ИФУТга мувофиқ амалга ошираётган фаолият турини кўрсатиши шарт (Қоидалар, ВМнинг 24.06.2009 йилдаги 177-сон қарорига 1-илова). Аризада кўрсатилган иш берувчининг ИФУТ коди кейинчалик суғурта полисида қайд этилади.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун мол-мулкни олиб келишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган божхона тўловларини тўлашга доир имтиёзлар мол-мулкка сертификат мавжуд бўлганда тақдим этилади. Ушбу сертификатни олиш учун ариза берувчи «Ўзбекэкспертиза» АЖга тасдиқланган шаклдаги ёзма ариза билан мурожаат қилиши керак, унда КТУТ ва СТИР билан бир қаторда ўз ИФУТ кодини кўрсатиши керак бўлади (ВМнинг 16.05.2011 йилдаги 136-сон қарори билан тасдиқланган Низом).

 

ИФУТ жорий этилиши муносабати билан ўзгартиришлар киритилган Ҳукумат қарорларининг тўлиқ рўйхати билан ВМнинг 275-сон қарорига ­2-иловада, norma.uz, nrm.uz сайтларида ва «Norma» АҚТда танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2270 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика