Жорий йилнинг дастлабки кунларидан бошлаб ўқувчиларимиз таҳририятимизга ва «Жавоб берамиз» маълумотнома хизматига жуда кўп мурожаат қилмоқдалар.
Бироқ энг кўп бериладиган савол: «Ҳисобварақ-фактураларда фаолиятнинг қайси кодини – ХХТУТ ёки ИФУТ – кўрсатиш лозим?».
Сонни чоп этиш учун тайёрлаётган пайтимизда маълумотнома хизматига яна бир қўнғироқ бўлди. Қўнғироқ қилаётган бухгалтер Е.А. экспертдан саволларига жавоб беришини сўраб туриб олди: «Ҳисобварақ-фактурада нимани қайд этишим керак? Хизматларни етказиб берувчиларимиз бухгалтер ҳисобварақ-фактурани бермай, ИФУТни талаб қилаётганларини айтиб холи-жонимга қўймаяптилар. Молия вазирлигининг ўтган йилдаги буйруғини рўкач қилаётганмишлар. Бироқ у молиявий ҳисоботга тааллуқли-ку. «Қисқартмани алмаштириш қийинми?» – деб туриб олганмишлар. Шартномаларда – ҳа, бунга қўшиламан, юристимиз ҳам рози. Бироқ ҳисобварақ-фактурага ўзгартиришлар киритилмаган. Етказиб берувчилар эса: «Ҳар битта ҳарфга ўзгартиришлар киритиш зарурми?» – дея тинчимаяптилар. Шундай қилиб, хато қилмаслик учун нимани ёзиш керак? Қандай ишлаш лозим? Тўғри жавобни ким беради?..».
Жавобсиз қолгандек туюлган бу саволга Молия вазирлигидан сўровимизга ўз вақтида келган хабар ойдинлик киритди:
«... Молия вазирлиги томонидан Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда солиқ ҳисоботи шаклларига (шу жумладан ҳисобварақ-фактура шаклига) киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар тайёрланди, улар Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин белгиланган тартибда солиқ тўловчиларнинг эътиборига етказилади».