«СБХ»нинг ўтган сонида трансферт нархларнинг тушунчаси ва улардан ўзаро алоқадор шахслар томонидан солиқларни тўлашдан қочиш учун фойдаланиш ҳолатлари ҳамда бундай ҳолатга қарши курашиш учун трансферт нархларни назорат қилишни ҳуқуқий тартибга солишнинг аҳамияти тўғрисида фикр юритган эдик. Бугунги мақоламизда трансферт нархларни тартибга солиш бўйича халқаро ташкилотлар фаолияти ҳамда баъзи давлатларнинг мазкур соҳадаги қонунчилиги тўғрисида фикр юритилади.
Айтиш керакки, трансферт нархларни тартибга солишга қаратилган умуммажбурий халқаро ҳужжатлар мавжуд эмас. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) томонидан трансмиллий корхоналар ва солиқ органлари учун трансферт нархлар бўйича Қўлланма (OECD Transfer pricing guidelines for multinational enterprises and tax administrations) (кейинги ўринларда – Қўлланма) ишлаб чиқилган. Бу тавсиявий тусдаги ҳужжат бўлса-да, унинг қоидалари турли мамлакатлар, жумладан ИҲТТ аъзоси бўлмаган давлатлар миллий қонунчилигида ҳам ўз аксини топган. Ҳозирда амалда бўлиб турган Қўлланма 1979 йилда қабул қилинган Трансферт нархлар бўйича Ҳисоботнинг янги таҳрири ҳисобланади. Қўлланма 2010 йил 22 июлда тасдиқланган.
Қўлланмада солиқ солиш мақсадида нархларни аниқлаш усуллари икки гуруҳга ажратилган: анъанавий усуллар ҳамда таҳлил ва фойдани тақсимлашга асосланган усуллар.
Қўлланма трансферт нархларни аниқлашнинг қуйидаги усулларидан фойдаланишни тавсия этади:
Анъанавий усуллар:
Бозор нархи усули (comparable uncontrolled price method);
Қайта сотиш нархи усули (resale price method);
Жорий харажатлар усули (cost-plus method).
Таҳлил ва фойдани тақсимлашга асосланган усуллар:
Битим бўйича тоза маржа усули ( Transactional net margin method);
Битим бўйича фойдани тақсимлаш усули (Transactional profit split method).
Трансферт нархлар ҳосил қилинишини аниқлашнинг қайси усулини танлаш ишнинг аниқ ҳолатига боғлиқ бўлиб, ҳар бир усулнинг афзаллик ва камчилик томонлари, уларни қўллаш учун зарур маълумотларни тўплаш имконияти, битимларни ўзаро солиштириш даражаси сингари факторлар эътиборга олинади.
Қўлланманинг юридик табиати тўғрисида мулоҳаза қиладиган бўлсак, ИҲТТ тўғрисида конвенциянинг 5(b)-моддасига кўра мажбурий хусусиятга эга эмас ва ИҲТТга аъзо давлатларга Қўлланмага риоя қилиш тавсия этилади холос. Шундай бўлса-да, ИҲТТга аъзо ва аъзо бўлмаган давлатлар томонидан трансферт нархлар бўйича қонунчиликни ишлаб чиқишда Қўлланмадан кенг фойдаланиб келинмоқда. Шунингдек трансферт нархлар бўйича низоларни кўриб чиқиш давомида кўпгина мамлакатлар судлари Қўлланмадан фойдаланган ҳолда мамлакат трансферт нархлар қонунчилигини шарҳлашда фойдаланмоқдалар.
Масалан, Ирландия, Мексика, Испания, Буюк Британия, Венгрия, Латвия, Перу ва Руминия давлатлари ўзларининг трансферт нархлар бўйича миллий қонунчилигида Қўлланмадан мазкур қонунларни шарҳлаш мақсадида фойдаланиш тўғрисида қоидаларни киритганлар1.
Трансферт нархларни тартибга солиш бўйича АҚШ тажрибаси
Трансферт нархларни тартибга солишга қаратилган миллий қонунчиликлар тарихига назар солсак, бу соҳада АҚШ бошқа давлатларга нисбатан анча илгарилаб кетганига гувоҳ бўламиз. АҚШ Ички даромад кодекси (Солиқ кодекси) 482-қисмида трансферт нархларни тартибга соладиган қоидалар белгиланган. Мазкур 482-қисм 1920-йилларда қабул қилинган. Унда солиқ органларига фирмалараро тижорат муносабатларида солиқ тўлашдан қочиш мақсадида паст нархлар ўрнатилган бўлса, солиқ органларига нархларга тузатиш киритиш ҳамда уларни қайта ҳисоблаб чиқиш ва солиқ солиш бўйича ваколатлар берилган. Ушбу 482-қисмда трансферт нархларни аниқлашнинг махсус усуллари белгилаб берилган. Мазкур усуллар Қўлланмада белгиланган усулларга ўхшаш. Чунки АҚШда трансферт нархлар бўйича қонун ҳужжатлари аввалроқ ишлаб чиқилган ҳамда ундаги қоидалардан 1960-йилларда Қўлланмани ишлаб чиқишда ҳам фойдаланилган2.
АҚШнинг трансферт нархларни тартибга солишга қаратилган қонунчилиги солиқ тўловчиларни ўзаро алоқадор шахслар билан битимлар тузиш давомида трансферт нархлар шаклланишининг олдини олиш мақсадида Ички даромад хизмати билан Дастлабки нархлаш бўйича келишув (Advance Pricing Agreement (APA)га киришиши мумкин. Мазкур келишувларни амалиётга киритиш ҳам АҚШда бошланган ва бошқа мамлакатларнинг қонунчилигига инкорпорация қилинишига асос бўлиб хизмат қилган. Мазкур ҳолда ўзаро алоқадор компаниялар билан битимлар тузаётган компания солиқ органлари томонидан текширувлар ўтказилиши ва ҳужжатлар тайёрлашнинг ўрнига солиқ органи билан келишув тузади. Бу эса компаниялар учун ҳам, солиқ хизмати органлари учун ҳам келиб чиқиши мумкин бўлган низоларни ҳал қилиш харажатларининг олдини олади.
Буюк Британиянинг трансферт нархларни тартибга солиш қоидалари
Буюк Британиянинг амалдаги трансферт нархларни тартибга солишга қаратилган қонунчилиги 2010 йилда қабул қилинган Солиқ солиш тўғрисида қонун (Taxation Act (International and Other Provisions, Халқаро ва бошқа қоидалар) билан тартибга солинади. Мазкур қонун компаниялар томонидан трансферт нархларни қўллаган ҳолларда солиқ хизмати органлари томонидан трансферт нархлар шаклланишини ҳисоблаб чиқиш усуллари, нархлар билан манипуляция қилиш ҳоллари мавжуд бўлган ҳолларда нархларга тузатишлар киритиш асослари ва усулларини белгилаб беради. Буюк Британия қонунчилигида ҳам компаниялар ва солиқ хизмати органлари ўртасида Дастлабки нархлаш бўйича келишув (Advance Pricing Agreement (APA)га киришиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Россия Федерацияси қонунчилиги
Россия Федерациясида трансферт нархларни тартибга солишга қаратилган қонунчиликнинг қабул қилинганига унчалик кўп бўлгани йўқ. 2011 йил 18 июлда «Солиқ солиш мақсадида нархларни аниқлаш принципларини такомиллаштириш сабабли Россия Федерациясининг баъзи қонунларига ўзгартириш киритиш тўғрисида» қонун қабул қилинган. Мазкур қонун билан Россия Федерацияси Солиқ кодексига янги – «V.1. Ўзаро алоқадор шахслар. Нархлар ва солиқ солишнинг умумий қоидалари. Ўзаро алоқадор шахслар ўртасида тузиладиган битимлар бўйича солиқ назорати. Нархларни шакллантириш бўйича келишув» бўлим киритилди. Солиқ кодексига киритилган мазкур қўшимчалар Қўлланмада келтирилган тавсияларга мос келади. Янги киритилган қоидалар трансферт нархлардан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга оширишнинг самарадорлигини оширишга бағишланган. Киритилган ўзгартиришлар ўзаро алоқадор шахслар тушунчасини анча кенгайтириб берди. Ўзаро алоқадор шахслар ўртасида тузиладиган битимлар назорат қилинувчи битимлар деб тан олинган3. Қонунчилик, шунингдек, назорат қилинувчи битимларнинг бошқа турларини ҳам кўрсатиб ўтади.
Ўзаро алоқадор шахслар ўртасида тузилган битимлардаги даромадларни аниқлашнинг қуйидаги усулларини қўллаш белгилаб қўйилган:
● Солиштирма бозор нархлари усули;
● Қайта сотиш нархи усули;
● Харажатлар усули;
● Солиштирма рентабеллик усули;
● Фойдани тақсимлаш усули.
Трансферт нархлар юқоридаги усулларни қўллаган ҳолда аниқланади. Қонунчиликда икки ёки ундан ортиқ усулларнинг комбинациясидан фойдаланишга рухсат берилади. Солиқ кодекси солиқ тўловчиларни солиқ органлари талабига биноан муайян битим бўйича ҳужжатларни тақдим этиш мажбуриятини белгилаб қўйган. Мазкур ҳужжатлар трансферт нархлар қўлланилишини аниқлаш учун фойдаланилади. Қонунчилик солиқ тўловчи томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар турини белгилаб беради. Шуни айтиб ўтиш муҳимки, Россия Федерацияси Солиқ кодексида трансферт нархларни назорат қилиш солиқ текширувининг янги тури ҳисобланади. Ўзаро алоқадор шахслар ўртасида битимлар тузилиши билан боғлиқ солиқларни ҳисоблаб чиқиш ва тўлашнинг тўлалигини текшириш ўзаро алоқадор шахслар ўртасида шундай битимлар тузилганда амалга оширилади. Агар ўзаро алоқадор шахслар ўртасида трансферт нархларни қўллаш солиқлар ўз вақтида тўланмаслигига олиб келса, бу тўланмаган солиқнинг 40% миқдорида, 30 000 рублдан кам бўлмаган суммада жарима тўлашга олиб келади. Агар солиқ тўловчи солиқ органларига мазкур нархларнинг бозор нархлари эканлигини асословчи ҳужжатларни тақдим этадиган бўлса ёки солиқ органлари билан Нархларни шакллантириш тўғрисида битим тузган бўлса, мазкур жаримани тўлашдан озод қилинади4.
Россия Федерацияси солиқ қонунчилиги ҳам солиқ солиш мақсадида нархларни шакллантириш тўғрисида келишув тузиш имкониятини беради. Бундай имкониятдан фақатгина қонун бўйича йирик солиқ тўловчи мақомига эга бўлган солиқ тўловчилар фойдаланиши мумкин. Келишув солиқ тўловчи ҳамда давлат солиқ органи ўртасида тузилади ҳамда унда келишув тузилган муддат давомида назорат қилинувчи битимлар бўйича нархларни белгилаш ва (ёки) нархларни шакллантиришни аниқлаш усулларини қўллаш тартиби назарда тутилади.
Қозоғистон Республикаси қонунчилиги
МДҲ давлатлари ўртасида трансферт нархларни тартибга солиш бўйича Қозоғистон Республикасининг тажрибаси бошқа давлатларникига нисбатан кўпроқдир. Қозоғистон «Трансферт нархлар тўғрисида»ги қонунни 2008 йилда қабул қилган. Бу мамлакатда трансферт нархларни белгиловчи қоидалар Солиқ кодексининг бир қисми эмас, балки алоҳида қонун ҳужжати сифатида қабул қилинган. Мазкур қонун трансферт нархларни назорат қилишда нафақат ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги битимларда, балки бошқа турдаги битимлар қўлланиладиган трансферт нархлар қўлланилишини назорат қилади. Трансферт нархларнинг шаклланиш бўйича назорат халқаро тижорат операциялари бўйича битимлар ҳамда Қозоғистон Республикаси ҳудудида тузиладиган ва бевосита халқаро тижорат операциялари билан боғлиқ бўлган битимлар бўйича амалга оширилади5.
Қозоғистон Республикасининг трансферт нархлар бўйича қонунчилиги Қўлланмада келтирилган тавсияларга мос келади. Мазкур қонуннинг 12-моддасига асосан битимлардаги бозор нархларини аниқлаш учун қуйидаги усуллардан фойдаланилади:
1) солиштирма назорат қилинмайдиган нархлар усули;
2) «харажатлар плюс» усули;
3) қайта сотиш нархи усули;
4) фойдани тақсимлаш усули;
5) соф фойда усули.
Назорат қилинувчи битимлар бўйича нархларда бозор нархларидан бошқача нарх қўлланиладиган бўлса, ваколатли органлар битим томонларига нисбатан текширув ўтказишлари мумкин ва мазкур текширув натижасига кўра ваколатли органлар солиқ солиш объекти ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларга тегишли тузатишлар киритадилар.
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, трансферт нархларни шакллантириш орқали ўзаро алоқадор шахслар томонидан солиқларни тўлашдан бўйин товлашга қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотларнинг аниқ тавсиялари ишлаб чиқилган ҳамда мазкур тавсияларга таянган ҳолда кўп давлатларда, шунингдек МДҲ давлатларида солиқлардан бўйин товлашга қарши курашиш бўйича самарали ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилган.
Ихтиёржон ТЎРАБОЕВ,
Тошкент давлат юридик университети
«Молия, банк ва солиқ ҳуқуқи» кафедраси ўқитувчиси.
1Alberto Vega, International Governance through Soft Law: The Case of the OECD Transfer Pricing Guidelines, Mark Planck Institute for Tax Law and Public Finance Working paper, 2012-05, page 19.
2Reuven S. Avi-Yonah, International Tax as International Law: An Analysis of the International Tax Regime, Cambridge University Press, 2007, page 104.
3Россия Федерацияси Солиқ кодекси 105.14-моддаси.
4Россия Федерацияси Солиқ кодекси 129.3-моддаси.
5Қозоғистон Республикаси «Трансферт нархлар тўғрисида» қонуннинг 2-моддаси.
ИҲТТ тўғрисида қисқача маълумот
1948 йилда ташкил этилган бу ташкилот дастлаб Европа иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (Organisation for European Economic Co-operation) деб номланган. 1960 йилда Европа иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мазкур ташкилот ўрнига ИҲТТни (Organization for Economic Co-Operation and Development, OECD) тузадилар. ИҲТТнинг асосий миссияси – жаҳон иқтисодиётининг ривожланишига кўмак бериш, ташкилотга аъзо мамлакатлар иқтисодиёти ривожланишига ва уларнинг глобал иқтисодиёт тараққиёти ва ривожланишига қўшадиган ҳиссасининг ошишига ёрдам бериш ҳамда ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар ривожланишига кўмак бериш ҳисобланади.
ИҲТТ иқтисодий масалалар билан бир қаторда солиқ масалаларида ҳам жуда катта роль ўйнайди.