Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 38 / Солиқ солиш

Штатда чет эллик ходим бўлса

 

Ташкилотимиз меҳнат қилишига лицензия расмийлаштирилган, шунингдек турар жой ижарага олинган норезидент билан муддатли меҳнат шартномасини имзолади.

Ташкилот чет эллик жисмоний шахс билан муддатли меҳнат шартномасини тузган, шунингдек унинг фойдасига уй-жой ижараси ҳақини тўлаганда корхонада ва ходимда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

М.Курпаяниди,

МЧЖ бош бухгалтерининг ўринбосари.

 

Корхона ходими учун солиқ оқибатлари

Ходимингизга даромад олиш пайтидаги резидентлиги мақомига қараб солиқ солинади. Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахс республикада доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида (йилда) якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида жами 183 кун ва ундан ортиқ муддат турса, Ўзбекистон резиденти деб эътироф этилади. Агар ушбу муддат худди шу давр ичида 183 кундан кам бўлса, жисмоний шахс норезидент деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 19-моддаси).

Норезидент ходим. Норезидентнинг даромадларига солиқ солиш Ўзбекистон билан жисмоний шахс резиденти бўлган давлат ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ва солиқ солинадиган даромад тури тўғрисида битим мавжудлигига боғлиқ.

Агар бундай битим тузилмаган бўлса, даромадларга тўлов манбаида (яъни иш берувчида) Солиқ кодексининг 179, 180-моддаларида назарда тутилган чегирмалар ва имтиёзларни қўлламаган ҳолда 20%лик ставкада солиқ солинади. Норезидентнинг барча даромадларига – ҳам меҳнат шартномаси бўйича (иш ҳақи, мукофотлар ва ҳ.к.), ҳам моддий наф тарзидаги даромадларига (юридик шахснинг жисмоний шахс фойдасига ижара ҳақини тўлаши) ушбу ставкада солиқ солинади (Солиқ кодексининг 182-моддаси).

Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузилган бўлса, унга мувофиқ норезидентнинг даромадларига Ўзбекистонда солиқ солиниши ёки солиқ солишдан озод этилиши мумкин. Битимга кўра имтиёзли солиқ солиш қўлланиши учун жисмоний шахс солиқ хизмати органлари тасдиқлаган белгиланган намунадаги аризани бухгалтерияга тақдим этиши керак. Ариза шакли жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова) келтирилган.

Резидент ходим. Календарь йил давомида ходим ўзининг солиқ мақомини норезидентдан резидентга алмаштириши мумкин. Бу ҳолда тўлов манбаи ЖШДСни жорий йил бошидан резидентлар учун белгиланган шкалада қайта ҳисоблаб чиқаради. Яъни Ўзбекистон резиденти мақомини олган пайтдан бошлаб чет эллик жисмоний шахснинг меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишида, шунингдек моддий наф тарзида олган даромадларига умумбелгиланган тартибда солиқ солинади (Солиқ кодексининг 194-моддаси). Бу ҳолда даромадларга Солиқ кодексининг 179 ва 180-моддаларида белгиланган имтиёзларни қўллаш мумкин.

 

Эътибор беринг! Яшаш гувоҳномасига эга бўлмаган чет эллик жисмоний шахс фуқароларнинг суғурта бадаллари ва ШЖБПҲ тўловчиси ҳисобланмайди.

 

Корхона учун солиқ оқибатлари

ЯИТ. Корхона чет эллик ходимнинг (резидент ва норезидентнинг) меҳнат шартномаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадларидан ЯИТ тўлаши шарт (Солиқ кодексининг 307-моддаси). Чет эллик жисмоний шахс моддий наф тарзида олган даромадларга ЯИТ ҳисобланмайди, сабаби ушбу даромад тури меҳнатга ҳақ тўлашга кирмайди.

Фойда солиғи, ЯСТ. Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхоналарда уй-жойнинг ижара ҳақини тўлаш харажатлари чегирилмайдиган харажатлар деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 147-моддаси 9-банди). Улар фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базага қайтар ҳисоб билан киритилади ва ушбу солиқ солинади.

ЯСТ тўловчиларида ўз ходимининг яшаш харажатини тўлаганда солиқ оқибатлари юзага келмайди. Ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашда ушбу харажатлар инобатга олинмайди.

 

Мулкий даромад тўлаш манбаи сифатида корхона учун солиқ оқибатлари

Жисмоний шахс ижарага берадиган турар жой майдонининг ижара ҳақини тўлашда ижарачи корхона ижарага берувчига даромад тўлаш манбаи ҳисобланади. Шу сабабли ижарачи ҳар ой ижара ҳақини тўлаётганда ушбу мулкий даромаддан (Солиқ кодексининг 176-моддаси ­3-банди) ЖШДСни 7,5%лик энг кам ставкада ушлаб қолиши (Солиқ кодексининг 181-моддаси) ва ижарага берувчига тўланадиган даромадни солиқни чегирган ҳолда ўтказиши шарт. Шартнома бўйича, бироқ энг кам ижара ставкаларида ҳисобланганидан кам бўлмаган ижара ҳақи суммасига солиқ солинади. Агар ижара ҳақи ҳисобланган энг кам миқдордан кам бўлса, турар жойларнинг ижараси учун энг кам ставкаларга кўра белгиланадиган суммадан солиқ ушлаб қолинади. 2016 йилда турар жойларни ижарага берадиган жисмоний шахслар учун улар Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорига 26-иловада келтирилган.

Ижара ҳақига мулкий даромад сифатида ЯИТ, фуқароларнинг суғурта бадаллари ва ШЖБПҲ солинмайди.

Унинг ҳисоблаб ёзилиши ва тўланиши жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида кўрсатилган бўлиши керак. Корхона асосий бўлмаган иш жойидан ижара ҳақи кўринишида даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотномани ДСИ органларига тақдим этмайди (Солиқ кодексининг 187-моддаси 1-банди).

ЖШДС юридик шахс – даромад тўлаш манбаи рўйхатдан ўтган тумандаги ДСИда тўланади.

 

Надежда ГУШЧИНА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1857 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика