Республикамизда тамаки маҳсулотларига акциз маркаларини қўллаш шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш, сақлаш, ташиш ва сотиш устидан давлат назоратини ўрнатишда, шунингдек мазкур товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яширин тарзда ишлаб чиқарилиши ёхуд четдан ноқонуний равишда олиб келинишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
1996 йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ва унинг ҳудудига олиб келинаётган тамаки маҳсулотларини белгиланган намунадаги акциз маркалари билан мажбурий маркалаш тартиби жорий этилган. Шунга қарамасдан, мазкур турдаги маҳсулотларни ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб киришга бўлган уринишлар учраб турибди. Пойтахтимиз божхона ходимлари бундай қонунбузарлик ҳолатларига ўз вақтида чек қўйиш мақсадида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқдалар.
Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари «Москва–Тошкент» йўналишидаги поезд йўловчиларининг қўл юкларини божхона назоратидан ўтказишганда, чет эл фуқароси Г.Лебедеванинг (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қўл юклари орасида ноқонуний равишда олиб киришга уринилган 19 млн сўмлик 950 қути «Parliament» сигареталари борлиги аниқланди.
Шу йўналиш бўйича кириб келган поезд йўловчиси Б.Санаев ҳам «кашанда» чиқиб қолди. Қарангки, у қиймати салкам 10 млн сўмлик 480 қути сигареталарни йўловчи божхона декларациясида қайд этишни «унутиб» қўйибди.
Ҳозир юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг 1861-моддасига биноан этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шу ўринда юртдошларимизга божхона қоидабузарликлари ёки божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг 120-76-76 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Тошкент шаҳар
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.