МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг (хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона) иккита муассиси бор. Улардан бири – норезидент юридик шахс ўз улушини иккинчи муассис – ЎзР резиденти бўлган жисмоний шахсга текинга бермоқчи. Натижада резидент жисмоний шахс 100 фоизли улуш билан ягона муассисга айланади.
Норезидент юридик шахс МЧЖдаги улушини резидент жисмоний шахсга текинга берганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
О.Сафаров,
МЧЖ бухгалтери.
– Юридик шахс томонидан жисмоний шахсга текинга берилган мол-мулк қиймати моддий наф тарзидаги даромад деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди).
Хорижий юридик шахс – ҳадя қилувчи бу вазиятда солиқ агенти ҳисобланмайди. ЖШДСни тўлов манбаида ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти юридик шахслар, фаолиятни Ўзбекистонда доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ҳамда чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналари зиммасига юклатилади (Солиқ кодексининг 184-моддаси). Норезидентнинг резидент юридик шахслар устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларга эгалик қилиши доимий муассаса юзага келишига олиб келмайди (Солиқ кодексининг 20-моддаси).
Солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадларга даромадлар тўғрисидаги декларация асосида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 189-моддаси). Юридик шахсдан текинга олинган мол-мулк кўринишидаги даромадларга солиқ солиш шкаласига мувофиқ солиқ солинади.
Ҳадяни олаётган жисмоний шахс даромадлар тўғрисидаги декларацияни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай солиқ органларига тақдим этиши шарт.
Юридик шахслар – ҳадя қилувчи норезидент ва ундаги улуш текинга берилаётган МЧЖ даромад олмаётганлиги ва ушбу битимда солиқ агентлари бўлиб чиқмаётганлиги сабабли улар учун солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Лилия ХИСМАТОВА,
«Norma Online» эксперти.