МЧЖ (ЯСТ тўловчиси) ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун шахсий мол-мулкни олди-сотди шартномалари бўйича жисмоний шахслар – ЎзР резидентларидан мунтазам равишда сотиб олади. Ҳужжатлар пакети: шартнома, жисмоний шахснинг паспорти нусхаси ва СТИР йиғилади. Мол-мулк олингандан кейин қабул қилиш-топшириш далолатномаси имзоланади (чунки жисмоний шахсда ҳисобварақ-фактура йўқ). Амалда харидор ҳисобланамиз, жисмоний шахслар эса етказиб берувчилардир. Фойдаланишда бўлган шахсий мол-мулкни сотиб олишимиз сабабли пулни уларнинг шахсий пластик карталарига ўтказамиз, ЖШДС солмаймиз.
Корхона фойдаланишда бўлган шахсий мол-мулкини сотиб оладиган жисмоний шахслар бўйича ҳисобот топшириши зарурми? Агар зарур бўлса, қандай ҳисоботни қайси муддатда топшириши керак?
Н.Красильникова,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Ҳа, солиқ даври (йил) тугагандан кейин 30 кун давомида ушбу даромадлар бўйича солиқ органларига Асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотнома тақдим этилади. Улар Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларда (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳам акс эттирилган бўлиши керак.
Жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар уларнинг мулкий даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг 176-моддаси 4-банди). Улар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисмига тенг. Ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати даромад деб эътироф этилади. Ушбу даромадларга ЖШДС тўлашдан озод қилиш кўринишидаги имтиёз қўлланади (Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-банди).
Асосий бўлмаган иш жойидан олинган ва солиқ солишдан озод қилинадиган даромадлар (шу жумладан мулкий даромадлар) Маълумотларнинг тегишли сатрларида акс эттирилган бўлиши керак. Ҳисобот солиқ давридан кейинги йилнинг 30 январидан кечиктирмай юридик шахслар – солиқ агентлари ДСИга Маълумотномани тақдим этишлари шарт. Унда мазкур даромадлар солиқ солишдан озод қилинган даромадлар сифатида кўрсатилади.
Мулкий даромадларга ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинмайди, сабаби улар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар деб ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси). Тегишинча, ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари бўйича ҳисоботда улар акс эттирилмайди.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma Online» эксперти.