Корхонада ходимлар сони 16 кишини ташкил этади. Май ойида (25 иш куни) тўрт нафар ходимга ҳақиқатда иш ҳақи ҳисоблаб ёзилди. 12 нафар ходим ойнинг биринчи ярмида иш ҳақи сақланмайдиган таътилда, иккинчи ярмида эса – меҳнат таътилида бўлди.
1. ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоблашда инобатга олинадиган нечта ходимни, уларнинг бир қисми меҳнат таътилида ва иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлса, Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 010-сатрида кўрсатиш зарур?
2. Ушбу вазиятда барча ходимлар ҳақиқатда ишлаган неча кунни Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 020-сатрида кўрсатиш зарур?
И.Ким,
МЧЖ бош бухгалтери.
– ЯИТнинг энг кам миқдори Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ҳисобланади. Унга кўра, Низом меъёрлари татбиқ этиладиган ягона ижтимоий тўловни тўловчилар барча ходимлар ҳисобот ойида ҳақиқатда ишлаган кунлардан ва унда белгиланган нормативлардан (микрофирмалар ва кичик корхоналар ҳар бир ходими учун ойига минимал иш ҳақининг 65%идан кам бўлмаган миқдорда, фермер хўжаликлари ҳар бир ходими учун ойига минимал иш ҳақининг 50%идан кам бўлмаган миқдорда, қолган тўловчилар ҳар бир ходим учун ойига 1 минимал иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда) келиб чиқиб умуман корхона бўйича ЯИТнинг энг кам миқдорини қуйидаги формула бўйича аниқлайдилар:
МРяит = К / n х N, бу ерда:
МРяит – ЯИТнинг бир ой учун энг кам миқдори;
n – корхонада белгиланган бир ойдаги иш кунлари сони;
N – бир ходим учун бир ойда ЯИТ нормативи;
К – бир ойда барча ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунлари сони, бироқ корхонада ўрнатилган иш кунлари сонидан ортмаган ҳолда.
Ходимлар ҳақиқатда ишлаган кунлар сонини ҳисоблаймиз.
Биринчидан, бир кунда ишлаган соатларидан қатъи назар, кунлар ҳисоби юритилади. Масалан, ўриндош учун кундалик 4 соатлик иш ҳақиқатда ишланган 1 кун сифатида ҳисобга олинади.
Иккинчидан, Низомнинг 4-бандига мувофиқ йиллик меҳнат таътилларига ва иш ҳақи сақланган ҳолда бериладиган таътилларга тўғри келадиган кунлар ҳам ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунларига киради. Бинобарин, барча ходимлар ҳақиқатда ишлаган кунлар сонини ҳисоблашда иш ҳақи сақланмайдиган таътил инобатга олинмайди.
Учинчидан, бир ойда ходимларнинг ишлаган кунларини ҳисоблаб чиқаришда қуйидагиларнинг ишлаган кунлари ҳисобга олинмайди:
ихтисослаштирилган цехлар, участкалар ва корхоналарда ишловчи ногиронларнинг иш кунлари (улар бўйича ЯИТ пасайтирилган ставкаларда ҳисоблаб чиқарилади);
касаначиларнинг иш кунлари (ЯИТ бўйича имтиёз муддати тугагунга қадар);
фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларга мувофиқ ишлар бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) якка тартибдаги тадбиркорларнинг иш кунлари.
МИСОЛ. «Гамма» МЧЖ ходимларининг сони – 16 киши. Корхонада 6 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Май ойида 25 иш куни бор. Бунда май ойида 4 нафар ходим иш ойида тўлиқ – 25 иш куни ишлаган, 12 киши 15 иш кунида йиллик меҳнат таътилида, қолган 10 кунда иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган.
Барча ходимлар ҳақиқатда 280 кун (4 х 25 + 12 х 15) ишлаганлар.
Айрим ходимлар иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган кунлар (12 х 10 = 120) ҳисобга киритилмайди.
Маълумотнома-ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори ҳисоб-китобида (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисоб-китобига 3-илова) 010-сатрда бир ойда тўлиқ ишлаган, шунингдек мисолга кўра йиллик меҳнат таътилида бўлган 16 кишини (4 + 12) акс эттириш лозим. 020-сатрда ҳақиқатда ишланган кунлар сонини – 280 кунни акс эттирамиз.
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.