Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 34 / Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига!

Экспортни ривожлантиришда бозор имкониятлари

 

Кўпгина мамлакатлар Япония, «Осиё йўлбарслари» (Жанубий Корея, Гонконг, Сингапур ва Тайвань) ҳамда Хитой тажрибасини такрорлашга уринмоқдалар. Хитойликларнинг мисоли айниқса зўр таассурот қолдирди. У қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишга йўналтирилган тармоқларни иқтисодий жиҳатдан жўшқин ривожлантириш асосида ижтимоий-иқтисодий ўсиш концепциясини муваффақиятли амалга ошира олган сўнгги мамлакат бўлди.

Замонавий тамойиллардан ортда қолмаслик учун жаҳон бозорларига чиқиш, экспорт салоҳиятини ошириш, халқаро меҳнат тақсимоти бозорида ўз ўрнини топиш зарур.

Ўзбекистон ҳам худди шу мақсадни кўзламоқда. Республикамизни жаҳон савдосига фаол жалб этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўз товарлари билан хорижий бозорларга чиқиши мавзуси ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмаган. У республика ёки минтақа миқёсидаги мажлислар ва йиғилишларнинг иқтисодий кун тартибида у ёки бу даражада доим кўтарилган.

 

Ҳуқуқий жиҳат

Меъёрий ҳужжатларда ўз аксини топган ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатган давлат раҳбари ва ҳукуматнинг қарорларига қараб Ўзбекистон мустақилликка эришган даврдан буён ушбу йўналишда қандай ишлар қилинганига баҳо бериш мумкин.

Қанчалик ажабланарли кўринмасин, сўзимизни давлат раҳбарининг 1997 йил октябрида чиқарилган «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги «тақиқловчи» Фармонидан (ПФ-1871-сон) бошлаш мумкин. Ушбу қарор билан бир қатор ўзига хос товарлардан (қурол-яроғ, қимматбаҳо металлар, радиоактив моддалар ва ҳ.к.) ташқари, экспортни лицензиялаш бекор қилинди. Шунингдек бир гуруҳ товарларни: ғалла ва уй ҳайвонларидан тортиб рангли металлар парчалари ва чиқиндиларигача олиб чиқиш тақиқланди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозорни оммавий талабга эга маҳсулотлар билан тўйинтириш масаласи қанчалик муҳим бўлганини эсласак, ўринли тақиқ қўйилганига ишонч ҳосил қиламиз. Бироқ мазкур ҳолатда тақиқнинг бошқа жиҳати қизиқарлидир. Агар олиб чиқилиши тақиқланган товарларнинг бутун рўйхатига назар ташласак, хом ашё ҳақида сўз борганини сезиш мушкул эмас. Уни хорижга сотиш муаммо эмас, унга доим талаб бор.

Табиий захиралар конларига бой бўлиб, уларнинг экспорти эвазига гуллаб-яшнаётган мамлакатлар ахборот ва юксак технологиялар даврида минерал захираларнинг жаҳон нархларига тобе бўлиб қолдилар. Сўнгги 2 йилда хом ашё гуруҳидаги товарлар нархларининг анча пасайиши 80–90%гача валюта тушуми хом ашё экспортидан тушадиган мамлакатлар иқтисодиётига жуда катта зарба бўлди. Австралия, Канада, Норвегия, Чили жаҳондаги энг йирик хом ашё экспортчилари ҳисобланадилар. Бироқ улар миллий иқтисодиётлари диверсификацияланиши чорасини кўрганликлари боис товар бозорларидаги нархлар ўзгаришига дош бермоқдалар.

Республикамизнинг иқтисодий сиёсати ва ташқи савдо соҳасида нималарга урғу беришига назар солсак, Ўзбекистон ҳам иқтисодий «ландшафт» хилма-хиллиги ва хом ашё экспортига тобеликни камайтириш йўлида ишонч билан кетаётганлигига гувоҳ бўламиз.

Экспортчилар учун назарда тутилган имтиёз ва преференциялар мамлакатимизда хом ашё товарлари – пахта толаси, нефть, нефть маҳсулотлари, газ конденсати, табиий газ, электр энергияси, металларни экспорт қилувчи савдо-воситачилик ташкилотлари ва ишлаб чиқариш корхоналарига татбиқ этилмайди. Айни пайтда ўзи ишлаб чиқарган маҳсулоти билан хорижий бозорларга чиқиш ниятини билдирган корхоналар учун кенг йўл очилган. Улар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга қодир бўлган бизнес муҳитига муайян таъсир кўрсатувчи турли фаолият соҳаларида энг қулай режимлар изчил шакллантирилмоқда.

2000 йил июнида мамлакатимиз Президенти мулкчиликнинг барча шаклидаги экспорт қилувчи корхоналарни ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг эркин алмаштириладиган валютадаги экспортидан олинган даромад солиғини тўлашдан тўлиқ озод этувчи Фармонни1 имзолади. Ушбу чора кичик корхоналар – ягона солиқ тўловини тўловчиларга ҳам татбиқ этилди. Кейинчалик (2004 йилдан бошлаб) экспорт қилувчи корхоналар учун реализациянинг умумий ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган товарларнинг ЭАВдаги экспорти улушига қараб фойда солиғини тўлаш тартиби белгиланди: экспорт улуши 15%дан 30%гача бўлса, даромад солиғининг белгиланган ставкалари 30%га, экспорт улуши 30% ва ундан ортиқ бўлса – 2 баравар пасайтирилди.

Ҳукуматнинг 2005 йил 9 августдаги қарорига2 биноан ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни экспорт қилувчи, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларини реклама қилиш, улар учун консигнация шартларида товарлар етказиб бериш мақсадида хорижда савдо уйлари ва ваколатхоналарини очиш имкониятига эга бўлдилар.

2011 йил августида эса Президентнинг қарори3 билан товарларни экспорт қилишда тўланадиган божхона расмийлаштируви учун йиғимларнинг ставкалари ўрта ҳисобда камида 2 баравар пасайтирилди. Ушбу ҳужжат билан хориждан валюта тушуми келиб тушишини кечиктираётган экспорт қилувчи корхоналарга жарима санкциялари енгиллаштирилиши назарда тутилди.

Ўша пайтда давлат раҳбарининг микрофирмалар ва кичик корхоналарни ўзи ишлаб чиқарган товарларни экспорт қилишдан тушган валюта тушумини мажбурий сотишдан озод қилувчи Фармони4 эълон қилинди.

2012 йил март ойида экспорт қилувчи корхоналар Президентдан ҚҚС, акциз, даромад ва мол-мулк солиқлари бўйича имтиёзларни ўз ичига олувчи солиқ тўловлари бўйича преференциялар пакетини5 олдилар.

Ўша йилнинг 1 августидан товарларни экспорт қилиш шартлари мақбуллаштирилди6:

экспорт-импорт контрактлари 8 иш соати ичида ваколатли банкларда ҳисобга қўйилади;

юкларни божхонада расмийлаштириш ва товар келиб чиқиши ҳақида сертификат бериш 3 иш кунида амалга оширилади;

экспорт қилинаётган товар келиб чиқиши ҳақидаги сертификат товарнинг контрактдаги бутун ҳажмига берилади.

2013 йил август ойида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари товарлар ва хизматларни олдиндан ҳақини тўламасдан, аккредитив очмасдан ёки экспорт шартномасининг суғуртаси бўйича полис мавжуд бўлганида 180 кун мобайнида маблағ келиб тушиши ёки орқага қайтариш муддати кафолатисиз хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар7.

 

«Шерплар»*

Табиийки, кичик корхоналарнинг ташқи бозорларга чиқишига янада кўп имконият берган ташаббусларнинг бутун рўйхати тилга олинмади. Бироқ шуни қайд этиш ўринлики, кичик бизнесни хорижий истеъмолчилар учун маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга рағбатлантирувчи чора-тадбирлардан ташқари, мамлакатимизда турли идоралар ва янги тузилмалар негизида экспорт қилувчилар учун консалтинг хизматлари инфратузилмаси ҳам яратилди. У тадбиркорларга кўр-кўрона, синов ва хато қилиш йўли билан фаолият юритиш ўрнига муайян мамлакатда бизнес юритиш хусусиятлари ва қоидалари ҳақида ахборотга эга бўлиш, маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотига қизиқиш билдирувчи хорижий ҳамкорларни топиш имконини берди.

Масалан, ҳукуматнинг қарори8 билан 5 йил аввал «Ўзстандарт» агентлигининг Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси ташкил этилди. У, хусусан, экспорт қилувчиларга маҳсулот стандартлари, сертификатлаштирилиши, ёрлиқланиши, қадоқланиши ва бошқа параметрлари бўйича халқаро ва мамлакатлараро талаблар юзасидан бепул маслаҳат хизматлари кўрсатиши шарт. Маҳаллий маҳсулотларни хорижий бозорларга олиб чиқиш бўйича мавжуд муаммоларни ўрганиш ва таҳлил қилиш ҳамда уларнинг ечимига доир таклифларни тақдим этиши лозим. Экспорт қилувчилардан келиб тушаётган саволларни ўрганиши ва уларга зарур ахборотни тақдим этиши керак.

Уч йил аввал ТИФ Миллий банки кичик бизнес учун «шерп» этиб тайинланди, унинг ҳузурида ихтисослаштирилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган эди7.

Жамғарма ташқи бозорларда маркетинг тадқиқоти ўтказиш, талабнинг жорий ва истиқболдаги конъюнктурасини ўрганиш, кичик бизнес субъектлари экспорт учун ишлаб чиқараётган маҳсулот ассортименти ва номенклатурасини таҳлил қилишдан ташқари унинг учун бўлғуси истеъмолчиларни ҳам топишига тўғри келмоқда. Жамғарма кичик бизнеснинг маҳсулотини ташқи бозорларга олиб чиқишида юридик, молиявий ва ташкилий хизматларни ҳам кўрсатмоқда. Хорижий ҳамкорлар билан контрактларни тайёрлаш ва тузишда иштирок этмоқда. Экспорт операцияларини кузатмоқда, экспорт қилувчиларни эҳтимолий таваккалчиликлардан ҳимоялаш мажбуриятини зиммасига олган, шунингдек хорижий мамлакатлар қонунчилигига кўра талаб этиладиган лицензиялар, сертификатлар ва бошқа рухсатномаларни олишда кўмак бермоқда.

Банк ўз Жамғармаси муваффақиятли фаолият кўрсатишидан манфаатдор, чунки ўтган йиллар давомида экспорт қилувчилар учун кредит линияларини очиш асносида ушбу бизнесни юритишга киришди.

 

Замин мавжуд

Хўжалик юритувчи кичик корхоналар ҳақида бу қадар қайғуришдан мақсад нима? Нима учун давлат ушбу жараённи қўллаб-қувватлашга киришиб, реал қарорлари билан буни намойиш этмоқда?

Чунки мамлакатимиз мустақил ривожининг чорак асри давомида давлатнинг ҳар томонлама кўмаги билан маҳаллий кичик бизнес соҳаси сифат жиҳатидан салмоқли ўзгариб, миллий иқтисодиёт «вагонидан» унинг «локомотивига» айланишига бир баҳя қолди.

Навоийдаги йиллик айланмаси 2 млрд сўмдан ошадиган, бунинг устига у ҳар йили 250–300 млн сўмга кўпаяётган «Триумф Горняк» МЧЖ фаолияти тўрт нафар мактабдошнинг ташаббуси туфайли гуллаб-яшнамоқда. 1999 йилда улар тадбиркорлик соҳасида ўзларини синаб кўришга қарор қилдилар. Кўпчилик сингари ўшанда ишни чакана савдодан бошладилар. Сўнгра унга улгуржи савдо ва умумий овқатланиш соҳаси қўшилди. 2000 йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб корхона қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ўзлаштира бошлади. Иш юришиб кетди. Бугунги кунда корхонага 70% тушум Қозоғистон ва Туркманистонга экспорт қилинаётган қурилиш материалларини ишлаб чиқаришдан келиб тушмоқда. ТИФ МБ вилоят бўлинмасидан 3 йилга 350 млн сўм кредит олиб, корхона ускуналар харид қилди, трикотаж буюмлар ишлаб чиқарувчи цех очди, ҳозирда уларни сотиш учун хорижий бозорларни изламоқда.

Мамлакатимиздаги минглаб кичик бизнес субъектлари ана шундай ривожланиш йўлини босиб ўтганлар.

Барчага маълум Инқирозга қарши дастур республикамизда кичик бизнес оёққа туришига катта таъсир кўрсатди. У маҳаллий тармоқ гигантларининг жаҳон молиявий инқирозини бошдан кечиришларига имкон берган бўлса, кичик бизнес субъектлари учун янги йўналишларни очиб берди. Бунга биринчи навбатда оммавий талабгир озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун солиқ преференциялари берилиши, унинг тузилмаларида кичик бизнес соҳасида ишлаётган ходимлар сонининг 100 кишигача оширилиши замин яратди. Бу эса ўрта корхоналарнинг кичик корхоналар сирасига ўтиб, уларга тақдим этилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишларига имкон берди. Тегишинча, фаолият юритаётган кичик бизнес корхоналарида қўшимча меҳнат ресурсларини жалб этиш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш имкони туғилди. Ўша пайтда яратилган замин келгусида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини ишлаб чиқаришда кичик бизнеснинг салмоғи анча ошишига олиб келган бўлса ажаб эмас. У ЯИМнинг 56,7%ига етган айни паллада кичик бизнеснинг ташқи савдодаги аҳамияти ҳам ошиши керак.

 

Маслаҳатчидан етакчига айланди

Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳақидаги анъанавий йиллик ҳисоботларда экспорт бир-икки сатрда тилга олинар, минтақадан хорижий истеъмолчиларга ­1,1–1,3 млрд АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот жўнатилганлиги қайд этилар эди. Бунда Навоийнинг қайси товарлари ва хизматлари хорижда талабгир эканлиги ҳақида ҳеч нима дейилмас эди. Бунга ҳожат ҳам бўлмаган. Булар пахта ва минтақадаги йирик корхоналар – НКМК, «Навоийазот» АЖ, «Қизилқумцемент» АЖнинг маҳсулотлари эканлиги ҳаммага маълум эди.

Инқирозга қарши дастур ўз маҳсулини бериши билан вазият ўзгара бошлади. Минтақанинг ҳар жойида гўшт-сут ва мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, кийим-кечак тикувчи, трикотаж буюмлар ва пойабзал ишлаб чиқарувчи корхоналар, мебель ва қандолат цехлари, иссиқхоналар очилди. Бироқ пахта хом ашёсини қайта ишловчи корхоналар ташкил этилиши билан сезиларли ўзгаришлар юз берди, сабаби улар аввал-бошдан хорижий бозорлар учун йўналтирилган эди. Эндиликда нафақат пахта толаси, балки қўшилган қийматга эга маҳсулот – калава, ип, газламалар ҳам экспорт қилинмоқда.

Шу ўринда минтақа кичик бизнеси ички бозорни афзал кўриши, ташқи бозорга чиқишга унча интилмаслигини тан олиш керак. Ҳозирча ташаббускорлар ўз маҳсулотини хорижга олиб чиқишга уринмоқда. Баъзи рақамлар шундан далолат беради. Қарийб 100 та кичик корхона хорижий ҳамкорлар билан битта бўлса ҳам битим тузган. Бироқ ишлаб чиқариш соҳасида банд бўлган 560 кичик корхонанинг атиги 33 таси сотиш тизимини хорижда йўлга қўйишга қатъий ният қилган.

Экспорт операцияларининг натижалари ҳам камтарона тусда. Йилнинг I ярмида вилоят кичик бизнес субъектлари хорижий ҳамкорларга қарийб 10 млн АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни реализация қилганлар. Бунда ҳам пахта толасини қайта ишловчиларнинг ҳиссаси катта. «Бахт Текстиль» МЧЖ 3,1 млн АҚШ доллари, «Брайт Навоий Текстиль» МЧЖ 3,2 млн АҚШ доллари, «Навбаҳор Текстиль» МЧЖ 1,7 млн АҚШ доллари ишлаб топди.

Айни пайтда экспортга ишлаш жуда жозибали ва фойдали машғулот бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи мисоллар ҳам бор. Ўтган йили «Навоий Эсперанто» МЧЖ хорижга 330 минг АҚШ доллари миқдорида сўндирилган оҳакни сотди. Бу йил Нуротадаги «Agro-Yog» МЧЖ 1,1 млн АҚШ доллари миқдоридаги мева-сабзавот маҳсулотларини Озарбайжонга етказиб бериш ҳақида битим тузди. Афсуски, бундай битимларни ҳозирча кўп деб бўлмайди.

Гап нимада, минтақанинг экспорт салоҳияти нега бу қадар секин очилмоқда? Жамғарманинг Навоийдаги бўлинмаси директори Равшан Маҳмудовнинг фикрига кўра, бунда руҳий жиҳат асосий ғов бўлмоқда.

– Бизда ҳамма нарса ўзимизники, истеъмолчингиз, ҳамкорларингиз ва рақобатчиларингиз кимлиги тушунарли, маълум. Ўзингизни қандай тутишингиз лозимлигини биласиз, муваффақиятли бизнес моделини йўлга қўйиб олгансиз, хорижга чиқиш дегани эса номаълум соҳага бош суққанга ўхшайди. У ерда рақобат даражаси буткул бошқача, бир қатор миллий қоида ва талаблар мавжуд, уларни англаб етиш керак. Сертификатлар, лицензиялар олиш, бунинг учун катта харажат қилишга тўғри келади. Бундай бош оғриғи нимага керак? Кўплаб тадбиркорларимиз тахминан шундай фикр юритадилар. Шу сабабли ҳозирча уларга етакчи зарур, ташқи бозорларда ишлаш – тадбиркорликнинг юксак нуқтаси, бизнесдан бошқа нарса эмаслигини намойиш этувчи муваффақиятли мисолларни кўпроқ кўрсатиш керак, – дея кузатишлари ва тажрибаси билан ўртоқлашади Р.Маҳмудов.

ТИФ МБ ўз маҳсулоти билан ташқи бозорларга чиқишга тайёр кичик бизнес субъектлари етакчисига айлангани ажабланарли эмас. Банкларнинг ташқи иқтисодий фаолиятда иштирок этиши ва маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини хориж бозорларига фаол олиб чиқиши амалиёти бой тарихга эга. Жуда кенг тарқалган амалиётлардан бири – ихтисослаштирилган экспорт-импорт банклари орқали ишлаш. Уларнинг барчаси биргина чизма бўйича ишлайди. Мисол учун, Хитойдаги Эксимбанкни олайлик. У хорижий корхонага кредит беради. Ушбу битимнинг асосий шарти – корхона қарз маблағлари эвазига ўзига керакли асбоб-ускуналар, техникани Хитой фирмаларидан сотиб олишга мажбурлигида.

Шу тариқа, давлат ва бизнес манфаатлари табиий йўл билан бирлашади. Давлат маҳаллий товар ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш ва унинг маҳсулотини ташқи бозорларга олиб чиқиш сиёсатини амалга оширади, банк кредитлар бўйича фоизлар воситасида фойда олади.

ТИФ МБ Эксимбанк ролида чиқмоқчи эмас. Бироқ кичик бизнес маҳсулотини ташқи бозорларга олиб чиқиш орқали ушбу фаолиятга тижорат тусини берди. Эндиликда ушбу йўналиш кредит муассасасининг яна бир бизнесига айланди. Йўқ, у аввалгидек кичик бизнес учун ҳам маслаҳатчи, ҳам маркетолог, ҳам тадбиркорларнинг халқаро ярмарка ва кўргазмаларга сафарларини уюштирувчи туроператор ҳисобланади.

Бироқ Жамғарма экспорт қилувчи корхоналар учун кредит портфелини тасарруф эта бошлаши билан банк жараёнга бошчилик қилиш, уни тартибга солиш ва бошқариш имконини қўлга киритди. Бунинг учун алоҳида банк маҳсулотини яратишга – қарз олувчилар учун жозибали шартларда махсус равишда экспорт қилувчи корхоналар учун кредит линиясини очишга тўғри келди. Бу йил улар учун кредит портфели 18,5 млрд сўмни жалб этди. 79 корхонадан кредит олишга буюртманомалар келиб тушди. Йил ўртасига келиб 14,6 млрд сўм қарз маблағлари берилди.

Фақат ишлаб чиқаришни ташкил этиш, фаолият юритаётган қувватларни реконструкция ва модернизация қилиш, янги асбоб-ускуналарни харид қилишга кредитлар берилмоқда. МБнинг қайта молиялаш ставкасидаги кредитлар 7 йиллик муддатга, қарз олувчи фақат фоизларни тўлайдиган 3 йиллик имтиёзли давр билан берилмоқда. Қарз олувчи кредит олганидан кейин биринчи йили 6 ой ёки бутун йил давомида фоизларни тўламаслиги имкони ҳам мавжуд.

Бу йил мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчи корхоналаргагина кредит берилмоқда. Бунда ўз хом ашё базасини шакллантиришдан ташқари томорқа маҳсулотларини қайта ишлаш бўлинмаларини фаол ривожлантираётган хўжалик юритувчилар маъқул топилмоқда. Банк мутахассисларининг фикрича, бугунги кунда экспорт қилувчи корхоналар учун ушбу йўналиш энг истиқболли ва фойдалидир. Улар ўз прогнозларида адашмадилар. Июль ойининг ўрталарида Тошкентда бўлиб ўтган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг якунларига кўра, 2 млрд АҚШ долларидан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланди, узум эса бир тоннаси учун 2 400 АҚШ долларигача бўлган нархдаги энг қимматбаҳо маҳсулотга айланди.

 

Солиштириш учун. Ўтган йилнинг октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган XI Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасида 700 минг тонна пахта етказиб берилиши ва 800 млн АҚШ долларидан ортиқ маҳаллий тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилиниши учун контрактлар имзоланган эди. Шундай экан, бугунги кунда мева-сабзавот – экспорт қилувчи кичик корхоналар учун узоқ йиллар давомида жуда истиқболли йўналиш бўлиб қола олади.

 

Амир МАҲМУДОВ,

мухбиримиз.

Навоий шаҳри.

 


*Шерплар – Шарқий Непалдаги баланд тоғли туманларда, шунингдек Ҳиндистоннинг улар билан қўшни туманларида яшовчи халқ. Мазкур халқ вакиллари тоғдаги йўналишларни босиб ўтиш маҳоратлари билан ном чиқарган бўлиб, шу боис кўпинча европалик альпинистларнинг йўлбошловчилари бўладилар. Дипломатлар музокаралар учун замин тайёрловчи мутахассис деганда шу сўзни ишлатадилар. Бирмунча илгарилаб юрувчи ўзига хос йўлбошловчи деган маънони англатади.

 

1«Экспорт маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» (5.06.2000 йилдаги ПФ-2613-сон).

2ВМнинг «Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан хорижий мамлакатлардаги улар ташкил этган савдо уйлари, ваколатхоналар, корхоналар орқали, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг хорижий мамлакатлардаги савдо-инвестиция уйлари орқали олиб чиқилаётган товарларни божхонада расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (9.08.2005 йилдаги 189-сон).

3«Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» (25.08.2011 йилдаги ПҚ-1604-сон).

4«Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» (24.08.2011 йилдаги ПФ-4354-сон).

5Президентнинг «Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (26.03.2012 йилдаги ПҚ-1731-сон) илова.

6Президентнинг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон) 1-илова.

7Президентнинг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (8.08.2013 йилдаги ПҚ-2022-сон).

8ВМнинг «Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (28.04.2011 йилдаги 122-сон).

 

Прочитано: 2578 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика