2008 йилда туман ҳокими жисмоний шахс эгалик қилиши учун ер участкасини тақсимлаш ҳақида қарор қабул қилди. Мазкур қарор ушбу участкада уй-жой қуриш учун берилган эди. Жисмоний шахс 2016 йилда ерга эгалик қилишга расман ордер олди. Туман солиқ органидагилар мазкур жисмоний шахс ер солиғини ерга ордер расман олинган 2016 йилдан эмас, балки 2008 йилдан тўлаши шарт деб ҳисоблайдилар. Солиқ инспекциясининг базасида ерга эгалик қилиш даври 2016 йилдан деб кўрсатилган, солиқ инспекцияси инспектори эса 2008 йилдан ер солиғини ҳисоблаб берди.
Жисмоний шахс қайси пайтдан ер солиғини тўлаши керак: ҳоким ер участкасини тақсимлаш ҳақида қарор қабул қилган кунданми ёки ер участкаси ордерга кўра жисмоний шахсга расман бириктирилган санаданми?
Л.Булатова,
бош бухгалтер.
– Ер кодексининг 23-моддасига мувофиқ, ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилади. Ер участкаларини ажратиб бериш Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади. Сизнинг ҳолатда туман ҳокимининг қарорига асосан ер ажратиб берилган.
Солиқ кодексининг 294-моддасига мувофиқ, йил мобайнида ажратилган ер участкалари учун ер солиғи жисмоний шахслар томонидан ер участкаси ажратилганидан кейинги ойдан эътиборан тўланади.
Белгиланган тартибда берилган ер участкалари учун ер солиғи ер участкасидан фойдаланиш фактидан қатъи назар, жисмоний шахслар томонидан тўланади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 7.01.2014 йилдаги 1-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш учун берилган ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқининг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда белгиланганидек, жисмоний шахслар тегишли давлат ҳокимияти органларининг қарори бўйича ер участкаси олинган кундан эътиборан бир ой мобайнида ер участкасининг ўрнашган жойи бўйича давлат рўйхатидан ўтказувчи органга ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза беришлари лозим.
Шу тариқа, сизда ер солиғини тўлаш мажбурияти давлат рўйхатидан ўтган ва ордер олинган пайтдан бошлаб эмас, балки туман ҳокимининг қарорига асосан ер участкаси ажратиб берилган пайтдан бошлаб юзага келади. Даъво қилиш муддатини эътиборга олган ҳолда солиқ органлари фақат сўнгги 5 йил учун ер солиғини тўлашни талаб этишга ҳақлилар (Солиқ кодексининг 38-моддаси).
Неля ВАЛИНИНА,
«Norma Online» эксперти.