Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 31 / Амалий бухгалтерия

Ишлаб чиқаришдаги брак: тузатамизми ёки ҳисобдан чиқарамизми

 

Бизнинг МЧЖ пайпоқ буюмларни ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади. ЯСТ тўловчиси ҳисобланамиз. Ишлаб чиқариш жараёнида чиқиндилар ҳосил бўлади: тўқув аппаратларида ишлаганда – чала тўқилган пайпоқ кўринишида техник брак, узилган ип ўрамлари; кеттель машиналарида – кеттеллаш чоғида ҳар жуфт пайпоқдан тахминан 2 г тўқилган ҳалқа кўринишидаги чиқиндилар; брак қилинган пайпоқлар чиқади.

Чиқиндилар ҳисобини қандай қилиб тўғри ташкил этиш мумкин? Уларнинг қайси бири қайтариладиган чиқиндилар ҳисобланади, уларни қайси нархда омборга кирим қилиш керак (1090)?

А.Бобожонов,

МЧЖ бухгалтери.

 

Қайтариладиган чиқиндиларнинг таърифи ва уларни баҳолаш

1. Қайтариладиган чиқиндилар деганда хом ашё (материаллар), ярим тайёр маҳсулотлар, иссиқлик берувчи ва бошқа турдаги моддий ресурсларнинг товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган, бошланғич ресурсларнинг истеъмолбоплик хусусиятларини ­(кимёвий ёки физик хоссаларини) қисман йўқотган ва шу туфайли харажатлар ошиб кетган (маҳсулот чиқиши камайиб кетган) ҳолда фойдаланиладиган ёки белгиланган мақсади бўйича фойдаланилмайдиган қолдиқлари тушунилади (Солиқ кодексининг 142-моддаси).

Ишлаб чиқаришнинг технологик жараёни хусусиятларидан келиб чиқиб қайтариладиган чиқиндилар ёки ҳисобдан чиқариладиган чиқиндилар ҳосил бўлиши мумкин. Уларни чиқиндиларнинг қайси турига киритиш мумкинлигини ишлаб чиқарувчи мустақил равишда белгилайди. Сизнинг ҳолатда ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган чиқиндилардан кейинчалик асосий ёки ёрдамчи ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиш ёхуд четга реализация қилиш мумкин бўлса, уларни қайтариладиган чиқиндилар деб ҳисоблаш мумкин.

 

2. Қайтариладиган чиқиндиларни қуйидагича баҳолаш мумкин:

1) агар бу чиқиндилардан асосий ёки ёрдамчи ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкин бўлса-ю, лекин бунда харажатлар ошиб кетса (тайёр маҳсулот чиқиши камайиб кетса), бошланғич моддий ресурснинг пасайтирилган нархида;

2) агар бу чиқиндилар четга реализация қилинса, реализация қилиш нархида.

Қайтариладиган чиқиндилар қиймати маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган моддий харажатлардан чегирилади (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1.1.11-банди).

Қайтариладиган чиқиндилар кирими 1090-«Бошқа материаллар» ҳисобварағида 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» ҳисобварағи билан корреспонденцияда акс эттирилади.

Агар маҳсулот ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнида юқоридаги чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши назарда тутилса ва ушбу чиқиндилардан физик хоссалари туфайли кейинчалик асосий ёки ёрдамчи ишлаб чиқаришда фойдаланиб ёки реализация қилиб бўлмаса, бундай чиқиндилар қиймати маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархига ҳисобдан чиқарилади.

 

Брак ҳисоби

Ишлаб чиқариш жараёнида брак ҳосил бўлиши ҳам мумкин. Технологик шартларни бузган ҳолда ­тайёрланган, белгиланган стандартлар талабларига ёки техник шартларга жавоб бермайдиган ва нуқсонлари туфайли бевосита мақсадига кўра фойдаланиб бўлмайдиган маҳсулот брак деб ҳисобланади. Брак қисман ва тўлиқ бўлиши мумкин. Қисман бракда маҳсулотга қўшимча ишлов берилгандан (тузатилгандан) кейин бевосита мақсадига кўра фойдаланиш мумкин бўлади. Унга қўшимча ишлов бериш мақсадга мувофиқ бўлмаганда бундай брак тўлиқ (тузатиб бўлмайдиган) деб ҳисобланади.

Қисман (тузатиладиган) брак ҳисоби 2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар» ҳисобварағида юритилади. Уни тузатишга сарфланган материаллар қиймати 2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар» ҳисобварағи дебетига киритилади.

Кейинчалик асосий ёки ёрдамчи ишлаб чиқаришда фойдаланилиши ёхуд реализация қилиниши мумкин бўлган тўлиқ (тузатиб бўлмайдиган) брак 1090-«Бошқа материаллар» ҳисобварағига, акс ҳолда – маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархига ҳисобдан чиқарилади.

Сизнинг ҳолатда – агар ишлаб чиқаришда ҳосил бўлган брак пайпоқларга қўшимча ишлов берилиши (тузатилиши) ва қўшимча ишлов берилгандан кейин бевосита мақсадига кўра фойдаланилиши мумкин бўлса, уларни 2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар» ҳисобварағида ҳисобга олиш зарур. Агар брак пайпоқларга қўшимча ишлов бериш мақсадга мувофиқ бўлмаса, уларнинг қиймати эҳтимолий фойдаланиш нархида 1090-«Бошқа материаллар» ҳисобварағига ҳисобдан чиқарилади.

 

Ҳисобда акс эттириш

Ишлаб чиқаришдаги қайтариладиган чиқиндилар ва брак билан боғлиқ операциялар бухгалтерия ҳисобида қуйидаги тартибда акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Қайтариладиган чиқиндилар кирим қилинди (эҳтимолий фойдаланиш нархида ёки реализация қилиш нархида)

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

Қайтариладиган чиқиндилар ишлаб чиқаришга ҳисобдан чиқарилди (эҳтимолий фойдаланиш нархида)

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»

1090-«Бошқа материаллар»

 

Қайтариладиган чиқиндилар реализация қилинди (реализация қилиш нархида)

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар»

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

Қайтариладиган чиқиндиларнинг қиймати ҳисобдан чиқарилди (реализация қилиш нархида)

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

Тузатиб бўлмайдиган бракдан йўқотишлар ҳисобдан чиқарилди (ҳисобдан чиқарилган материаллар нархида)

 

2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар»

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»

Бракни тузатиш бўйича материаллар сарфи акс эттирилди

 

2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар»

 

1010–1090-«Материаллар»

 

Узил-кесил брак ҳисобдан чиқарилди (эҳтимолий фойдаланиш нархида)

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар»

 

Бракдан йўқотишлар маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархига киритилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»

2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар»

 

 

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2198 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика