Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 31 / Шахсий манфаат

Объект мақомидан келиб чиқасиз

 

2016 йил май ойида солиқ инспекциясидан даромад солиғи бўйича қарзимни дарҳол узишим кераклиги ҳақида билдиришнома келди. Солиқ идорасидагилар кетма-кет келадиган 12 ой ичида 2 та кўчмас мулк объекти сотилганда солиқ ундирилишини айтдилар. 2015 йил февраль ойида дала ҳовлидаги участкани, ўша йил июнь ойида эса квартирани сотганман. Бунда дала ҳовлидаги участкада яшаш учун мўлжалланган ҳеч қандай иморат мавжуд эмас. Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-бандида 12 ойлик давр ичида 2 та уй-жой реализация қилиниши ҳақида сўз борган. Дала ҳовлидаги участкамизда уй-жой, чироқ, газ, сув, сув ҳовузи ва ҳаммом бўлмаган. У 600 м2 майдонни эгаллаган деярли бўш ер бўлган. Ерда фақат 10 йил олдин уй қуришни мўлжаллаб қазилган фундамент (фундамент ҳам ёпилмаган – четларига бетон қуйилган чуқур) ва 2 х 7 метрлик ёғоч сарой қурилган. Дала ҳовлининг давлат нархи бўлмагани ёки биринчи бўлиб сотилгани учун квартирани сотиш нархи билан унинг инвентаризация қиймати ўртасидаги фарқдан 8,5%лик ставкада солиқ ундирдилар.

Бетонланган чуқур ва ёғоч саройга эга бўлган ер участкаси Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-бандида сўз юритилган уй-жойга кирадими? Агар кирмаса, ушбу объектни қандай тавсифлаш мумкин?

Квартира дала ҳовлидан кейин сотилгани ва фақат у уй-жой деб ҳисобланиши жисмоний шахсларнинг даромадларига солиқ солишда инобатга олинадими?

Ю.Шихалеев,

ўқитувчи.

 

ИҚТИСОДЧИНИНГ ФИКРИ

 

– Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-бандида белгиланганидек, кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида бир мартадан ортиқ бўлмаган битим тузилган тақдирда, жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойни сотишдан олинадиган даромадларга солиқ солинмайди. Яъни кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида 2 та уй-жой сотилганда ҳам биринчи, ҳам иккинчи уйни сотишдан даромадларга солиқ солинади.

Агар жисмоний шахс ўзига тегишли нотурар жойни сотса, уни сотишдан даромадларга ҳам солиқ солинади.

Жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бошқа мол-мулкни (қимматли қоғозлар ва устав фондидаги улушлар бундан мустасно) сотишдан олинадиган даромадларга солиқ солинмайди.

Реализация қилиш нархи билан олиш қиймати ўртасидаги фарқ, олиш қиймати ҳақида маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда эса – реализация қилиш нархи ҳамда инвентаризация қиймати ўртасидаги фарқ мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромад деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 176-моддаси 4-банди). Даромадларнинг мазкур тоифасига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг белгиланган энг кам ставкасида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси). 2015 йилда у 8,5%га тенг бўлган.

Шу тариқа, сизнинг ҳолатда сиз реализация қилган мол-мулкка солиқ солиш тартиби ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасида дала ҳовлидаги иморат қандай расмийлаштирилганлигига боғлиқ.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 7.01.2014 йилдаги 1-сон қарорига ­1-илова) 36-бандига мувофиқ, муайян жисмоний шахснинг алоҳида ер участкасида жойлашган, алоҳида кадастр рақамига эга бўлган бино ва иншоотларга, жумладан улар ёнидаги ёрдамчи-хўжалик иморатларига бўлган ҳуқуқи рўйхатдан ўтказиш объекти ҳисобланади. Турли ёрдамчи-хўжалик иморатларига бўлган ҳуқуқлар асосий бино ёки иншоотдан алоҳида тарзда давлат рўйхатидан ўтказилмайди. Давлат рўйхатидан қурилиши тугалланган ва фойдаланишга белгиланган тартибда қабул қилинган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар ўтказилади (Низомнинг 38-банди). Қурилиш даврида фойдаланиш учун қурилган вақтинчалик иморатларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди (Низомнинг 39-банди). Ушбу қонун ҳужжатлари меъёрларидан келиб чиқиб, сизнинг дала ҳовлидаги участкада қилинган ишлар ҳали алоҳида бино – қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган рўйхатдан ўтказиш объекти юзага келишига олиб келмаган дея тахмин қилиш мумкин. Бинобарин, уни на уй-жой, на яшаш учун мўлжалланмаган жойга киритиб бўлмайди.

Уй-жой кодексининг 10-моддасига мувофиқ, турар жойларга уйлар, кўп квартирали уйлардаги квартиралар, бошқа иморатлардаги яшаш учун мўлжалланган хоналар ва ўзга турар жойлар киради.

Шу тариқа, агар дала ҳовлидаги иморатни турар жой ёки нотурар жой деб баҳолаб бўлмаслиги, у кадастр органларида бу тарзда рўйхатдан ўтказилмаганлиги ҳисобга олинса, сизнинг ҳолатда квартиранинг сотилиши Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-бандида назарда тутилган имтиёз таъсири остига тушади. Яъни уни сотишдан даромадларга солиқ солинмайди, чунки кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида битта турар жой сотилган.

 

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Online» эксперти.

 

ЮРИСТНИНГ НУҚТАИ НАЗАРИ

 

– Ҳақиқатан ҳам, Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-бандида назарда тутилганидек, кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида бир мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда, турар жойни сотишдан олинадиган даромадларга солиқ солинади.

Кўрсатилган бандда турар жой солиқ солиш объекти ҳисобланади, унинг тушунчаси Уй-жой кодексининг ­9-моддасида очиб берилган. Унга кўра, фуқароларнинг доимий яшашига мўлжалланган, белгиланган санитария, ёнғинга қарши, техник талабларга жавоб берадиган, шунингдек белгиланган тартибда махсус уйлар сифатида фойдаланишга мўлжалланган жойлар турар жой деб ҳисобланади. Шунингдек УКнинг 10-моддасига мувофиқ, турар жойларга уйлар, кўп квартирали уйлардаги квартиралар, бошқа иморатлардаги яшаш учун мўлжалланган хоналар ва ўзга турар жойлар киради.

Юқоридагиларни ҳисобга олсак, агар бетонланган чуқур ва ёғоч саройга эга бўлган сиз кўрсатган ер участкаси ушбу талабларга жавоб берса, уни турар жой деб ҳисоблаш мумкин.

Сизнинг ҳолатда бетонланган чуқурни (фундаментни) қурилиши тугалланмаган объект деб тавсифлаш мумкин. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 7.01.2014 йилдаги 1-сон қарорига 1-илова) 5-бандига кўра, қурилиши белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ бошланган, лекин муайян кунга келиб тугалланмаган ёки қурилиши тугалланган, лекин давлат комиссияси томонидан фойдаланишга қабул қилинмаган ва уларни қабул қилиш далолатномаси тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тасдиқланмаган бино ва иншоотлар қурилиши тугалланмаган объектлар деб ҳисобланади.

Саволингизда қайд этилган ёғоч саройни эса вақтинчалик иморат – қурилиш даврида вақтинчалик фойдаланиш учун бунёд этилган ва лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилмаган иморат деб эътироф этиш мумкин.

Шундай бўлса-да, кўчмас мулк объектингизнинг мақомини аниқ белгилаш учун битимни тузиш пайтидаги мазкур объектнинг кадастр ҳужжатларини ва унинг олди-сотди шартномасини ўрганиб чиқиш зарур.

Сўзимиз якунида яна бир бор эслатиб ўтаман: ­муайян объектни турар жой деб эътироф этиш учун у УКнинг 9-моддаси талабларига жавоб бериши шарт.

 

Жўрабек МУРОТОВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2394 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика