Корхонамизда корпоратив карточка бор. Унинг воситасида офис учун қаҳва, чой, ичимликлар, ширинлик ва бошқаларни харид қилиш мумкинми?
Р.Расулов,
бухгалтер.
– Корпоратив пластик картадан (КПК) фойдаланиш Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади. Унинг воситасида Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) назарда тутилган юридик шахснинг ишлаб чиқариш-молиявий фаолияти учун зарур товарлар, ишлар ва хизматлар ҳақини тўлаш мумкин.
Агар ходимларни сув, қаҳва ва чой билан таъминлаш нормал меҳнат шароитини яратишга кирса – бу КПКдан фойдаланиш бўйича ҳам, солиқ солиш бўйича ҳам ҳеч қандай оқибатларга олиб келмайди. Агар бу бошқа харажатлар бўлса (масалан, овқатланишга), Солиқ кодексининг 174-моддаси 13-бандига мувофиқ овқатланиш қиймати компенсация тўловларига киради, у ўз навбатида меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари ҳисобланади ва, тегишинча, КПК воситасида тўланиши мумкин эмас (1470-сон Низомнинг 11-банди).
Шуни ёдда тутиш лозимки, 1470-сон Низомнинг 1-банди «б» кичик бандига мувофиқ, корпоратив банк картасининг сақловчиси юридик шахс ва эмитент банк ўртасидаги шартнома асосида корпоратив банк картасидан фойдаланувчи юридик шахс ёки у ваколат берган шахс ҳисобланади. Бунда юридик шахс банк картаси сақловчиси сифатида фақат у билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузган ўз ходими бўлган шахсга ваколат бериши мумкин.
Елена ЕРМОХИНА, «Norma Online» эксперти.