2016 йил иккинчи чораги учун
«СБХ»нинг 19.04.2015 йилдаги 16 (1132)-сонида турли фаолият соҳаларидаги корхоналар учун жорий йилнинг I чораги учун ягона солиқ тўловини ҳисоблашга доир тавсиялар чоп этилган эди. Бугунги сонда «Norma Ekspert» мутахассислари II чорак учун ЯСТ ҳисоб-китоби ва ҳисоботни тўлдириш бўйича тавсиялар берадилар.
Ягона солиқ тўлови солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.
Ягона солиқ тўлови:
микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан – ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай;
микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган корхоналар томонидан – ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириш муддатидан кечиктирмай тўланади.
Солиқ кодексининг 360-моддаси 1, 4 ва 5-қисмлари
*ЯСТ ҳисоб-китоби бўйича тавсиялар «Norma Ekspert» мутахассисларининг эксклюзив ишланмаси саналади, у «Практическое налогообложение» («Амалий солиқ солиш»), «Практическая бухгалтерия» («Амалий бухгалтерия») ва «Малое предприятие: учет, налоги, право» («Кичик корхона: ҳисоб, солиқлар, ҳуқуқ») электрон маълумотнома тизимлари асосида тайёрланди. Уларни «Norma» gazetalari birlashgan tahririyati» МЧЖ ва «Norma Ekspert» ХКнинг ёзма рухсатномаси билангина, шу жумладан электрон ОАВларда қайта босишга рухсат берилади.
ҲИСОБОТ: ЎЗГАРТИРИШЛАР
МВ ва ДСҚнинг қарори (АВ томонидан 21.04.2016 йилда 2439-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 25.04.2016 йилдан кучга кирган) билан ЯСТ бўйича солиқ ҳисоботи шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
ЯСТ ҳисоб-китобида (янги таҳририда):
пластик карталарни қўллаган ҳолда олинган тушумдан ЯСТнинг пасайтирилган ставкаси бўйича ЯСТ ҳисоб-китоби билан 0601, 0602, 0801, 0802, 0901 ва 0902-сатрлар чиқариб ташланди. Ўзгартириш Президентнинг 3.08.2006 йилдаги ПҚ-433-сон қарори билан белгиланган имтиёзнинг 1.01.2016 йилдан бекор қилинганлиги билан боғлиқ (Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорига 36-илованинг 1-банди);
091-сатр киритилди, унда фаолият турлари бўйича ЯСТ суммасининг жами ЯСТ суммасидаги салмоғи (%) кўрсатилади;
181, 18011, 18021 ва 18031-сатрлар киритилди, уларда ЯСТнинг умумий суммасидан (умуман корхона бўйича) савдо фаолияти ва умумий овқатланиш соҳасидаги фаолиятга тўғри келадиган солиқ суммаси ажратилади. Кичик корхоналар сирасига кирмайдиган корхоналар савдо ва умумий овқатланиш бўйича ЯСТнинг умумий суммасидан (181-сатр) ҳисобот чорагидаги ҳар бир ой охирига тўғри келадиган солиқ суммасини алоҳида кўрсатадилар. Кўрсатилган сатрлар қиймати 091-сатрда белгиланган савдо ва умумий овқатланиш бўйича ЯСТ суммасининг салмоғидан келиб чиқиб аниқланади. ЯСТ бўйича бўнак тўловларини тўловчи улгуржи савдо корхоналари мазкур сатрларда солиқнинг умумий суммасини қайд этадилар;
ЯСТ ҳисоб-китобига «Солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайтирилиши» 4-иловасида (янги таҳририда):
Солиқ кодексининг 356-моддаси 3-қисмига асосан қўлланиладиган имтиёзлар суммаларининг фаолият турлари бўйича тақсимланиши тартиби аниқлаштирилган. Чунончи, илованинг 040 ва 050-сатрларида солиқ солинадиган ялпи тушумнинг қуйидагиларга:
янги технологик асбоб-ускуналар олишга, сифатни бошқариш тизимларини жорий этишга, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификатлаштиришдан ўтказишга, лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш учун комплекслар олишга;
ёш оилалар жумласидан бўлган ходимларга ипотека кредитлари бўйича бадаллар тўлашга ва (ёки) мулк қилиб уй-жой олишга текин йўналтирилган маблағлар суммасига камайтирилиши акс эттирилади.
ЯСТ ҳисоб-китобида солиқ солинадиган ялпи тушум (4-илованинг 040 ва 050-сатрлари кўрсаткичлари) ЯСТ ҳисоб-китобининг 020-сатрида кўрсатилган салмоғидан келиб чиқиб ҳар бир фаолият тури бўйича камайтирилади. Бироқ кўп тармоқли корхона ЯСТ тўлашдан озод қилинган фаолиятни амалга оширса, ЯСТ ҳисоб-китобида камайтириш (имтиёзлар) суммасини тақсимлаш мақсадида реализациянинг умумий ҳажмидан имтиёзли фаолиятдан тушумни чегириб, фаолият турлари бўйича тушумнинг салмоғини қайта ҳисоблаш лозим. Тегишинча, ЯСТ ҳисоб-китобида солиқ солинадиган база (ССБ) қайта ҳисобланган салмоқдан келиб чиқиб камайтирилади. «Битта фаолиятга имтиёз берилганда ЯСТ ҳисоби» материалига ҳам қаранг («СБХ»нинг 31.05.2016 йилдаги 22 (1138)-сони):
ЯСТ ҳисоб-китобига «Инвестицияларга (янги технологик асбоб-ускуналар олишга, сифатни бошқариш тизимларини жорий этишга, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификатлаштиришдан ўтказишга, лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш учун комплекслар олишга, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги Инвестиция дастурига киритиладиган ахборот тизимларини яратиш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дастурий таъминот воситаларини олишга) йўналтирилган маблағлар суммаси ҳисоб-китоби» 5-иловасида (янги таҳририда):
0601, 0602, 0603, 0604 ва 0605-сатрлар киритилди, уларда сўнгги 5 йил давомида ҳар бир йилда инвестицияларга йўналтирилган, қопланмаган маблағлар қолдиғи акс эттирилади.
ЭЪТИБОР УЧУН: ЯСТ БЎЙИЧА ИМТИЁЗЛАР
Жорий йилнинг II чорагида айрим солиқ тўловчилар томонидан ЯСТ бўйича имтиёзларнинг қўлланилиши тартибини ўрнатувчи ва белгиловчи бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Экспортчиларга имтиёзлар:
Президентнинг 7.04.2016 йилдаги ПҚ-2515-сон қарори билан «Ўзагроэкспорт» АЖ таркибига кирувчи ҳамда янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи корхона ва ташкилотларга ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни экспорт қилувчи корхоналар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар татбиқ этилди. Эслатиб ўтамизки, ўзи ишлаб чиқарган товарлар, ишлар, хизматлар эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилинганда корхоналар умумий сотиш ҳажмида экспортнинг қуйидаги улушига боғлиқ ҳолда ЯСТнинг пасайтирилган ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга:
экспорт улуши 15%дан 30%гача миқдорда бўлганида ставка 30%га камайтирилади;
экспорт улуши 30% ва ундан кўпроқ бўлганида 50%га камайтирилади (Президентнинг 5.06.2000 йилдаги ПФ-2613-сон Фармонининг 1-банди).
Ихтисослаштирилган «Ўзагроэкспорт» АЖ ташқи савдо компанияси таркибига кирувчи корхоналар рўйхати Президентнинг ПҚ-2515-сон қарорига 5-иловада келтирилган. Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 15.06.2016 йилдаги 207-сон қарорига 1-илова) белгиланган;
МВ ва ДСҚнинг қарори (АВ томонидан 7.04.2016 йилда 2195-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди. Қарорда белгиланишича:
туристик ташкилотлар учун ўзи ишлаб чиқарган хизмат деганда, тур доирасида транспорт хизмати кўрсатиш, яшаш, овқатлантириш, экскурсия хизмати кўрсатиш, маданий, спорт дастурларини ташкил этиш ва бошқа хизматларни кўрсатишни ўз ичига олувчи туристик хизматлар мажмуи (ёки унинг қисми) тушунилади;
товарларни (ишларни, хизматларни) ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот тоифасига мансублиги фактини тасдиғи бўлиб, корхона томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда қўйилган белги ҳисобланади. Илгари ушбу мақсадлар учун корхона солиқ ва бошқа ваколатли органларга ариза-маълумотнома тақдим этар эди.
Қайта ишлаш корхоналари учун имтиёзлар:
Президентнинг 12.04.2016 йилдаги ПҚ-2520-сон қарори билан «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК таркибига кирувчи қайта ишлаш корхоналари учун имтиёз жорий этилди. Улар 2019 йил 1 январгача ЯСТ тўлашдан озод этилади, имтиёзни қўллаш натижасида бўшайдиган маблағлардан ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш ва модернизация қилиш учун мақсадли фойдаланилиши лозим.
Қурилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасидаги имтиёзлар:
ДСҚ, МВ ва ДБҚнинг қарори билан «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ, пудрат ва ёрдамчи пудратчи ташкилотлар, шунингдек қурилиш материаллари ва ускуналари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (АВ томонидан 26.05.2016 йилда 2792-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 30.05.2016 йилдан кучга кирган). Эслатиб ўтамиз, қуйидагилар 2017 йил 1 январгача ЯСТ тўлашдан озод этилган:
пудрат ташкилотлари – тайёр ҳолда топшириш шарти билан якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши доирасида «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ билан тузилган шартномалар асосида ўзлари амалга оширадиган ишлар ҳажми қисмида;
ёрдамчи пудратчи ташкилотлар – тайёр ҳолда топшириш шарти билан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши доирасида «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ билан шартномалар тузган пудрат ташкилотлари билан тузилган шартномалар асосида ўзлари бажарадиган ишлар ҳажми қисмида;
қурилиш материаллари ва ускуналари ишлаб чиқарувчи корхоналар – Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича тайёр ҳолда топшириш шарти билан якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши дастури доирасида «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖга қурилиш материаллари ва ускуналарини реализация қилиш ҳажмлари қисмида.
2792-сон Низом амалга киритилгунча пудрат ташкилотлари томонидан имтиёзларнинг қўлланилиши тартиби «Қишлоқ қурилиш инвест» ихтисослаштирилган инжиниринг компанияси ва «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси билан тузилган шартномалар бўйича фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартлари билан якка тартибда уй-жой қуриш доирасида улар томонидан амалга ошириладиган ишлар ҳажмлари бўйича пудрат ташкилотлари томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 16.08.2010 йилда 2133-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланар эди.
ЧАКАНА САВДО КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ
Кичик корхона Навоий шаҳрида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларини (озиқ-овқат маҳсулотлари, санитария ва шахсий гигиена товарларини) чакана сотади.
I чорак якунларига кўра олинди:
товарлар реализациясидан тушум – 59 000 минг сўм, шу жумладан тўлов терминали бўйича – 32 300 минг сўм;
3 000 минг сўм миқдоридаги дивидендлар ҳисобига автомобилни балансдан ҳисобдан чиқаришдан бошқа даромадлар.
I чорак учун бюджетга 2 539,68 минг сўм ЯСТ, шу жумладан ЯСТнинг энг кам миқдорига қадар 59,68 минг сўм қўшимча тўланди.
II чоракда товарлар реализациясидан тушум 51 000 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан 21 400 минг сўми – нақд пул маблағлари кўринишида, 29 600 минг сўми эса пластик карталарни қўллаган ҳолда келиб тушган.
Апрелда корхона ер участкасини ижарага олди, унинг ҳудудида 2 та бино бор. Битта бино қаҳвахонага ажратилган, бошқасида пиво тайёрланадиган пивохона жойлашган, у ўз қаҳвахонасида сотилади. Бунинг учун қиймати 120 000 минг сўмлик янги технологик ускуна импорт қилинган (етказиб бериш ва монтаж қилиш харажатлари, божхона расмийлаштируви учун йиғимни ҳисобга олган ҳолда).
Май–июнда умумий овқатланиш хизматлари реализациясидан соф тушум 29 700 минг сўмни ташкил этди. Пиво 80 дал (800 л) ҳажмида сотилди.
II чорак учун ЯСТ ҳисоб-китобида қуйидагиларни эътиборга оламиз:
турли солиқ солиш объектлари ва (ёки) ставкалари белгиланган бир нечта фаолият турини амалга оширувчи ЯСТ тўловчилар ушбу фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ва ЯСТни тегишли ставкаларда тўлашлари керак (Солиқ кодексининг 353-моддаси);
ЯСТ ставкалари қуйидагича:
4% – Навоий шаҳрида жойлашган чакана савдо корхоналари учун. Бутун товар айланмаси, шу жумладан терминал орқали ҳақ тўланишига мазкур ставкада солиқ солинади;
10% – умумий овқатланиш корхоналари учун (Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорига 10-2-илова);
пиво акцизланадиган маҳсулотлар сирасига киради (ПҚ-2455-сон Қарорга 13-1-илова). Акцизланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи микрофирма ва кичик корхоналарга ЯСТ тўлаш тартиби татбиқ этилмайди (Солиқ кодексининг 350-моддаси 2-қисми). Бироқ савдо ва умумий овқатланиш корхоналари акцизланадиган маҳсулот ишлаб чиқаришда бир вақтнинг ўзида акциз солиғини тўлаган ҳолда ЯСТ тўлашга ҳақли (ДСҚ ҳузуридаги Эксперт кенгашининг 19.02.2013 йилдаги йиғилишининг 21-сон баённомасидан кўчирма).
Акциз солиғини ҳисоблашда Солиқ кодексининг VIII бўлимига амал қилинади. Солиқ суммаси белгиланган ставка – 1 дал учун 5 133 сўм (1 дал = 10 л) ва сотилган пиво ҳажмидан келиб чиқиб аниқланади (Солиқ кодексининг 230, 232, 236-моддалари; ПҚ-2455-сон Қарорга 13-1-илова). Солиқ Акциз солиғининг ҳисоб-китобини (2439-сон Қарорга 4-илова) топшириш учун белгиланган муддатда – ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай (Солиқ кодексининг 239-моддаси) ҳар ой учун бюджетга тўланади.
ЯСТни ҳисоблашда қаҳвахона бўйича реализациядан тушум акциз солиғини чегирган ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 355-моддаси 2-қисми 1-банди). Яъни ЯСТ ҳисоб-китобида акциз солиғисиз (80 дал пиво – 410,64 минг сўм) соф тушум (9000-ҳисобварақлар гуруҳи) ҳисобга олинади;
янги технологик ускунани сотиб олишда (ишлаб чиқарилган кундан бошлаб 3 йилдан кўп вақт ўтмаган) корхона қуйидаги кўринишдаги имтиёзлардан фойдаланиши мумкин:
импорт божхона божи (Божхона кодексининг 297-моддаси 2-қисми 13-банди) ва ҚҚС (Солиқ кодексининг 211-моддаси 7-банди) тўлашдан озод этиш;
ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани импорт қилинган ускуна қийматига, бироқ ССБнинг 25%идан ортиқ бўлмаган миқдорда камайтириш (Солиқ кодексининг 356-моддаси 3-қисми). Имтиёз ускуна фойдаланишга киритилган пайтдан бошлаб 5 йил давомида қўлланади.
Ускунага нисбатан кўрсатилган имтиёзларни қўллаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) амал қилинади.
Корхона Рўйхатнинг 34-бандида кўрсатилган ускунани олиб кирган (ТИФ ТН коди 8438 40 000 0 бўлган пиво пишириш саноати учун ускуна), бу унга ЯСТ бўйича ҳам имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база янги технологик ускунани харид қилишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтирилади. Ускуна фойдаланишга жорий этилган ҳисобот солиқ давридан бошлаб ССБ камайтирилади. Бунда чегириладиган маблағлар суммаси ССБнинг 25%идан ошмаслиги керак.
ССБ асосий воситаларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларда акс эттирилган ускуна қийматига камайтирилади, сабаби солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар ҳисоби бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ юритилади (Солиқ кодексининг 39-моддаси 3-қисми). Импорт қилинган ускунанинг бошланғич қиймати контракт қиймати, божхона тўловлари ва уни харид қилиш билан боғлиқ бошқа харажатлардан, уларга ускунани етказиб бериш ва монтаж қилиш харажатлари ҳам киради, келиб чиқиб шакллантирилади (АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган Чет эл валютасидаги операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 14-банди; АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»нинг 11-банди). Бинобарин, ЯСТ бўйича ССБнинг камайтирилишини технологик ускунанинг бошланғич қийматидан келиб чиқиб (яъни божхона йиғимининг тўланиши, етказиб берилиши ва ишчи ҳолатга келтирилиши билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олган ҳолда) ҳисоблаш лозим.
ЯСТ бўйича ССБни фойдаланишга жорий этилган янги технологик ускуна қийматига камайтириш суммаси ЯСТ ҳисоб-китобига 5-иловага кўра аниқланади. Ушбу иловани тўлдираётганда солиқ солинадиган базанинг 25%идан ошиши керак бўлмаган имтиёз суммаси 050-сатрда акс эттирилади. Агар ускуна қиймати белгиланган тартибда ҳисобланган ССБнинг 25%идан кам бўлса, 5-илованинг 050-сатрида ускунанинг қиймати қайд этилади. Ҳисобот даврида ССБ камайтириладиган сумма ЯСТ ҳисоб-китобига 4-илованинг 050-сатрига кўчирилади ва 4-илованинг 010-сатрида солиқ солинадиган ялпи тушумни камайтириш кўринишидаги имтиёзларнинг умумий суммасида ҳисобга олинади. Бунда 4-илованинг 050-сатридаги қиймат ЯСТ ҳисоб-китобида (0502-сатрда) ҳар бир фаолият тури устунида (ЯСТ тўлашдан озод қилиш назарда тутилган фаолият туридан ташқари) ЯСТ ҳисоб-китобининг 020-сатрида кўрсатилган салмоғидан келиб чиқиб акс эттирилади.
Янги технологик ускуна бўйича имтиёзни қўллаш учун у фойдаланишга жорий этилган сана ҳақидаги маълумотнома тақдим этилади. У эркин шаклда тузилади ва корхона раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан тасдиқланади (АВ томонидан 11.06.2007 йилда 1688-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-банди);
бир нечта фаолият турини амалга оширувчи корхоналар энг кам миқдорни (қатъий белгиланган солиқ ёки ер солиғининг 3 баравари) ҳисобга олган ҳолда ЯСТни тўлаш мақсадида ҳар чоракда асосий фаолият турини (ўсиб бормайдиган якун билан) белгилашлари шарт.
Агар асосий фаолият тури якка тартибдаги тадбиркорлар сотиши учун рухсат берилган товарлар билан чакана савдо қилиш ҳисобланса, ЯСТ энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ қатъий белгиланган солиқ кўринишида тўланади. Якка тартибдаги тадбиркорлар сотиш ҳуқуқига эга бўлган товарларнинг турлари ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарорига 1-илованинг I бўлимида кўрсатилган.
Агар умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият асосий деб саналса, ЯСТ Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ер солиғининг 3 бараварига тенг сумма кўринишидаги энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда тўланади;
ЯСТ ҳисоб-китобида 091-сатрда ЯСТнинг умумий суммасида ҳар бир фаолият тури бўйича ЯСТ суммасининг салмоғини аниқлаш лозим (мисол маълумотларига кўра у 100%ни ташкил этади). 091-сатр маълумотларидан келиб чиқиб савдо фаолияти ва умумий овқатланишга тўғри келувчи ЯСТ суммаси аниқланади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 181-сатри). Агар корхона фақат савдо фаолияти ва (ёки) умумий овқатланиш билан шуғулланса, бошқа фаолият тури билан машғул бўлмаса, 181-сатрда ЯСТ ҳисоб-китобининг 180-сатридаги сумма кўчириб ёзилади. Бироқ бунда корхона кичик бўлгани сабабли 1801–08031-сатрлар тўлдирилмайди.
Ярим йиллик якунлари бўйича ЯСТни қуйидаги тартибда ҳисоблаймиз.
Фаолиятнинг 2 тури бўйича товарлар ва хизматлар реализациясидан соф тушум 139 700 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри, «Жами» устуни), шу жумладан:
савдо фаолият бўйича – 110 000 минг сўм (59 000 + 51 000);
умумий овқатланиш бўйича – 29 700 минг сўм.
ЯСТ ҳисоб-китобининг 020-сатрида фаолият турлари бўйича тушум салмоғи кўрсатилади: чакана савдо – 79% (110 000 / 139 700 х 100), умумий овқатланиш – 21% (29 700 / 139 700 х 100).
I чоракда олинган бошқа даромадлар II чорак ҳисоботида такроран қайд этилади (II чоракда бошқа даромадлар йўқ). ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илова «Бошқа даромадлар»нинг 020 ва 010-сатрларида ҳамда ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатрида 3 000 минг сўм кўрсатилади.
Ярим йиллик якунларига кўра солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) 142 700 минг сўмга тенг, шу жумладан:
савдо бўйича – 113 000 минг сўм (110 000 + 3 000);
умумий овқатланиш бўйича – 29 700 минг сўм.
ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри) технологик ускуна бўйича имтиёзни ҳисобга олган ҳолда аниқланади. Солиқ солинадиган ялпи тушум харид қилинган технологик ускуна қийматига, бироқ ССБнинг 25%идан ортиқ бўлмаган суммага камайтирилади. Камайтириш суммаси ЯСТ ҳисоб-китобига 5-илова бўйича қуйидагиларни кўрсатган ҳолда (мисол маълумотларига кўра) ҳисобланади:
020, 0201 ва 02011-сатрларда – харид қилинган технологик ускуна қиймати – 120 000 минг сўм;
030-сатрда – кўрсаткичига 25%лик белгиланган камайтириш фоизи қўлланадиган солиқ солинадиган база – 142 700 минг сўм;
040-сатрда – ҳисобот давридаги энг кўп камайтириш суммаси (ССБнинг 25%и) – 35 675 минг сўм (142 700 х 25%);
050-сатрда – солиқ солинадиган базанинг амалдаги камайтириш суммаси – 35 675 минг сўм, сабаби технологик ускунани харид қилишга ССБнинг 25%идан ортиқ сарфланган.
Агар корхона ССБни камайтириш кўринишидаги бошқа имтиёзларни қўлламаса (бизнинг ҳолатдагидек), 5-илованинг якуний кўрсаткичи (050-сатр – 35 675 минг сўм) ЯСТ ҳисоб-китобига 4-илованинг 050, 020 ва 010-сатрларида такроран қайд этилади.
4-илованинг 010-сатридаги маълумотлар имтиёз суммасини фаолият турлари бўйича тақсимлаган ҳолда ЯСТ ҳисоб-китобининг 020-сатрида кўрсатилган салмоғидан келиб чиқиб ЯСТ ҳисоб-китобининг 0502-сатрига кўчирилади. ССБни камайтириш суммаси савдо фаолияти бўйича устунда 28 183,25 минг сўмни (35 675 х 79%), умумий овқатланиш бўйича – 7 491,75 минг сўмни (35 675 х 21%) ташкил этади. Ушбу кўрсаткичлар тегишинча ЯСТ ҳисоб-китобининг 050-сатрига ўтказилади.
Технологик ускуна бўйича имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ярим йиллик якунлари бўйича солиқ солинадиган база (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри) қуйидагиларни ташкил этади:
савдо бўйича – 84 816,75 минг сўм (113 000 – 28 183,25);
умумий овқатланиш бўйича – 22 208,25 минг сўм (29 700 – 7 491,75);
умуман корхона бўйича – 107 025 минг сўм (84 816,75 + 22 208,25).
ЯСТ ҳисоб-китобининг 090-сатрида кўрсатиладиган ягона солиқ тўлови суммаси қуйидагиларни ташкил этади:
савдо фаолияти бўйича – 3 392,67 минг сўм (84 816,75 х 4%);
умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият бўйича – 2 220,825 минг сўм (22 208,25 х 10%);
ярим йиллик учун умуман корхона бўйича – 5 613,495 минг сўм (ЯСТ ҳисоб-китобининг 120 ва 130-сатрлари).
Бюджетга тўланадиган ЯСТ суммасини аниқлаш учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ва ЯСТнинг энг кам миқдорини солиштирамиз. Корхона ЯСТнинг турлича энг кам миқдори белгиланган фаолиятнинг 2 турини амалга ошириши муносабати билан чорак якунларига кўра ўсиб бормайдиган якун билан фаолиятнинг асосий турини белгилаш лозим. Мисол маълумотларига кўра ҳисобот чорагида реализациянинг умумий ҳажмида савдо фаолиятидан тушум устунлик қилади – 63% (51 000 / 80 700 х 100). Тегишинча, II чоракда ЯСТ қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади ва тўланади.
ЯСТнинг энг кам миқдори ва ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ҳисоб-китоби Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китобида (2449-сон Низомга 1-илова) келтирилади. У ўсиб бормайдиган якун билан тўлдирилади.
Ҳисобот чорагида ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси савдо фаолияти ва умумий овқатланиш бўйича олинган солиқ солинадиган ялпи тушум ҳамда ушбу фаолият турлари бўйича белгиланган ставкалардан келиб чиқиб аниқланади (тегишинча 4 ва 10%). Солиқ солинадиган ялпи тушумни камайтириш кўринишидаги имтиёз ҳисобга олинмайди. II чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 5 010 минг сўмга тенг (51 000 х 4% + 29 700 х 10%) (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 030-сатри).
ЯСТнинг энг кам миқдори озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган қатъий белгиланган солиқ ставкасига қараб аниқланади. Навоий шаҳрида у 6,5 ЭКИҲни ташкил этади (ПҚ-2455-сон Қарорга 12-илова). Ҳисоб-китоб ҳисобот йилининг 1 январь ҳолатига кўра белгиланган ЭКИҲдан, яъни 130 240 сўмдан келиб чиқиб амалга оширилади.
Чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 2 539,68 минг сўмга тенг (6,5 х 130 240 х 3) (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050-сатри).
ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси энг кам ЯСТдан кўп, шу сабабли II чорак якунларига кўра қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмайди, Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 060-сатри ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрида «0» қўйилади.
Ярим йиллик учун бюджетга тўланадиган ЯСТ суммаси (I чоракда энг кам ЯСТгача қўшимча ҳисоблаб ёзишни ҳисобга олган ҳолда) 5 673,175 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 180-сатри). II чорак учун бюджетга I чорак учун тўланган солиқни (2 539,68 минг сўм) чегирган ҳолда сумма, яъни 3 133,495 минг сўм ўтказилади.
УЛГУРЖИ САВДО КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ
Корхона Тошкентда дори-дармон воситаларининг улгуржи савдоси билан шуғулланади (улгуржи дорихона ташкилоти). Бундан ташқари, бўш омборхоналар ва савдо шохобчасини (дорихона сифатида) ижарага беради.
Кадастр ҳужжатларига кўра объектлар, шу жумладан ижарага берилганлари жойлашган ер участкаси майдони 1 480 кв.метрни ташкил этади.
Ягона солиқ тўлови энг кам миқдорининг маълумотнома-ҳисоб-китоби (2203-сон Низомга 2-илова; ҳар йили 1 февралгача тақдим этилади) маълумотларига кўра энг кам ЯСТнинг йиллик миқдори – 1 761 570 сўм.
I чорак якунларига кўра қуйидаги кўрсаткичлар шаклланди:
товар айланмаси – 96 000 минг сўм;
ижарадан даромадлар – 11 400 минг сўм.
Бюджетга 3 222 минг сўм миқдорида ЯСТ тўланган, ЯСТнинг энг кам миқдоригача қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмаган.
II чорак якунларига кўра қуйидаги маълумотлар мавжуд. Дори-дармон воситаларини реализация қилишдан тушум 92 200 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан таннархи 12 000 сўм бўлган товарлар туркуми 6 200 минг сўмга сотилди.
Ижарадан даромадлар 14 400 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан:
савдо шохобчаси бўйича (майдони 60 кв.м бўлган дорихона) – 4 500 минг сўм (ойига 1 500 минг сўм);
майдони 220 кв.м бўлган, улгуржи ташкилотга тақдим этиладиган омборхоналар бўйича – 9 900 минг сўм (ойига 3 300 минг сўм).
Хорижий контрагентлар билан АҚШ долларида ҳисоб-китоб қилиниши ва курс ўзгариши муносабати билан бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича курсдаги фарқлар юзага келди: ижобий курс фарқи – 3 100 минг сўм, салбий – 2 400 минг сўм.
ЯСТ ҳисоб-китобида қуйидагилар ҳисобга олиниши лозим:
Тошкент шаҳрида жойлашган улгуржи дорихона ташкилотлари учун ЯСТ ставкаси 3%га тенг (ПҚ-2455-сон Қарорга 10-2-илова);
товарлар таннархидан ёки харид нархидан паст нархда сотилганда ЯСТ солинадиган тушумга товарлар таннархи ёки харид нархи киритилади (Солиқ кодексининг 355-моддаси 2-қисми 1-банди);
мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар бошқа даромадлар сингари ҳисобга олинади ва уларга асосий фаолият тури ставкасида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 353-моддаси). Бироқ ижарадан даромадлар реализациянинг умумий ҳажмида устунлик қилса, мол-мулкнинг ижарага берилиши асосий фаолият тури деб тан олинади. Бу ҳолда фаолиятнинг 2 тури (ижара ва улгуржи савдо) бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш, ижарадан даромадларга эса 5% миқдоридаги ЯСТ ставкасини қўллаш лозим.
Ижарадан даромадларга солиқ солишда ПҚ-2455-сон Қарорнинг 5-банди талабини ҳисобга олиш керак, унга кўра мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга шартномада белгиланган ижара тўлови суммасидан келиб чиқиб, бироқ давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган суммадан кам бўлмаган миқдорда солиқ солинади. Тошкент шаҳрида 2016 йилги ижара тўловининг энг кам ставкалари Тошкент шаҳар ҳокимининг 4.01.2016 йилдаги 1-сон қарорида белгиланган.
Энг кам ставкалардан келиб чиққан ҳолда ижара тўловининг шартномада белгиланганидан ошган суммасини аниқлаш учун ЯСТ ҳисоб-китобига 1-илова тўлдирилади;
ЯСТ солиш объектига ижобий ва салбий курс фарқи ўртасидаги сальдо киритилади. Ушбу сальдо бошқа даромадлар таркибида ҳисобга олинади. Агар курс фарқидаги сальдо салбий бўлса, у ЯСТни ҳисоблашда солиқ солинадиган базани камайтирмайди (Солиқ кодексининг 355-моддаси 5-қисми);
улгуржи савдо асосий фаолият тури ҳисобланади, шу сабабли ЯСТ 2203-сон Низомга кўра ер солиғининг 3 бараварига тенг сумма кўринишидаги энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади;
улгуржи савдо корхоналари ЯСТ бўйича бўнак тўловларини бажарилган операциялардан келиб тушадиган тушум суммасининг 5%и миқдорида тўлайдилар. Бироқ ушбу тартиб улгуржи дорихона ташкилотларига татбиқ этилмайди (Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 14.01.2010 йилда 2065-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-банди).
Ярим йиллик якунларига кўра товарлар реализациясидан соф тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри) 188 200 минг сўмни ташкил этди (96 000 + 92 200).
II чоракда товарларнинг бир қисми таннархидан паст нархда сотилди, бунинг натижасида 5 800 минг сўм миқдорида зарар кўрилди (12 000 – 6 200). Зарар суммаси ЯСТ ҳисоб-китобининг 025-сатрида акс эттирилади ва шу билан солиқ солинадиган тушумни аниқлашда ҳисобга олинади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри).
Ҳисобот даврида курсдаги фарқлар бўйича сальдо ижобий – 700 минг сўм (3 100 – 2 400), у даромад (бошқа даромад) сифатида ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 140-сатрида кўрсатилиши керак.
Ярим йиллик якунларига кўра мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар реализациянинг умумий ҳажмида устунлик қилмайди, тегишинча, бошқа даромадлар таркибида ҳисобга олинади. Юқорида айтилганидек, ижарадан даромадларга нисбатан солиқ солишнинг алоҳида тартиби белгиланганлиги боис ЯСТ ҳисоб-китобига 2-иловани тўлдиргунча 1-иловани тўлдириш лозим:
010-сатрда ижарага берилган хоналарнинг умумий майдони, яъни 280 кв.м кўрсатилади, ушбу суммадан 011-сатрда омборхоналар майдони – 220 кв.м ва 012-сатрда – савдо шохобчаси (60 кв.м) алоҳида ажратилади. Шунингдек кўчмас мулк жойлашган жой ва майдонлардан фойдаланиш мақсади (омборхоналар (улгуржи савдо) ва чакана дорихона муассасаси) кўрсатилади;
021 ва 022-сатрларда 1 кв.м учун йиллик ижара тўловининг энг кам ставкаси қайд этилади. Омборхоналар бўйича – 14 150 сўм, дорихона бўйича – 11 300 сўм (Тошкент шаҳар ҳокимининг 1-сон қарорига 1-илованинг 48, 76-бандлари);
031-сатрда 1 кв.м учун ҳисобот даврида шартномага кўра омборхоналарни ижарага берганлик учун тўлов суммаси кўрсатилади – 90 000 сўм (3 300 000 / 220 кв.м х 6 ой);
032-сатрда шартнома амал қиладиган ойлар сонидан келиб чиқиб ҳисобланадиган, ижарага берилган дорихона бўйича шартномадаги ижара тўлови суммаси акс эттирилади. Мазкур ҳолда ҳисоб-китобда март–июнь даври ҳисобга олинади ва сатрда 100 000 сўм қайд этилади (1 500 000 / 60 кв.м х 4 ой);
041-сатрда ҳисобот даври учун ҳисоблаганда энг кам ставкалардан келиб чиқиб 1 кв.м учун ижара тўлови суммасини ҳисоб-китоб қилиш йўли билан аниқлаш лозим. Кўрсаткич ҳисобот чорагида 1 кв.м учун 7 075 сўмга тенг (14 150 / 12 х 6);
042-сатрда шартнома амал қиладиган даврдаги (март–июнь) энг кам ставкалардан келиб чиқиб 1 кв.м учун ижара тўлови суммаси кўрсатилади. Ижара тўлови суммаси 3 767 сўмни ташкил этади (11 300 / 12 х 4);
050, 051, 052, 060, 061 ва 062-сатрларда «0» қўйилади, сабаби шартнома бўйича ижара тўлови энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланганидан кўп. Шу муносабат билан ЯСТ ҳисоб-китобига 2-иловада 035-сатрда ҳам «0» қўйилади, 030-сатрда эса ярим йиллик учун олинган мол-мулкни ижарага беришдан даромадларни – 25 800 минг сўмни кўрсатиш лозим.
Ярим йиллик якунларига кўра бошқа даромадларнинг умумий суммаси 26 500 минг сўмга тенг (700 + 25800). У 2-илованинг 010-сатрида кўрсатилади ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатрига ўтказилади.
Солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) 220 500 минг сўмни ташкил этади (188 200 + 5 800 + 26 500). Корхона имтиёзларга эга эмас, шу сабабли солиқ солинадиган база ҳам 220 500 минг сўмга тенг (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри).
Ҳисоб-китоб бўйича ЯСТ суммаси 6 615 минг сўмга тенг (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090, 120, 130-сатр-лари).
Сўнгра ЯСТнинг энг кам суммаси ва ҳисоб-китоб суммасини солиштириш зарур. Чорак учун энг кам ЯСТ 440,393 минг сўмга тенг (1 761 570 / 4). ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ҳисобот чораги учун солиқ солинадиган ялпи тушумдан келиб чиқиб аниқланади (ҳисобот ва ўтган ҳисобот даврларидаги ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрлари фарқи). II чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 3 393 минг сўмга тенг ((220 500 – 107 400) х 3%) (Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китоби 030-сатри, 2203-сон Низомга 3-илова).
ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси унинг энг кам миқдоридан кўп, шу сабабли қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмайди. ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрида «0» қайд этилади. Ярим йиллик якунларига кўра бюджетга 6 615 минг сўм ЯСТ тўланиши керак. I чорак учун тўланган ЯСТ суммасини ҳисобга олган ҳолда II чорак учун 3 393 минг сўм ўтказилиши керак (6 615 – 3 222).
ИШЛАБ ЧИЈАРИШ КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ
Ишлаб чиқариш корхонаси ихтиёрий асосда ҚҚС тўловчиси ҳисобланади, шунингдек «Камолот» жамғармасига ажратмалар тўлайди. Фарғона шаҳрида жойлашган. ЯСТ ва ҚҚС бўйича имтиёзларга эга эмас. Кадастр ҳужжатларига кўра офис, ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналар жойлашган ер участкаси майдони 1 230 кв.метрни ташкил этади.
Бир йил ҳисобида энг кам ЯСТ миқдори Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китобига кўра 1 814 296 сўмга тенг.
I чорак учун қуйидаги маълумотлар мавжуд:
маҳсулот реализациясидан соф тушум – 52 300 минг сўм (ҚҚСсиз);
олинган дивидендлар (бошқа даромадлар) – 13 500 минг сўм;
солиқ солинадиган айланмалардан ҳисоблаб ёзилган ҚҚС – 10 460 минг сўм;
ҳисобга қабул қилинган ҚҚС – 2 000 минг сўм;
бюджетга тўланадиган ҚҚС – 8 460 минг сўм;
ҚҚС тўланиши муносабати билан камайтиришни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ – 1 307,5 минг сўм, шундан «Камолот» жамғармасига 104,6 минг сўм, бюджетга (энг кам ЯСТгача қўшимча ҳисоблаб ёзмасдан) – 1 202,9 минг сўм ўтказилди.
II чоракда маҳсулот реализациясидан тушум 37 800 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан ҚҚС – 6 300 минг сўм. Апрель–июнда 18 000 минг сўмлик суммада ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хом ашё ва материаллар харид қилинди, шу жумладан ҚҚС билан 10 200 минг сўмга (олинган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС – 1 700 минг сўм).
Апрелда контрагент томонидан шартнома шартлари бузилганлиги учун корхонага 1 000 минг сўм суммасида жарима ўтказилди.
Май ойида брак аниқланганлиги сабабли март ойида сотилган, қиймати 29 400 минг сўмлик маҳсулот туркуми, шу жумладан ҚҚС – 4 900 минг сўм корхонага қайтарилди.
II чорак учун ЯСТ ва ҚҚСни ҳисоб-китоб қилишда қуйидагиларни ҳисобга оламиз:
контрагент шартнома шартларини бузганлиги учун ундан олинган жарима суммаси Солиқ кодексининг 132-моддаси 12-бандига мувофиқ бошқа даромадларга киритилади ва асосий фаолият тури бўйича белгиланган ставкада (ишлаб чиқариш корхоналарида – 5%) ЯСТ солинади;
ҚҚС Солиқ кодексининг VII бўлимида назарда тутилган тартибда ҳисобланади ва тўланади. Корхона ЯСТнинг ҳисоблаб ёзилган суммасини, бироқ ЯСТ суммасининг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда бюджетга ўтказиладиган ҚҚС суммасига камайтиришга ҳақли.
Микрофирмалар ва кичик корхоналар ҚҚС бўйича ҳисоботни ҳар чоракда, бироқ ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тақдим этадилар;
маҳсулот қайтарилиши муносабати билан корхона ЯСТ бўйича ялпи тушум ва ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базага камайтириш томон тузатиш киритиши керак. Тузатиш маҳсулот қайтарилган солиқ даврида киритилади (Солиқ кодексининг 205, 357-моддалари). Яъни мазкур ҳолда 2016 йил I ярим йиллиги учун ялпи тушум ва ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базага тузатиш киритилади.
Ярим йиллик якунларига кўра ЯСТ қуйидаги тартибда ўсиб борувчи якун билан ҳисобланади.
Маҳсулот реализациясидан соф тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри) тузатишни ҳисобга олганда 59 300 минг сўмга тенг (52 300 – (29 400 – 4 900) + (37 800 – 6 300)).
I чоракда 13 500 минг сўм миқдорида олинган дивидендлар II чорак учун ҳисоботда такроран қайд этилади:
бошқа даромадлар таркибида – ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 150-сатрида;
Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан солиқ солинадиган ялпи тушумни камайтириш кўринишида – ЯСТ ҳисоб-китобига 4-илованинг 0202, 020 ва 010-сатрларида ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 050, 0502-сатрларида.
Олинган жарима суммаси (1 000 минг сўм) ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 130-сатрида кўрсатилади.
Шу тариқа, ярим йиллик якунларига кўра корхонанинг бошқа даромадлари 14 500 минг сўмни ташкил этди (ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 010-сатри; ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатри).
Ҳисобот даври учун солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) 73 800 минг сўмга тенг (59 300 + 14 500). Ушбу суммадан дивидендлар кўринишидаги даромадлар чегирилади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 050-сатри), шу тариқа, солиқ солинадиган база (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри) 60 300 минг сўмни ташкил этади.
ЯСТнинг ҳисоблаб ёзилган суммаси (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090-сатри) – 3 015 минг сўм (60 300 х 5%).
Сўнгра қуйидаги тартибда ҚҚС ҳисобланади. Солиқ солинадиган айланмалардан ҳисоблаб ёзилган ҚҚС тузатишни ҳисобга олганда 11 860 минг сўмга тенг (10 460 – 4 900 + 6 300). Ҳисобга киритиладиган ҚҚС – 3 700 минг сўм (2 000 + 1 700). Шу тариқа, ярим йиллик якунларига кўра бюджетга ҚҚС 8 160 минг сўмни ташкил этади (11 860 – 3 700) ва ҚҚС ҳисоб-китобининг 50-сатрида (2439-сон Қарорга 3-илова) ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 100-сатрида акс эттирилади.
ЯСТ суммаси ҚҚС суммасига, бироқ ЯСТ ҳисоб-китобининг 090-сатрида кўрсатилган ЯСТ суммасининг 50%идан ортиқ бўлмаган суммага камайтирилади. ЯСТни камайтирадиган ҚҚС суммаси 1 507,5 минг сўмга тенг (3 015 / 2) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 110-сатри).
Ҳисоб-китобга кўра ҳисоблаб чиқарилган ЯСТ (ЯСТ ҳисоб-китобининг 120-сатри) 1 507,5 минг сўмни ташкил этади. Ярим йиллик якунларига кўра «Камолот» жамғармасига ажратмалар (ЯСТ ҳисоб-китобининг 160 -сатри) 120,6 минг сўмни ташкил этади (1 507,5 х 8%).
«Камолот» жамғармасига ажратмаларни чегирган ҳолда ЯСТ (ЯСТ ҳисоб-китобининг 130-сатри) – 1 386,9 минг сўм (1 507,5 – 120,6).
Бюджетга тўланадиган ЯСТ суммасини аниқлаш мақсадида энг кам ЯСТ (ер солиғининг 3 баравари суммаси) ва ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси Энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯСТнинг маълумотнома-ҳисоб-китобига асосан солиштирилади.
Чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 453,574 минг сўмга тенг (1 814 296 / 4). II чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ҳисобот ва ўтган ҳисобот даврларидаги ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрлари фарқи сифатида белгиланади. Бунда солиқ солинадиган ялпи тушумнинг олинган дивидендлар суммасига камайтирилиши ҳисобга олинмайди. ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 400 минг сўмга тенг ((73 800 – 65 800) х 5%).
ЯСТнинг энг кам миқдори ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасидан кўп, шу сабабли 53,574 сўмлик суммага (453,574 – 400) қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилади. Қўшимча ҳисоблаб ёзиш суммаси ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ маълумотнома-ҳисоб-китобининг 050 ва 070-сатрларида кўрсатилади ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрига ўтказилади.
Ярим йиллик якунларига кўра қўшимча ҳисоблаб ёзишни ҳисобга олган ҳолда 1 440,474 минг сўм миқдорида (1 386,9 + 53,574) ЯСТ суммаси тўланиши керак (ЯСТ ҳисоб-китобининг 180-сатри). II чорак учун бюджетга I чорак учун тўланган солиқни (1 202,9 минг сўм) чегирган ҳолдаги сумма, яъни 237,574 минг сўм ўтказилади.
СТОМАТОЛОГИЯ КЛИНИКАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ
Кичик корхона Самарқанд шаҳрида стоматология хизматларини кўрсатади. Кадастр ҳужжатларига кўра корхона мулкидаги стоматология клиникаси жойлашган ер участкаси майдони 0,036 гектарни ташкил этади.
I чорак учун қуйидаги маълумотлар мавжуд:
хизматлар реализациясидан тушум – 48 000 минг сўм;
ҳисоб-китоб бўйича ЯСТ – 2 400 минг сўм, шу жумладан бюджетга 2 208 минг сўм, «Камолот» жамғармасига 192 минг сўм ўтказилди.
II чоракда стоматология хизматлари рўйхатини кенгайтириш режалаштирилганлиги муносабати билан қўшимча хонага эҳтиёж туғилди. Бундан ташқари, апрелда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан чакана савдо қилишга лицензия олинган эди. Шу муносабат билан апрелдан бошлаб қуйидаги майдонга эга 2 та хона ижарага олинди:
120 кв.м – стоматология хизматлари кўрсатиш учун;
40 кв.м – дорихона учун.
II чоракда реализациядан тушум 107 000 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан:
стоматология хизматлари бўйича – 75 000 минг сўм;
дорихона бўйича – 32 000 минг сўм.
II чорак учун ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда қуйидагиларни ҳисобга олиш лозим:
корхона амалга ошираётган 2 турдаги фаолияти (стоматология ва дорихона) бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши шарт, сабаби улар бўйича турли ЯСТ ставкалари белгиланган (Солиқ кодексининг 353-моддаси). Хизматлар бўйича ЯСТ ставкаси 5%ни ташкил этади, Самарқанд шаҳрида дорихона учун эса – 3% (ПҚ-2455-сон Қарорга 10-1, 10-2-иловалар);
2203-сон Низомга мувофиқ ЯСТ ер солиғининг 3 баравари кўринишидаги энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади ва тўланади.
ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда корхоналар мулкчилик, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқида фойдаланадиган барча ер участкалари ҳисобга олинади. Қуйидаги участкалар ҳисобга қабул қилинмайди:
Солиқ кодексининг 280-моддаси 2-қисми ва Солиқ кодексининг 282-моддаси 2-қисмига асосан солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган ёки ер солиғи солинмайдиган;
халқаро шартномаларга кўра дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш учун берилган.
Кўрсатилган объектларнинг майдонлари, башарти улар солиқ тўловчининг мулкида бўлса, энг кам ЯСТ ҳисоб-китобидан чиқарилади. Ушбу қоида ижарага олинган объектларга татбиқ этилмайди.
Унинг мулкида бўлган стоматология клиникаси жойлашган ер участкасига Солиқ кодексининг 282-моддаси 2-қисми 9-бандига асосан ер солиғи солинмайди. Тегишинча, ушбу участка майдони энг кам ЯСТни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинмайди.
Энг кам ЯСТ ижарага олинган майдонлардан (160 кв.м) келиб чиқиб ҳисобланади, улар ижарага олинган хоналар майдони катталашган ойдан, яъни апрелдан бошлаб ҳисобга киритилади. Бундан ташқари, ярим йиллик якунларига кўра ЯСТ ҳисоб-китобини топшириш муддатидан кечиктирмай (25 июлгача) корхона аниқлаштирилган ЯСТнинг энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китобини тақдим этиб (2203-сон Низомнинг 5-банди), унда корхона мулкидаги ер участкаси ва ижарага олинган майдонлар бўйича маълумотларни кўрсатиши шарт.
Ярим йиллик якунларига кўра ЯСТни қуйидаги тартибда ҳисоблаймиз.
Хизматлар ва товарлар реализациясидан соф тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри) 155 000 минг сўмга тенг, шу жумладан:
стоматология хизматлари – 123 000 минг сўм (48 000 + 75 000) (асосий фаолият тури устунида кўрсатилади);
дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чакана реализацияси (дорихона) – 32 000 минг сўм (ЯСТ ҳисоб-китобининг 2-устуни тўлдирилади).
ЯСТ ҳисоб-китобининг 020-сатрида фаолият турлари бўйича тушумнинг салмоғи кўрсатилади: хизматлар бўйича – 79% (123 000 / 155 000 х 100), дорихона бўйича – 21% (32 000 / 155 000 х 100).
Корхона бошқа даромадлар ва имтиёзларга эга эмаслиги боис солиқ солинадиган ялпи тушум ва солиқ солинадиган база (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040 ва 060-сатрлари) 155 000 минг сўмга тенг.
Ягона солиқ тўлови суммаси:
хизматлар бўйича – 6 150 минг сўмни (123 000 х 5%);
дорихона бўйича – 960 минг сўмни (32 000 х 3%);
ярим йиллик учун умуман корхона бўйича – 7 110 минг сўмни (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090, 120-сатрлари) ташкил этади.
Ярим йиллик якунларига кўра «Камолот» жамғармасига ажратмалар (ЯСТ ҳисоб-китобининг 160-сатри) 568,8 минг сўмни (7 110 х 8%) ташкил этади.
«Камолот» жамғармасига ажратмаларни чегирган ҳолда ЯСТ (ЯСТ ҳисоб-китобининг 130-сатри) – 6 541,2 минг сўм (7 110 – 568,8).
Сўнгра ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ва ЯСТнинг энг кам миқдорини солиштирамиз. ЯСТнинг энг кам миқдори қуйидагилардан келиб чиқиб ҳисобланади:
ижарага олинган майдонлар – 0,016 га (160 кв.м);
Самарқанд шаҳрида 1 га учун 13 980 605 сўмни ташкил этадиган ер солиғининг энг кам ставкаси (ПҚ-2455-сон Қарорга 20-илованинг 6-жадвали).
Чакана дорихона ташкилотлари учун назарда тутилган пасайтирувчи коэффициент энг кам ЯСТни ҳисоблашда ҳисобга олинмайди, чунки мазкур фаолият тури (дорихона) корхона учун асосий фаолият ҳисобланмайди.
Чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 167,767 минг сўмга тенг (3 х 0,016 х 13 980 605 / 4).
Ҳисобот чорагида ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси фаолиятнинг 2 та тури бўйича олинган солиқ солинадиган ялпи тушум ва улар бўйича белгиланган ЯСТ ставкаларидан келиб чиқиб аниқланади (ҳисобот ва аввалги ҳисобот даврларидаги ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрларидаги фарқ). II чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 4 710 минг сўмга тенг ((123 000 – 48 000) х 5% + 32 000 x 3%) (ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТнинг маълумотнома-ҳисоб-китоби 030-сатри).
ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси энг кам суммасидан кўп, шу сабабли II чорак якунларига кўра қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмайди ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрида «0» қайд этилади.
Ярим йиллик учун бюджетга тўланадиган ЯСТ суммаси 6 541,2 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 180-сатри). II чорак учун бюджетга I чорак учун бюджетга тўланган солиқни (2 208 минг сўм) чегирган ҳолдаги сумма, яъни 4 333,2 минг сўм ўтказилади.
Бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, худди шунингдек камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси 1 ва 2-қисмлар
«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар