Уюшган жиноятчилик ҳақида моҳиятан нималарни биламиз? Шахсан менинг бу борада билганларим яқин-яқинларгача бадиий фильмлар билан чекланган эди, холос. Биринчи навбатда, Италия гангстерлари ҳақидаги «Спрут» («Саккизоёқ») сериали ёдга тушарди дарҳол. Ўша фильмлар, қолаверса, шов-шув бўлган суд процесслари уюшган жиноятчилик ҳақидаги тасаввурларимизнинг шунчаки чизгилари бўлиб, ҳокимият идораларида ҳам жиноий гуруҳларнинг ўз одамлари ва ришталари бўлганидан далолат берарди.
Бу лирик чекинишдан кейин асосий мавзуга ўтишимиз қийин бўлмаса керак. Бунақа ҳолатлар бизда ҳам ўз «рухсори»ни кўрсатиши мумкин экан.
Жуда чигал жиноий қилмишни синчковлик билан кўриб муҳокама этиш зиммасига тушган вилоятларимиздан биридаги жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг материалларида фалон-фалон одамлар жиноий гуруҳ ташкил этган эди деб аниқ-таниқ ёзиб қўйилган эди. Мақоламизнинг кириш қисмида айтилган қолипга мос келиши учун ҳокимият тузилмаларидаги «вакил»ни аниқлаш қолган экан, холос. Ниҳоят, уни аниқлашга муваффақ бўлинди-ю ўша бадиий фильмлар туфайли онгимизда шаклланган жиноий уюшма жам бўлди ҳисоб. Биз кўриб чиқаётган воқеада бу туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Ҳамидов1 экан. Гуруҳни шакллантирган ҳам, гуруҳ илҳомчиси ҳам, ишга солувчиси ҳам, ғоявий раҳнамоси ҳам унинг ўзи экан.
11 кишидан иборат жиноий гуруҳ биргина туман билан чекланиб қолмади, иш «кўлами»ни каттароқ олди. Гуруҳнинг манфаатлари бир йўла бир неча вилоятни қамраб олди.
Ғ.Ҳамидов ҳокимликка ишга ўтмасидан олдин Йўл жамғармасининг маҳаллий бўлинмасига бошчилик қилган. Туман маъмурияти раҳбарининг биринчи муовинлигига эришгач, бутун иқтисодий жабҳа мутасаддилиги зиммасига тушди, шундай бўлса-да, йўл қурилишига бўлган иштиёқи аввалгидек қолаверди. Ҳозирги эгаллаб турган мавқеи бизнес режаларини рўёбга чиқаришга, йўл қурилиши бўйича пудрат ишларини қўлга киритишига ёрдам берди.
Қишлоқ жойларда йўл қопламасини тиклаш ва янги йўллар ўтказиш билан шуғулланишни Ҳамидовнинг изми билан «Ободонлаштириш» туман унитар корхонаси бошлаб юборди. Корхона раҳбари Бекзод Норматов, унинг ўринбосари Усмон Ҳалилов ва бош бухгалтер Ровшан Тоировлар катта бошлиқнинг яқин ёрдамчилари, фармонбардорлари бўлиб қолдилар.
Маълумки, барча маҳаллий ҳудудий тузилмаларда шундай ободонлаштириш бўлинмалари мавжуд. Улар аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиб келишади. Масалан, маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича шундай хизмат кўрсатишади. Шаҳарлар ва шаҳарчаларни ободонлаштириш билан шуғулланганликлари боис, муниципал тузилмаларнинг бюджетларидан ҳам тузуккина маблағ олишади. Ободонлаштириш идорасидагилар кўчаларни супуриб-сидириш, атрофни кўкаламзорлаштириш, суғориш тармоқларини тозалаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ бошқа қатор ишларни амалга оширадилар. Мухтасар қилиб айтганда, ихтисослаштирилган корхона ва унинг ходимлари ўзларининг бевосита бурчларини бажариб келадилар. Бироқ вилоят туманларидан бирида йўл қурилиши билан шуғуллана бошлашганлиги, дарҳақиқат, янгилик эди.
Ободонлаштириш бўлинмаси усталари ширкат хўжаликларидан бирида 181,7 млн сўмлик йўл иншооти учун пудрат ишларини бажарадиган бўлишди. Бу ишни қоғозда бўлса ҳам «қойил қилишганлиги» рост. Керакли далолатномалар, қилинган иш ҳақидаги ҳисоботлар, бошқа иш қоғозлари тап-тайёр – буюртмачи ва пудратчининг имзолари ва муҳрлари билан тасдиқланган. Кейинчалик маълум бўлишича, амалда ҳеч нарса қилинмаган, бажарилган ишлар ҳақидаги ҳужжатлар қалбаки, мўмайгина пуллар эса, банклардан бирида нақдинага айлантирилиб ўзлаштириб олинган.
Йўл жамғармаси минтақавий бўлинмасининг сохтагарлигини ёки бажарилган ишлар қийматини ошириб кўрсатганлигини аниқлашга қодир ўз аудиторлари ва мутахассислари бўлса керак, албатта. Лекин улардан ҳеч бири 2011–2013 йилларда бажарилган ишлар ҳақидаги ҳисоботларда баҳолар ғалати йўсинда тусланганлигини сезмаган. Масалан, олис қишлоқлардан бирида 200 метрлик йўл қурилиши 5,4 млн сўмга, бошқа 850 метрли йўл қопламаси эса 31,9 млн сўмга тушган, уч километрлик йўл 26 млн сўм билан бино бўлган.
Ўзига тегишли бўлмаган соҳага бош суққан коммунал хўжалиги мутахассислари қишлоқлар ўртасида қулинг ўргилсин деса бўладиган зўр йўл қуришган бўлса керак, деб хомтама бўлманг. Жиноий гуруҳ давлат маблағларини талон-торож қилишга йўналтирилган пасткаш бизнесини юритган, холос. Табиийки, бунда ҳокимнинг биринчи ўринбосари ҳазилакам роль ўйнамаган.
Шу сабабли бўлса керак, йўл хўжалигида қинғирликка ҳамтовоқ бўлиб қолган туман коммунал хўжалигидаги азаматлар янада мураккаброқ вазифага – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларни дизель ёқилғиси билан таъминлаш ишига қўл урдилар.
Дунёдаги кўпгина мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистон ҳам ўз аграр соҳасини ривожлантириш дастурига эга. Бу дастур хилма-хил ҳимоя механизмлари, имтиёзлар ва субсидияларни қамраб олади. Хусусан, фермерларимизни баҳорда уруғликлар, ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлайдилар, буларнинг ҳақини йиғиб олинган ҳосил реализация қилинганидан кейин тўлайдилар. Йўлсоз коммуналчилар ана шу соҳага ўз «нигоҳлари»ни қаратиб, ўзларини синаб кўрмоқчи бўлишди.
Транспорт харажатлари эътиборга олинадиган бўлса, керосин етказиб берувчиларни қўшни туманлардан излаш арзонроққа тушарди. Лекин «бюджет маблағларини ўзлаштириш бобида анча пишиб етилиб қолган» усталаримиз маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар учун ёқилғи-мойлаш материаллари олишга мўлжалланган давлат пулларини қўлга киритгач, бошқа вилоятда жойлашган «Агро Трейд»2 МЧЖ билан 189,8 млн сўмга солярка сотиб олиш ҳақида шартнома туздилар. Уддабурон сотиб олувчиларни мазкур корхонада нефть маҳсулотлари сотиш ҳуқуқини берадиган лицензия ҳам, бундай фаолият билан шуғулланиш тажрибаси ҳам йўқлиги ҳайрон қолдирмади. Бутун бизнес ғоя тарафларнинг ўзаро келишуви бўйича фирибгарликка асосланган экан, бунақа майда-чуйда гапларга ким ҳам эътибор берар эди, дейсиз.
Кўриб чиқилаётган ҳолатда дизель ёқилғисининг олди-сотдиси қалбаки ҳисобварақ-фактуралардагина намоён бўлди. Пулларни эса, туман банкларидан бири орқали «ҳаракатлантириб» нақдинага айлантиргач, ўзлаштириб қўя қолишди. «Маҳсулот етказиб берувчилар» бу хизматлари учун 18,8 млн сўмлик бўлишди, банкнинг бош бухгалтери Анвар Алиевга бор-йўғи... 31 млн сўм тегди, қолган пуллар соляркани сотиб олувчи саховатпешалар чўнтагига тушди.
Айни ана шу усул билан яна бир вилоятда 75 млн ва 250 млн сўмлик дизель ёқилғиси харид этдилар.
Йўл жамғармасининг бошқа бир туман бўлинмаси бош механиги Қудрат Жуманиёзов ҳам қўлини совуқ сувга урмаган ҳолда мўмайроқ пул ишлагиси келиб қолди. Бу ишни қандай қилиш юзасидан маслаҳат сўраб, келиб-келиб Ғ.Ҳамидовга мурожаат қилганлигини қаранг. У ёрдам берди, албатта. Натижада Жамғарма тракторсиз қолди – бу трактор бирон-бир ҳужжатларсиз 12,4 млн сўмга сотиб юборилди.
Бу воқеанинг ғалати бир томони бор. Жуманиёзов бунга қадар Жиноят кодексининг «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўғирлик» деб номланган 167-моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган экан. Аммо у ҳеч нарса бўлмагандек, Йўл жамғармаси тизимида ишлашда давом этаверган ва кўрганимиздек, янги жиноятга қўл урган – давлат мулкини қонунга хилоф тарзда сотиб юборган.
Туман банкининг бош бухгалтери А.Алиев ҳам жуда ноёб, топилмас кадрлардан: кейинги 5 йил мобайнида судланмаган йили йўқ. 2012 йили суд уни Жиноят кодексининг «Мансаб совуққонлиги» деб номланган 207 ва «Ҳокимият ҳаракатсизлиги» деб номланган 208-моддаси билан айбдор деб топган, оқибатда эса амнистия жонига оро кирган. 2013 йилнинг бошларида уни «Ҳокимиятни ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш» деб номланган 205-моддаси билан айбдор деб топадилар ва яна... амнистия қўл келади. Орадан ярим йил ўтар-ўтмас у яна қора курсига ўтиради – унга «Мансаб сохтакорлиги» деб номланган 209-модда қатори 167 ва 205-моддалар билан жиноят айби қўйилади. 2 йилу 9 ой 17 кун муҳлатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилади.
Ўша жиноятчилик ҳақидаги детектив фильмларда ҳам бунақаси бўлмаса керак, менимча. Бизнинг тасаввуримизда ахлоқ тузатиш ишлари хайрли бўлса ҳам, нуфузи йўқроқ иш эканлиги боис, ишсиз юрганлар ҳам бундай ишга боришга жилла рағбат кўрсатмайдилар. Бу ерда эса, ахлоқ тузатиш ишларида жазо ўтаётган бир пайтда, биттаси тракторни пуллашнинг, бошқаси эса, нақд 30 миллион сўмдан ортиқроқ пул ишлаб олишнинг уддасидан чиқиб турибди-я!
Айбдор шахс жазони аввалги иш жойида ўташи лозимлигида эҳтимол қандайдир мантиқ бордир. Дейлик, банкнинг бош бухгалтери банкда, корхона директори қадрдон корхонасида ва шу йўсин... жазо ўташи чакки эмас-а. Бунақа риёкорликни эслатувчи кўнгилчанлик оқибати нималарга олиб келишини тасаввур қилиш қийин.
Биз қаламга олган воқеада ҳаммаси адолат билан тугади. Суд Ғ.Ҳамидов «командаси»нинг барча аъзоларини Жиноят кодексининг 167-моддаси ҳамда «Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловлар тўлашдан бўйин товлаш» деб номланган 184-моддаси билан айбдор деб топди. Айбланувчиларнинг ҳаммаси қилмишига пушаймон бўлиб, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаб берганликлари сабабли, суд уларни 1 йилдан 2 йилгача бўлган турли муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.
«Эртаги»миз эса шу билан ниҳоясига етди.
Амир МАҲМУДОВ,
ўз мухбиримиз.
1Келтирилаётган барча исм ва фамилиялар тўқима.
2Ташкилотнинг номи ўзгартириб берилмоқда. Ҳар қандай тўғри келиб қолиш ҳоллари тасодифийдир.