Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 08 / Божхона

Божхона ишининг ҳуқуқий асоси

 

Янги таҳрирдаги Божхона кодекси кучга киришига икки ойдан кам вақт қолди

 

Миллий матбуот марказида Давлат божхона қўмитаси ҳамда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрири – божхона ишининг ҳуқуқий асоси» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 

 

Божхона кодексини янгилаш зарурати

Хўш, БКни янгидан қабул қилишга қандай омиллар сабаб бўлди, унинг ўзига хос жиҳатлари ва афзалликлари, амалдаги Кодексдан фарқли жиҳатлари нималардан иборат? Матбуот анжуманида журналистларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси У.Сулаймонов ва ДБҚ Ҳуқуқий бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати подполковниги А.Қурбоновлар шулар ҳақида батафсил ахборот беришди.

Таъкидланганидек, бугунги кунгача амалдаги Кодекс ва «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонундан ташқари божхона ишини тартибга солишга оид 350 дан ортиқ турли қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Шунингдек, божхона қонунчилигини такомиллаштириш мақсадида Кодексга 16 маротаба, юқоридаги Қонунга 14 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, улар мазкур қонун ҳужжатлари умумий ҳажмининг 50 фоиздан кўпроқ қисмига таъсир кўрсатган.

Шу сабабли божхонага оид қонуности ҳужжатларининг сони ва доирасини қисқартириш, ушбу йўналишдаги қонунчилик нормаларининг юқори сифатлилигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмларини яратиш, божхона маъмуриятчилигининг барча босқич ва даражаларида норма ҳамда ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, шунингдек божхона органлари томонидан тартибга солишнинг ошкоралигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида самарали божхона назоратини ташкил этиш, ташқи савдо операциялари ривожланишини рағбатлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, ташқи иқтисодий фаолият, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига максимал даражада қулайликлар яратиш мақсадида БКнинг янги таҳрири қабул қилинди.

 

Божхона расмийлаштируви муддатлари қисқаради

12 бўлим, жами 412 та моддадан ташкил топган мазкур БКда божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товар ва транспорт воситаларини аниқ божхона режимига расмийлаштириш қоидалари тартибга солинган бўлиб, 16 турдаги (амалдаги Кодексда – 15 та) божхона режимлари, уларни қўллаш ва тугатиш шартлари ҳамда тартиблари батафсил ёритилган.

Янгича ёндашув божхона бошқарувининг консерватив соҳаси ҳисобланмиш божхона назоратида ҳам назарда тутилган. Божхона идораларининг маъмурий ресурслари (имкониятлари) энди танлов принципидан келиб чиқиб, божхона қонунчилигига риоя этилишини таъминлашга етарли бўлган божхона назоратининг тегишли шакллари билан чекланилади. БК янги 5 та, шу жумладан, маълумотлар олиш, божхона кўздан кечируви, товарлар махсус белгилар билан маркаланганлигини текшириш, товарлар чиқарилгандан кейинги божхона назорати, божхона кузатуви каби божхона назоратининг янги шакллари билан тўлдирилди, улар жами 12 тага етди (амалдаги Кодексда божхона назорати шакллари – 7 та эди).

Бу ўзгариш ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳуқуқларини чекламайди, аксинча, Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган товарларни самарали божхона назоратидан ўтказиш ҳамда уларнинг божхона расмийлаштируви муддатларини қисқартириш имкониятини беради.

 

Келгуси тўловлар учун пул маблағлари тушунчаси

Янги таҳрирдаги БКда божхона тўловларини тўлаш тартиби, шакли ва муддатлари батафсил ёритилган. Унда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг хоҳишига кўра тасарруф этиладиган «келгуси божхона тўловларини тўлаш учун пул маблағлари» тушунчаси ҳам киритилди. Унинг ёрдамида божхона тўловларининг тўланиши ҳамда давлат бюджетига ўтказиш расмиятчиликлари соддалаштирилиб, ушбу жараёнга сарфланадиган вақт янада қисқаради.

 

Учинчи шахс кафил бўла олади

Божхона кодексига божхона тўловларини тўлашни таъминлашнинг янги шакллари, шу жумладан «божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш» ва «учинчи шахснинг кафиллиги» тушунчаси киритилди. Бу эса ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисига ўз ҳохишига кўра, божхона тўловларини тўлашни таъминлашнинг 5 та (амалдаги Кодексда – 3 та) шаклидан бирини танлаш имконини беради.

 

АКТсиз бир қадам ҳам олға силжиб бўлмайди

Ягона ахборот маконини шакллантиришнинг умумжаҳон тенденциясини ҳисобга олган ҳолда, янги таҳрирдаги БК замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишга йўналтирилган ва асосий эътибор божхона ишида АКТни кенг қўллаш, уларни татбиқ этиш, улардан фойдаланиш, уларни ҳимоя қилиш масалаларига қаратилган.

Хусусан, ҳужжатлар айлануви тизимини ўрнатишда божхона расмийлаштируви учун зарур ҳужжатлар электрон кўринишда тақдим этилиши мумкинлиги назарда тутилган. Божхона декларациясида кўрсатилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати божхона божларини ҳисоблаш ва ундириш, божхона статистикасини шакллантириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилигини қўллаш мақсадлари учун зарур маълумотлар билангина чегараланади.

Қиёс учун: 2013 йилда республикамизда товарларни божхонада электрон тарзда декларациялаш таомили жорий қилинган бўлиб, ўша йили ТИФ иштирокчилари томонидан 39,2% божхона декларациялари электрон шаклда тақдим этилган эди, ҳозирда бу кўрсаткич 99%дан ошади.

 

Ўта қулай «бир дарча»

Тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш, уларнинг ҳужжатларни давлат органларига тақдим этиш билан боғлиқ сарсонгарчилигини камайтириш мақсадида Божхона кодексига ҳужжатларни «бир дарча» тамойили бўйича тақдим қилиш механизми ҳам киритилган. Кодексда божхона органларининг ТИФ қатнашчиларига маълумотларни тақдим қилиш ва уларга маслаҳатлар бериш бўйича мажбуриятлари батафсил ёритиб ўтилган.

 

Интеллектуал мулк ҳимояси кучайтирилди

Амалдаги қонунчиликда интеллектуал мулк объектларини олиб кириш ёки олиб чиқишга бўлган тақиқни тартибга солувчи қоида мавжуд эмас эди. Шунинг учун божхона органларига контрафакт товарларни ушлаш имконини берадиган, уни батафсил баён этадиган тартиб-таомилларга зарурат сезилди. БКда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари каби интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқ эгасининг, товарнинг келиб чиқиш жойи номидан фойдаланиш ҳуқуқи эгасининг ҳимояси билан боғлиқ бўлган янги тартиб киритилган. Агар божхона органлари божхона расмийлаштируви ва божхона назоратини амалга оширишда ҳуқуқ эгаси томонидан контрафакт деб кўрсатилган товарлар аниқланса, ҳуқуқ эгасига ўз ҳуқуқларини қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда ҳимоя қилиш имкониятларидан фойдаланиш имконини бериш учун бундай товарларнинг чиқарилиши тўхтатиб турилади. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар қўлланилиши тўғрисида қарор қабул қилинган интеллектуал мулк объектлари ДБҚ томонидан Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритилади.

 

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

ДБҚ Ахборот хизмати.

Прочитано: 2733 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика