Умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлган корхонада асосий фаолият тури пиво пишириш ҳисобланади. Ўз ишлаб чиқариш хонасини у ЯСТ тўловчидан ижарага олган. Унинг ҳудудида шаҳар водоканал тармоғидан бошқа сув манбалари мавжуд эмас.
Корхона пиво пишириш учун шаҳар водоканал тармоғидаги ичимлик сувдан фойдалана оладими? Ушбу ҳолда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш лозимми?
Ю.Тен,
МЧЖ директори.
– Ҳа, сиз ишлаб чиқариш мақсадлари учун сув таъминоти ташкилоти билан келишган ҳолда шаҳар сув таъминоти тармоғидаги сувдан фойдалана оласиз. Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларида (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 2-илова) белгиланишича, коммунал сув таъминоти тизимларидаги ичимлик сув истеъмолчи (субистеъмолчи)ларнинг истеъмол ва коммунал-маиший эҳтиёжлари, ёнғинларни ўчириш, шунингдек ичимлик сувдан фойдаланиш талаб этиладиган технологик ва ишлаб чиқариш жараёнлари учун мўлжалланган. Сув таъминоти ташкилотларида ичимлик сув билан таъминлашнинг техник имкониятлари мавжуд бўлган ҳолатларда, ихтисослашган истеъмолчилар1 учун марказий коммунал сув таъминоти тизимларидаги ичимлик сувдан фойдаланишга йўл қўйилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, пиво пишириш учун фойдаланиладиган сувга ишлаб чиқариш технологияси тақозо этадиган алоҳида талаблар қўйилади. Одатда ер усти манбаларидан пивопазлик ишлаб чиқаришида фойдаланиш мақбул эмас, чунки бундай сувни муайян параметрлар – органолептик (таъм ва қўшимча таъм, ҳид, ранг, лойқалик ва кишининг ҳис этиш аъзолари идрок этадиган бошқа жиҳатлар), физик-кимёвий, микробиологик параметрларни назарда тутадиган даражага етказишга тўғри келади.
Сув истеъмолчиси ва умумбелгиланган солиқлар тўловчиси сифатида сиз Солиқ кодексининг X бўлимига (257–264-моддалар) мувофиқ сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлашингиз керак. Солиқ кодексининг 260-моддасида белгиланишича, сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларидан сув келадиган водопровод тармоғидаги сувдан фойдаланилган тақдирда, солиқ солинадиган база манбанинг ҳар бир тури бўйича алоҳида-алоҳида аниқланади. Бунинг учун сув таъминоти ташкилотлари жорий солиқ даврининг 15 январигача солиқ органларига водопровод тармоғига сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларидан келиб тушадиган сув ҳажмларининг нисбати тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишлари керак2. Солиқ органлари эса 5 кун мобайнида ушбу маълумотларни солиқ тўловчиларнинг эътиборига етказадилар.
Сув истеъмоли ижарага олинган жойда амалга оширилганда солиқ тўловчи бўлиб сув таъминоти ташкилоти билан шартнома тузган шахс ҳисобланади. Агар ижарачида бундай шартнома мавжуд бўлмаса, бинолар бир қисми, айрим жойлар ижарага берилганда солиқ солинадиган база ижарага берувчи томонидан аниқланади. Ушбу ҳолда айни у истеъмол қилинаётган шу жумладан, ижарачи истеъмол қилаётган сувнинг бутун ҳажми учун сув таъминоти ташкилоти олдида жавобгар шахс бўлади.
Агар юридик шахс ижарага бинонинг бир қисмини олса ва сув таъминоти ташкилоти билан шартномани мустақил равишда тузса, солиқни ҳисоблаб чиқариш учун солиқ солинадиган базани у мустақил равишда аниқлайди.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Online» эксперти.
1Ихтисослашган истеъмолчи бўлиб технологик ва ишлаб чиқариш жараёнида ичимлик сувдан фойдаланишни талаб этадиган истеъмолчи ҳисобланади.
2«Сувсоз» ДУКнинг 12.01.2016 йилдаги 270/11-60-сон хатига мувофиқ Тошкент шаҳрининг водопровод тармоғига келиб тушадиган сув ҳажмларининг фоизлик нисбати 2016 йилда қуйидагиларни ташкил этади: 85,6% – ер усти манбаларидан; 14,4% – ер ости манбаларидан («СБХ»нинг 26.01.2016 йилдаги 4-сонига қаралсин).