Жамоат ташкилотида бухгалтерия ҳисоби қандай хусусиятларга эга?
Аъзолик бадаллари бухгалтерия ҳисобининг тартиби қандай? Унинг аъзолигидан чиқишда бирор-бир шартнома тузиш керакми?
Н.Иванова,
фирма бош бухгалтери.
Куч-бирликда
Жамоат ташкилотида ҳисоб юритишнинг асосий хусусиятлари биринчи навбатда унинг фаолияти нотижорат тусдалиги билан боғлиқдир. «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг (14.04.1999 йилдаги 763-I-сон) 10-моддасига мувофиқ жамоат бирлашмаси нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ташкил этиладиган шакллардан бири ҳисобланади.
Ўз ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ривожланиш, фан, маданият, экология ва ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги қонуний манфаатларини биргаликда рўёбга чиқариш учун бирлашган фуқароларнинг хоҳиш-иродаларини эркин билдиришлари натижасида вужудга келган ихтиёрий тузилма жамоат бирлашмасидир (15.02.1991 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги 223-XII-сон Қонуннинг 1-моддаси, бундан кейин – 223-XII-сон Қонун).
Жамоат бирлашмалари уставдаги вазифаларни бажариш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлган корхоналар ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотларни барпо этиш ҳуқуқига эгалар. Ишлаб чиқариш ва бошқа тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар жамоат бирлашмасининг аъзолари (қатнашчилари) ўртасида қайта тақсимланмайди ва ундан фақат устав вазифаларини бажариш учун фойдаланилади. Ўз маблағларидан ҳатто уставда кўрсатилмаган бўлса ҳам, хайрия мақсадлари йўлида фойдаланишларига йўл қўйилади. Жамоат бирлашмалари барпо этадиган корхона ва ташкилотлар бюджетга тўловларни қонун билан белгиланган тартибда ва миқдорда тўлайдилар (223-XII-сон Қонуннинг 17-моддаси).
Жамоат бирлашмалари, уларнинг ташкилотлари бинолар, иншоотлар, уй-жой фонди, ускуналар, асбоблар, маданий-маърифий ва соғломлаштириш мақсадлари учун мўлжалланган мулкларга, пул маблағига, акцияларга, бошқа қимматли қоғозларга ҳамда уларнинг уставларида назарда тутилган фаолиятни моддий таъминлаш учун зарур бўлган ўзга мол-мулкка, шунингдек интеллектуал мулк объектларига эгалик қилишлари мумкин. Бирлашмаларнинг уставларида кўрсатилган мақсадларга мувофиқ уларнинг маблағи ҳисобидан барпо этилган нашриётлар, бошқа корхоналар, хайрия муассасалари жамоат бирлашмаларининг мулки бўлиши мумкин. Жамоат бирлашмаларининг пул маблағлари, агар уставда тўлаш назарда тутилган бўлса, бирлашмага кириш ва аъзолик бадалларини тўлашдан; ихтиёрий равишда ўтказилган пул ва хайриялардан; уставга мувофиқ ўтказилган лекциялар, кўргазмалар, спорт тадбирлари ҳамда бошқа тадбирлар, лотереялар тушумларидан, ишлаб чиқариш, хўжалик ва ноширлик фаолиятидан олинадиган даромадлардан; қонун билан тақиқланмаган бошқа тушумлардан ташкил топади (223-XII-сон Қонуннинг 18-моддаси).
Ҳар бир сўм сатрга
Меҳнат тўғрисидаги қонунлар, шунингдек меҳнаткашларнинг ижтимоий таъминоти ва ижтимоий суғурта қилдириш тўғрисидаги қонунлар жамоат бирлашмалари аппарати ходимларига нисбатан жорий этилади (223-XII-сон Қонуннинг 4-моддаси).
Жамоат бирлашмаси нотижорат фаолиятининг ўзига хослиги бухгалтерия ҳисобида ҳам акс этади. Мақсадли маблағлар – мақсадли харажатлар – унинг асосий хусусияти ана шундай. Шундан келиб чиқиб, бухгалтерия ҳисобининг асосий вазифаси даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ амалга ошириладиган тушумлардан мақсадли фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилиш ҳисобланади.
Кириш ва аъзолик бадаллари – аъзоликка асосланган жамоат бирлашмаларини молиялашнинг асосий манбаларидан биридир. Уларнинг миқдори таъсис ҳужжатлари (устав) ёки бошқарув органларининг қарорлари билан белгиланади.
Аъзолик бадалларининг бухгалтерия ҳисоби
Хўжалик операцияси
|
Дебет
|
Кредит
|
Аъзолик бадаллари келиб тушди
|
Пул маблағларини ҳисобга олиш ҳисобварақлари (5010 – 5530) |
8830-«Аъзолик бадаллари»
|
Смета моддалари бўйича ъзолик бадаллари сарфланган: иш ҳақи; ижтимоий суғуртага ажратмалар; коммунал хизматларга харажатлар; телефон, телекоммуникация ва информацион харажатлар; жорий таъмирлаш учун харажатлар; хизмат сафарига харажатлар; товар-моддий харажатлар; бинони ижарага олиш харажатлари ва бошқалар |
8830-«Аъзолик бадаллари»
|
6710»Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»; 6520-«Мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар»; 6990-«Бошқа мажбуриятлар»; 4220-«Хизмат сафарларига берилган бўнаклар»; 1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар; 6910-«Тўланадиган оператив ижара» ва бошқалар |
Кириш ва чиқишнинг ихтиёрийлиги
223-XII-сон Қонуннинг 10-моддасида белгиланишича, жамоат бирлашмасининг уставида жамоат бирлашмаси аъзолигига қабул қилиш шартлари ва тартиби, ундан чиқиш шартлари ва тартиби назарда тутилиши керак. Унга аъзолик ихтиёрий бўлганлиги боис, одатда бирлашмага қабул қилиш ва унинг аъзолигидан чиқиш кирувчи (чиқувчи) шахснинг бирлашма бошқарувига тақдим этилган ёзма аризасига асосан амалга оширилади. Шу тариқа, жамоат бирлашмаси аъзолигидан чиқиш учун шартнома тузиш талаб қилинмайди, бирлашма аъзолигидан чиқиш тўғрисида ариза беришгина етарлидир.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Online» эксперти.