Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 08 / Долзарб масала

Камида иккига бўлиниш керак

 

Президентнинг «Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (21.12.2015 йилдаги ПҚ-2454-сон) билан акциядорлик жамиятлари устав капиталида хорижий инвесторларнинг улуши 15%дан кам бўлмаслиги кераклиги тартиби жорий этилди.

Бизнинг АЖда 100 дан зиёд акциядор бор, устав капиталимизда хорижий инвесторлар иштирок этмайди. Шу сабабли компаниямиз 2016 йил 1 июлгача кўрсатилган миқдорда чет эл инвесторларини жалб этиши ёки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга қайта ташкил этилиши керак. Кейинги ҳолат муносабати билан савол туғилади: агар бирорта акциядор жамиятдан чиқиш ва ўз акцияларини сотиш ниятида бўлмаса, биз қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклга ўтишимиз мумкин?

АЖ раҳбари.

 

– Амалдаги қонун ҳужжатлари тижорат ташкилотлари ҳисобланадиган юридик шахсларнинг қуйидаги ташкилий-ҳуқуқий шаклларини назарда тутади:

масъулияти чекланган (қўшимча масъулиятли) жамият;

хусусий корхона;

тўлиқ ва коммандит ширкат;

оилавий корхона;

кооператив (ишлаб чиқариш кооперативи, матлубот кооперативи, ишлаб чиқариш-матлубот кооперативи ва ҳ.к.);

унитар корхона.

100 нафардан зиёд акциядори бўлган акциядорлик жамияти қуйидагиларга ўзгартириш йўли билан қайта ташкил этишни амалга ошира олмайди:

● хусусий ва унитар корхонага, чунки мазкур ташкилий-ҳуқуқий шакллар учун амалдаги қонун ҳужжатлари ягона мулкдорни назарда тутади (ФКнинг 70-моддаси; 11.12.2003 йилдаги «Хусусий корхона тўғрисида»ги 558-II-сон Қонуннинг 3-моддаси 1-қисми);

● оилавий корхонага, чунки фақат оила аъзолари (оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари ва набиралари, ота-онаси), меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари) унинг иштирокчилари бўлиши мумкин (26.04.2012 йилдаги «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги ЎРҚ-327-сон Қонуннинг ­5-моддаси 1-қисми);

● масъулияти чекланган (ёки қўшимча масъулиятли) жамиятга, чунки мазкур ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги жамият иштирокчиларининг сони 50 кишидан ошмаслиги лозим (6.12.2001 йилдаги «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида» 310-II-сон Қонуннинг 7-моддаси 6-қисми).

Айтилганларни ҳисобга олганда акциядорлик жамияти акциядорларининг сони 50 кишидан ошганда, фақат тўлиқ ёки коммандит жамияти ёхуд кооператив этиб қайта тузилиши мумкин.

Тўлиқ ширкат деб иштирокчилари (тўлиқ шериклари – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар) ўз ўрталарида тузилган шартномага мувофиқ ширкат номидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган ҳамда унинг мажбуриятлари бўйича ўзларига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб берадиган тижорат юридик шахс ҳисобланади (6.12.2001 йилдаги «Хўжалик ширкатлари тўғрисида» 308-II-сон Қонуннинг 8-моддаси).

Коммандит ширкат деб тўлиқ шериклар билан бир қаторда бир ёки бир неча иштирокчи (ҳисса қўшувчи, коммандитчи) мавжуд бўлган ширкатга айтилади. Биринчилари ширкат номидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади ҳамда ширкатнинг мажбуриятлари бўйича ўзларининг бутун мол-мулклари билан жавоб беради. Кейингилари ширкат фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар доирасида жавобгар бўлади ҳамда ширкат томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этмайдилар (308-II-сон Қонуннинг 28-моддаси).

Иштирокчиларнинг етарлича кенг миқёсдаги жавобгарлиги туфайли ушбу ташкилий-ҳуқуқий шакллар ҳозирги вақтда бизнес вакиллари ўртасида унча оммалашмаган. Бу эса табиий, зеро худди шундай жавобгарликда хусусий ва оилавий корхоналарга қонун ҳужжатларида имтиёзлар назарда тутилган. Чунончи, масалан, улар мулкдорларининг соф фойдаси солиқ солишдан озод қилинган. Хўжалик ширкатларига ҳозирги вақтгача бирор-бир махсус имтиёзли солиқ режими ёки бошқа режим назарда тутилмаган.

Кооперативларга келганда, улар аъзоларининг жавобгарлик доиралари жиддий равишда фарқланади: баъзилари зарар учун йиллик даромади ёки пай бадали суммалари доирасида жавобгар бўладилар, бошқалари (жамоавий аъзолар (юридик шахслар) мустақил мулкий жавобгар бўлиб, унинг доирасини устав белгилайди (14.06.1991 йилдаги «Кооперация тўғрисида»ги 295-XII-сон Қонуннинг 8-моддаси).

Узоқ вақтдан бери Ўзбекистонда энг мақбул ва кенг қўлланиладиган бизнес шакли бўлиб масъулияти чекланган жамият ҳисобланади. Унинг иштирокчиларининг энг кўп миқдорига қонун ҳужжатларининг талабларини эътиборга олганда АЖ МЧЖга ... бўлиниш йўли билан қайта ташкил этилиши мумкин, бунинг натижасида 1 акциядорлик жамияти ўрнида кам деганда 2 та масъулияти чекланган жамият пайдо бўлади (26.04.1996 йилдаги «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» 223-I-сон Қонуннинг 95-моддаси, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда).

Хулосада шуни эслатиш лозимки, АЖ тўғрисидаги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритган, 29.12.2015 йилдаги ЎРҚ-396-сон Қонунга биноан акциядорлик жамияти Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ тузилган йиллик молиявий ҳисоботни у халқаро ­аудит стандартларига мувофиқ ташқи аудитдан ўтказилганидан кейин, акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида 2 ҳафта олдин эълон қилиши шарт. 2015 йил 30 декабрдан кучга кирган мазкур талаб бузилишига йўл қўймаслик учун ХМҲСга мувофиқ ахборотни очиб беришга ўз вақтида тайёрланиш ёки акциядорлик жамиятининг устави билан белгиланган акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишини ўтказиш санасидан камида 2 ҳафта олдин акциядорлик жамиятининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш лозим (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 58-моддаси).

Фаолият юритаётган акциядорлик жамияти базасида ташкилий-ҳуқуқий шаклнинг ўзгариши орқали бизнесни қайта таркиблашнинг энг муваффақиятли шаклини танлаш учун муайян АЖ фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини ва мижознинг бошқа индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тўлақонли профессионал маслаҳатлар олиш учун аудиторлик ташкилотларидаги мутахассисларга ёки адвокатлик тузилмаларига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.


Екатерина
АДЕЕВА,

«Ancora Consulting and Legal Service» АФ

бошқарувчи шериги ўринбосари.

Прочитано: 2479 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика