Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 08 / Ахборот-коммуникация технологиялари

Уйда ўтириб тўлаш мумкин

 

Ўзбекистон Республикасининг 2005 йил 16 декабрдаги «Электрон тўловлар тўғрисида»ги Қонуни электрон ҳисоб-китобларни, хусусан, банк тўлов тизимларини кенг қўллаш орқали электрон ҳисоб-китобларни янада ривожлантиришга имконият яратди.

 

Операциялар нархининг арзонлиги, бажарилиш тезлигининг юқорилиги, масофадан туриб тўловларни амалга ошириш мумкинлиги электрон пулларнинг муҳим афзалликлари ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 19 апрелдаги «Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори мамлакатимизда электрон тўлов тизимини янги босқичга кўтарди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон банклари ассоциацияси ва Ягона умумреспублика процессинг маркази томонидан Uzkart банклараро тўлов тизими иштирокчилари бўлган тижорат банклари билан биргаликда онлайн режимида ишлайдиган «Smart-Vista» EMV технологик платформаси жорий этилди.

Бу турдаги пластик карточкалар орқали мижоз ўз карточка ҳисобварақларини реал вақт ичида бошқара олади. Бугунги кунда онлайн режимида ишлайдиган пластик карточкалар сони 8 миллиондан ошган. Бу мамлакатимизда барча банклар томонидан муомалага чиқарилган пластик карточкаларнинг ярми деганидир.

2013 йил сентябрь ойида Ягона умумреспублика процессинг маркази ва Click компанияси ҳамкорлигида мобиль-банкинг тизими ишга туширилди. Хизматга уланиш учун онлайн пластик карточка фойдаланувчиси исталган банк ёки инфокиоскда Uzkart SMS-ахборот бериш хизматини мобиль телефонига улаши, сўнгра бепул USSD сўровини жўнатиб, ўз пластик карточкасини тизимга боғлаши лозим. Шундан кейин фойдаланувчи мобиль телефон ёки интернет орқали нафақат уяли телефон, интернет, телевидение ва коммунал хизматлар учун тўловни амалга ошириши, балки уйдан чиқмаган ҳолда интернет дўконлардан турли маҳсулотларни харид қилиши мумкин.

Сlick тизими фойдаланувчиларга USSD, SMS ва интернет порталлари воситасида маблағни бир ҳисобдан бошқа ҳисобга ўтказиш, рўйхатдан ўтказилган мобиль рақами ҳисобини автоматик тўлдириш имконини берадиган «автотўлов»ни фаоллаштириш, тўловлар тарихини кўриш, банк ҳисобварақлари ҳолати тўғрисида SMS хабарлар олишда беминнат дастёр бўлади.

Ҳозирги пайтда ушбу тизим орқали уй ва мобиль телефон, интернет хизматлари учун тўловлардан ташқари 52 турдаги интернет сервис, 20 турдаги савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари билан ҳисоб-китобни амалга ошириш мумкин. Хусусан, «Аvtech», «UZTE» компаниялари томонидан компьютер ва мобиль телефонларини харид қилиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлганларга рўйхатдан ўтказиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатувчи «Gosuslugi.uz» харажатларини тўлаш мумкин.

Алоқа, интернет, телевидение, коммунал хизматлар, солиқ, жарима ҳамда бошқа тўловларни, шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан татбиқ этилган «Sms-To'lov» (UPAY), «National Engineering Technologies» компанияси томонидан жорий қилинган MBANK электрон тўлов тизимлари ёрдамида ҳам реал вақт режимида амалга ошириш мумкин.

Электрон ҳисоб-китоблар воситачилик ҳақисиз, сутканинг ҳар қандай вақтида амалга оширилиши аҳолига катта қулайлик яратмоқда.

Бундай имкониятлар банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимларидан (банк-мижоз, интернет банкинг, мобиль-банкинг, SMS-банкинг ва бошқалардан) фойдаланувчилар сонининг ошишига хизмат қилмоқда. Мобиль-банкинг ҳамда SMS-банкинг хизматидан фойдаланувчилар сони ўтган йилдагига нисбатан икки баробар ўсди. Сlick хизмати мижозлари бир миллиондан ошиб кетди.

Мамлакатимизда электрон тўлов механизмларининг такомиллаштирилиши электрон савдо имкониятларини янада фаоллаштириш имконини бермоқда. Бу товарлар айланиши, пул муомаласини янада тезлаштириш, бозорларнинг очиқлигини оширишга, пировардида, халқимиз турмуш даражасининг янада яхшиланиб, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишига хизмат қилади.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 2471 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика