Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 08 / Божхона

Посилкада эҳтиёт қисмлар жўнатилса...

 

Биз компьютер жиҳозлари, шунингдек бошқа офис жиҳозларини таъмирлаш бўйича хизматлар кўрсатамиз. Бизга улар учун эҳтиёт қисмларни хориждан Интернет-дўконлар орқали сотиб олиш мумкинлигини айтишди. Бунда қандай ҳужжатларни расмийлаштириш лозим? Айтишларича, расмийлаштиришнинг қандайдир янги тартиби пайдо бўлибди. Ҳақиқатан ҳам бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларга ноль даражали ставка мавжудми? Ёки жўнатма учун барибир божхона божлари ва яна қандайдир йиғимларни тўлашга тўғри келадими? Агар тўғри келса, тахминан қанча тўланади?

А.Цай.

 

14 мартдан – янгича қоидалар

ДБҚнинг Қарори (АВ томонидан 11.12.2015 йилда 896-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Халқаро почта жўнатмалари устидан божхона назоратининг вақтинча қоидаларига1 ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади, улар жорий йилнинг 14 мартидан кучга киради. Уларга кўра жисмоний шахсларнинг кириш ва чиқиш халқаро почта жўнатмалари (ХПЖ) ва Халқаро курьерлик жўнатмаларига (ХКЖ) божхона ҳужжатларини расмийлаштириш CN22, CN232 божхона декларацияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Агар божхона органи қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона тўловларини ҳисоблаб ёзган бўлса, БЮД расмийлаштирилади.

 

Ҳозирча – эскичасига

Юридик шахсларнинг кириш ва чиқиш ХПЖ ва ХКЖга доир божхона ҳужжатларини расмийлаштиришни Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тартибга солади. Унинг 5.5-бандида назарда тутилишича, «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида жойлаштириладиган товарларнинг божхона расмийлаштируви чоғида Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати (ВМнинг 20.07.2015 йилдаги 197-сон Қарори) билан белгиланган ҳужжатлар тақдим этилади. Улар жумласида:

божхона юк декларацияси;

транспорт ҳужжатлари (транспорт турига қараб юкхати) ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (инвойс);

товарларнинг келиб чиқиши сертификати (манфаатдор шахснинг хоҳиши бўйича ва унинг зарурлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда).

 

Имтиёзли товарларни олиб кириш чоғида Тадбиркорлик субъектлари – импортёрлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 22.05.2013 йилдаги 139-сон Қарори билан тасдиқланган) мувофиқ экспорт божхона юк декларацияси ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжат ёки олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун бошқа ҳужжатларни тақдим этиш лозим.

 

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси барча зарур ҳужжатларни, шу жумладан ваколатли органларнинг ҳужжатларини қоғоз шаклида ёки электрон тарзда тақдим этиши мумкин (Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартиби тўғрисидаги низом, ВМнинг 31.12.2014 йилдаги ­376-сон Қарори билан тасдиқланган). Кейинги ҳолда уларни «Товарларнинг электрон декларацияланиши» автоматлаштирилган ахборот тизимига электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда ваколатли орган ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис киритиши керак.

 

Божхона органи томонидан божхона тўловлари ҳисоблаб ёзилган ХПЖ ва ХКЖларнинг божхона расмийлаштируви фақат БЮД тўлдирилганидан ва уларни олувчилар ҳисоблаб ёзилган божхона тўловларини тўлагандан кейин амалга оширилади.

Агар ХПЖ ва ХКЖ олувчиси божхона назорати ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлса, божхона органининг мансабдор шахси кузатув ҳужжатларига «Bojxona nazoratidagi yuk» белгисини қўйиши, имзо чекиши ва шахсий муҳр изи билан тасдиқлаши керак. Сўнгра, юкни етказишни назорат қилиш дафтарчасини тўлдириб, жўнатмани божхона назорати остида фаолият ҳудудида олувчи жойлашган божхона органига юбориши лозим.

 

Тўловларни тўлаймиз

Сизнинг ҳолатда божхона тўловларини тўлашга тўғри келади, чунки почта жўнатмасида тижорат мақсадлари учун мўлжалланган товарлар олиб кирилади.

Божхона кодексининг 103-моддасига мувофиқ товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қуйидаги божхона тўловлари тўланади: импорт божхона божи; акциз солиғи (акцизли товарлар учун); ҚҚС ва божхона расмийлаштируви учун йиғим. Мазкур тўловларнинг миқдорини белгилаш учун қўшимча ахборот талаб қилинади. Уларни ҳисоб-китоб қилиш учун қуйидагилар керак бўлади:

1) товарнинг тўлиқ номи ва қиймати;

2) Ўзбекистон Республикаси ТИФ Товар номенклатураси (2012 йилги версияси) бўйича 10 белгили даражада товар коди;

3) товар келиб чиққан мамлакат;

4) товарнинг физик тавсифлари.

Импорт божхона ставкалари Президентнинг «Товарлар импортини божхона-тариф жиҳатдан бошқаришни такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (28.06.2011 йилдаги ПҚ-1560-сон) билан тасдиқланган.

Ўзбекистонга олиб келинадиган акцизли товарларга доир акциз солиғи ставкалари Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарорига (22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон) 13-2-иловада тасдиқланган.

Товарни импорт қилишда ҚҚС ставкаси солиқ солинадиган базанинг 20%ини ташкил этади (Солиқ кодексининг 206-моддаси).

Товарларни божхона режимида расмийлаштирганлик учун божхона йиғими ставкаси божхона қийматининг 0,2%ига тенг, бироқ камида 25 АҚШ доллари ва 3 000 АҚШ долларидан ортиқ эмас (Вазирлар Маҳкамасининг 30.04.1999 йилдаги ­204-сон Қарори).

 

Имтиёзлар бўлмайди

Сизни қизиқтираётган имтиёзга келсак, у Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кирадиган товарларга берилади. Шу боис сизнинг товарларингизга имтиёз татбиқ этилмайди.

Президентнинг «Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг (14.03.2007 йилдаги ПФ-3860-сон) 5-банди 2-хатбошисига мувофиқ божхона тўловлари бўйича имтиёзлар, агар технологик жиҳозларни етказиб бериш бўйича шартнома шартларида назарда тутилган бўлса, бутловчи ва эҳтиёт қисмларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 


114.03.2016 йилдан ҳужжатнинг номи «Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари устидан божхона назоратининг вақтинча қоидалари» янги таҳририда баён этилади.

2CN22 ва CN23 – улар ҳозирги вақтда амал қилаётган Жаҳон почта иттифоқи ҳужжатларида (Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш бўйича халқаро конвенцияга (Киото, 18.05.1973 йил) КМахсус таомиллар» махсус иловаси) баён этилган почта жўнатмаларининг махсус шаклларидир.

 


Прочитано: 2606 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика