Пойтахтимизнинг «Миран» меҳмонхонасида ўтказилган «Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни ривожлантириш» халқаро конференцияси долзарб аҳамиятга эга. Ҳам минтақавий, ҳам глобал даражада қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг йирик етиштирувчиси бўлган республикамиз юқори ресурс салоҳиятига эгадир. Унинг мева ва сабзавотлари ҳажмлари ўз аҳолиси эҳтиёжларини таъминлабгина қолмай, балки бу маҳсулотлар чет эл бозорларига етказиб берилишини ҳам кенгайтиради.
Тадбирни Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича USAID лойиҳаси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан шерикликда, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермерлар кенгаши, Латвия элчихонаси, Халқаро молия корпорациясининг (IFC) кўмагида ташкил этди. Унда ЎзР давлат тузилмалари, Латвия, Қозоғистон, Россия, Қирғизистон ва Беларусь харид қилиш компаниялари, мамлакатимиз агрофирмалари ва фермер хўжаликлари, бизнес ва халқаро ташкилотларнинг 120 дан зиёд вакили иштирок этди.
Тадбир якунларини чиқараркан, иштирокчилар белгиланган мақсадга эришилганлигини таъкидлашди. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатларида Ўзбекистон маҳсулотларини сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича тавсиялар ва таклифлар шакллантирилди.
Сибирдаги «Holidey» дўконлари (100 га яқин) тармоғи вакили Станислав Ильин (Новосибирск), «EuroLogisticsPark» компанияси (Латвия) вакили Андрей Колупаев, «Евроторг» компанияси (Беларусь) вакили Денис Соловьёв ва бошқа меҳмонлар ушбу маҳсулотларни бозорга муваффақият билан олиб кириш учун нималар қилиш кераклиги ва халқаро савдо тармоқларининг уларни етказиб беришга доир талаблари тўғрисида сўзладилар. Уларнинг ҳаммаси функционал идиш ва маҳсулотнинг ташқи кўриниши муҳимлигига, шунингдек олдиндан 100% ҳақ тўлаш талаби туғдираётган мушкулликларга эътибор қаратдилар. Европа ва Марказий Осиё агробизнесига стандартларни жорий этиш бўйича IFC маслаҳат бериш дастурининг раҳбари Ольга Шчербина GlobalGap сертификацияси тақдимотида озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларига амал қилиб янги бозорларга чиқиш мумкин эканлигига эътибор қаратди.
Конференцияда «Экспортни ривожлантириш учун давлат ва хусусий йўналишдаги ҳамкорлик» ҳамда «Органик деҳқончиликни ташкил этиш ва унинг маҳсулотлари экспорти» деб номланган иккита давра суҳбати бўлиб ўтди. Биринчи давра суҳбати иштирокчиларининг таъкидлашича, Марказий Осиё мамлакатларидаги давлат ва хусусий йўналишдаги ҳамкорлик миллий иқтисодиёт ва халқаро савдони ривожлантиришга, минтақа мамлакатлари ЯИМдаги улуши 30%дан 56%гачани ташкил этадиган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ролини оширишга хизмат қилади. Минтақада ташқи савдонинг ўсиш суръатлари ЯИМ суръатларидан илгарилаб кетди.
Шу билан бирга ҳозирча нафақат унинг учун анъанавий бўлган соҳаларда, балки ташқи савдода ҳам бундай ҳамкорликни амалга оширишнинг самарадор тузилмалари ва механизмлари ишлаб чиқилмаган. Бу минтақа мамлакатларида у ҳозирча бизнес ва давлатнинг реал талабларига жавоб бермаётганлигидан далолат беради. Заиф меъёрий ва ҳуқуқий база, ахборотнинг етишмаслиги, рейтинг ва хатарларни баҳолаш механизмлари, тизимининг мавжуд эмаслиги, шунингдек бизнес ҳамда ҳокимият ва бошқарув органларининг тайёр эмаслиги уни ривожлантириш йўлида тўсиқ бўляпти. Давлат билан хусусий савдо ташкилотлари ўртасидаги самарали мулоқотда икки томонлама симметрик коммуникация бўлиши керак. Иккала тараф бир-бирини эшитиши ва ҳамкорлик қилиш имкониятларини излаши учун экспортни ривожлантириш мақсадида давлат ва хусусий йўналишдаги ҳамкорликни қўллашнинг «йўл харитаси» концепциясини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Шунингдек маҳаллий товарларнинг ташқи бозорларга ҳаракатланиши йўлидаги асосий тўсиқларнинг (чегараларни кесиб ўтиш пунктларида меъёрдан ортиқча ушланишлар, инфратузилма сифатининг пастлиги, меъёрий ва ҳуқуқий базанинг етарлича уйғунлашмаганлиги, юк ортиш-тушириш ишлари унумдорлигининг юқори эмаслиги ва ҳоказо) йиллик таҳлилномасини нашр этиш, мамлакатлар ичида ҳам, минтақавий даражада ҳам «бизнес – бизнес учун» (В2В) формуласи бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш учун веб-ресурслар барпо этиш зарур.
Ўзбекистонлик мева-сабзавот маҳсулоти экспортчилари Европа, Евросиё ва Марказий Осиёдаги харидорлар билан амалий учрашувлар ўтказдилар. Беларусдаги 7 йирик компания вакиллари биринчи маротаба мамлакатга қовун ва узум етказиб бериш хусусида аҳдлашиб олдилар.
ИМКОНИЯТЛАРИМИЗ САЛМОҚЛИ
Муҳаммаджон ҚОСИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси ҚСХВ Қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар бўйича комплекс раҳбарининг ўринбосари:
– Ўзбекистон минтақада мева-сабзавот маҳсулотларининг йирик етиштирувчиси ва экспортчиси ҳисобланади. Бироқ унинг имкониятлари бундан ҳам катта.
Бизда қандай фойдаланилмаган имкониятлар ва захиралар бор? Биринчидан, илғор ютуқларни жорий этиб, картошка ҳосилдорлигини 2 баравар, узумникини – 3,5 баравар, сабзавотларникини – 3 баравар, меваларникини – 4,5 баравар кўпайтира оламиз. Иккинчидан, ноёб табиий-иқлим шароитимиз экспортга йўналтирилган ғоятда хилма-хил экинларни етиштириш имконини беради.
Озиқ-овқат экинлари банд этган майдонларни пахтазорларни қисқартириш ҳисобига кенгайтириш ушбу вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади. Ҳозирги вақтда суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларининг 20%га яқинидан мева, сабзавот ва узум етиштириш учун фойдаланилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг умумий ҳажмида уларнинг улуши 42%ни ташкил қилади.
Интенсив боғдорчиликни рағбатлантириш учун четдан олиб келинадиган кўчатлар, техника ва асбоб-ускуналарга божхона имтиёзлари бериляпти. Натижада 4 йил ичида қарийб 20 минг гектар ерда томчилаб суғориладиган юқори ҳосилдор пакана ва ярим пакана интенсив боғлар барпо этилди. Усти ёпиқ тупроқда витаминга бой мевалар етиштириш бир йилда уч мартагача ҳосил олиш имконини беради. 5 йил ичида деярли 1,5 минг гектар майдонда 11 мингдан зиёд иссиқхона барпо этилди. Уларнинг 600 дан кўпида Европа мамлакатлари, Жанубий Корея, Туркия, Хитой, Исроилнинг илғор технологиялари қўлланяпти. Мамлакат аҳолисининг томорқаларида 10 мингта енгиллаштирилган иссиқхоналар ишлаяпти.
Ўзбекистон мева-сабзавотчилик ва узумчиликни комплекс ривожлантириш учун етарлича илмий салоҳиятга ҳам эга. Мазкур масалалар билан 10 дан ортиқ илмий муассаса, жу жумладан 3 та ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот институти шуғулланмоқда. Чекланган ер ва сув ресурсларига эга бўлган мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва органик деҳқончиликни ривожлантиришнинг интенсив йўлини танлади. Зараркунандаларга қарши курашнинг биологик усулларини кенг қўллаш ҳисобига экологик жиҳатдан тоза озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини кўпайтириш имкониятлари ошди.
ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ЕТКАЗИБ БЕРИЛАДИ
Жаҳонгир МУСТАФОЕВ,
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш фондининг ижрочи директори:
– Жорий йилда Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича USAID лойиҳаси билан бирга Фарғона ва Самарқандда ана шундай тадбирлар ўтказдик. Уларда иштирок этган Фарғона ва Зарафшон водийлари экспортчилари ушбу минтақалардан экспортга етказиб беришларни анча кўпайтириш имконини берган бир қатор ўзаро фойдали битимлар туздилар. Бугунги конференция Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва бошқа вилоятларнинг тадбиркорлари ва фермерларига режали ҳамда кенг миқёсли кўмак беришни мантиқан давом эттиради. Имзоланган контрактларнинг бири ҳозирги тадбир ўтказилаётган кунларда амалга оширилди – Фарғона водийсидан товар «Магнит» супермаркетлар тармоғига (РФ) тўғридан-тўғри юклаб жўнатилди.
Ҳозир ҳам мева ва сабзавотларни етказиб бериш бўйича аниқ келишувлар мавжуд, тадбиркорлар оғзаки равишда савдо уйларини бунёд этишга аҳдлашиб олдилар ва амалга ошириш чораларини ишлаб чиқмоқдалар. Бизнинг Фондимиз маҳаллий етиштирувчилар ва уларнинг чет эллик ҳамкорларига масалаларнинг бутун доираси бўйича кўмак беради.
Ушбу учрашувлар «FruitReal», «FruitPoint», «PalmTorgTrade», «Holidey» сингари йирик хорижий савдо тармоқлари ва халқаро экспертларнинг вакиллари, Россия, Қозоғистон, Латвия, Беларусь халқаро савдо ташкилотлари вакилларининг иштирок этиши билан ажралиб туради. Улар Ўзбекистонга аниқ мақсад билан – бевосита музокаралар олиб бориш ҳамда янги ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етказиб беришга контрактлар тузиш учун келдилар.
Кейинги вақтда Европа ва Осиё бозорларида унга талабнинг ошганлиги кишини қувонтиради. Кейинги 2 йил ичида етказиб бериш географияси Норвегия, Таиланд, Вьетнам, Малайзия, Индонезия, Бразилия, Кипр, Македония, Чили, Япония, Руминия, Словакия, Канада, Болгария ва АҚШ ҳисобига кенгайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон 180 турдан ортиқ янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотини дунёдаги 80 мамлакатга экспорт қилади. Кейинги 3 йил ичида уни олиб чиқиш ҳажмлари 3 баравардан зиёд ошди. Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ҳамда бир қатор бошқа мева ва сабзавотларни етказиб бериш бўйича дунёдаги етакчи ўнликка киради. Мисол учун, ўзбек гилоси ва қовуни Бельгия, Норвегия, Болтиқбўйи мамлакатлари бозорларида мустаҳкам ўрин эгаллаган.
ИҚТИСОДИЁТ АГРАР СЕКТОРИНИНГ АСОСИЙ ТАЯНЧИ
Содиқжон ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон фермерлар кенгаши раиси:
– Бугунги кунда мамлакатимизда 67 800 дан зиёд фермер хўжалиги фаолият юритяпти. Фермерларга солиқ имтиёзлари берилган, улар банк кредитлари ва лизинг хизматлари билан таъминланмоқда, улар маҳсулотини экспорт қилиш ва инвестицияларни жалб этишда ёрдам кўрсатиляпти.
Фермерлар кенгаши ишчи дастурларни ишлаб чиқиб тасдиқлади, улар доирасида имтиёзлар ва имкониятлар қанчалик талабгирлигини аниқлаш учун кейинги 3 йил ичида барча фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш ва иқтисодий кўрсаткичлари таҳлил қилинди. Ерлар ҳолати, тупроқ таркиби, сув, маъданли ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминланганлик, хўжаликларнинг молиявий ҳолатини ўрганиш якунлари бўйича камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланди ва келгуси вазифалар тайинланди.
Хўжаликларга амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан ўзаро муносабатлари самарали тизимини барпо этиш масалалари ўқув семинарларида ҳам муҳокама қилиняпти.
ЕХҲТ, GIZ (Германия), JICA ва JIRCAS (Япония) сингари халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш фермерлар ва мутахассисларни замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларига муваффақиятли ўргатиш имконини беради. Фермерлар кенгашининг қўллаб-қувватлаши туфайли фермер хўжаликларининг раҳбарлари ўз маҳсулотларини хориждаги халқаро кўргазмаларда намойиш қилишга муваффақ бўлдилар.
ҲАМКОРЛИК БИРЛАШТИРАДИ
Виктор ПРОДЕДОВИЧ,
Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича USAID лойиҳаси (RЕC) раҳбари:
– Кейинги йилда Лойиҳамиз Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш фонди билан биргаликда бир қатор тадбирлар ўтказди, натижада гилос, қовун, анор, кишмиш, ловия, баргак, қора олхўри ва тўқимачилик буюмларини етказиб бериш бўйича 200 млн USDдан ортиқ миқдорда шартномалар тузиш туғрисида келишувлар имзоланди. Самарқанддаги апрель конференцияси иштирокчилари Мева-сабзавот ҳамкорлигини тузиш ташаббускори бўлдилар. Тошкент ва Урганчда ЎзР Фермерлар кенгаши билан бирга Ўзбекистонда органик маҳсулот етиштириш бўйича амалий тренинглар ўтказилди. Ривожланиш имкониятлари таҳлили ҳамда Ўзбекистондан Латвия ва ЕИ мамлакатларига янги мевалар, сабзавотлар, қуруқ мевалар ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича амалий тавсиялар тайёрланди. Якунлар бўйича мева-сабзавот маҳсулотлари, қуруқ мевалар ва ёнғоққа оид ЕИ бозори таҳлилномаси шакллантирилди; ЕИ мамлакатларига олиб кириладиган маҳсулотларга асосий талаблар шакллантирилди; транспорт-логистик ҳамкорлик вазифалари тақдим этилди; товарларни ЕИга экспорт қилишнинг асосий муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари ёритилди.
* * *
Кейинги йилларда Ўзбекистон дала ва боғларидаги меваларни чет эл бозорларига экспорт қилиш жўшқин ривожланяпти. Август ойининг охирида бўлиб ўтган халқаро конференция ушбу соҳада маҳсулотларни якка тартибда олиб чиқиш ўрнини кўп босқичли юқори технологик тармоқ эгаллаётганини, унинг маҳсулоти нафақат ўзбекистонлик, қозоғистонлик, Россиялик харидорлар учун таниш ва талабгир маҳсулотга айланаётганини кўрсатди. У Европа, Америка, Осиё савдо тармоқларида мустаҳкам ўрин олмоқда.
Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
махсус мухбиримиз.