Мулкида республика ҳудудида жойлашган уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовлилар, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар бўлган, шунингдек мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар солиқларни тўлашлари керак.
Бироқ ушбу солиқларни тўлашдан аввал сизга уларни тўлаш тўғрисида тўлов хабарномаси келган-келмаганлиги ва унда хатоларнинг бор-йўқлигини текшириш керак. Агар хатоликлар бўлса, барча саволларни олдиндан, тўлашнинг охирги кунини кутмасдан ҳал этиш лозим.
Мол-мулк солиғи бўйича ҳам, ер солиғи бўйича ҳам ДСИ ходимлари солиқ тўловчига ҳар йили 1 майдан кечиктирмай хабарнома топширадилар. Бунинг маъноси шуки, ушбу солиқларни ўзингиз ҳисоблашингиз керак эмас, буни солиқ органлари қиладилар. Бунда, солиқ тўловчининг яшаш жойидан қатъи назар, ҳисоб-китоб ва тўлов мол-мулк объекти ёки ер участкаси жойлашган жойида амалга оширилади.
солиқларни ўз вақтида тўланг
1-ВАЗИЯТ. Хабарнома олиб келишмади
ДСИда сизнинг мол-мулкингиз ёки ер участкангиз ҳақида маълумотлар йўқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай ҳолда ДСИга мурожаат қилиш ва бунинг сабабларини аниқлаш зарур.
Солиқларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотларни ДСИ ходимларига тегишли ваколатли органлар ҳар йили 1 февралга қадар тақдим этадилар. Тегишли ҳудудда жойлашган ер участкалари ва бошқа кўчмас мулкнинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисидаги ахборотни рўйхатдан ўтказувчи органлар 1 январь ҳолатига кўра тақдим этадилар. Агар ер участкаси ёки бошқа кўчмас мулкка ҳуқуқ йил мобайнида юзага келган бўлса, солиқ органлари бу ҳақда у давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ичида хабардор қилинадилар. Нотариал идоралар кўчмас мулкнинг олди-сотди шартномалари тасдиқлангани ва ворислик ёки ҳадя қилиш тартибида фуқароларнинг мулкига ўтаётган мол-мулк қиймати тўғрисида 10 кундан кечиктирмай хабар қиладилар. Ахборот айирбошлашнинг бундай идоралараро тизими бўлишига қарамай, хатоларга йўл қўйилиши эҳтимоли истисно этилмайди.
Агар хабарнома олиб келишмаган, сиз қандайдир сабабларга кўра аниқлаштириш учун солиқ инспекциясига мурожаат қилмаган, эҳтимол, кейинги йил ҳам бу ишни қилмоқчи бўлмасангиз, шуни ёдда тутингки, солиқ органлари солиқ даври – календарь йил тугаганидан кейин 5 йил ичида солиқларни ҳисоблаши ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин (Солиқ кодексининг 38-моддаси).
2-ВАЗИЯТ. Хабарномада хато бўлса
Солиқ ходимлари хабарномаларни тўлдираётганда, мисол учун, объект манзили, майдони, инвентарлаш қийматини нотўғри кўрсатишлари мумкин. Шу боис солиқ суммаси нотўғри ҳисобланиши мумкин. Ушбу ҳолда ҳам мол-мулк ва ер участкаси жойлашган жойдаги ДСИга мурожаат қилиш ва хато борлигини маълум қилиш керак. Масалан, олди-сотди шартномасининг нусхасини тақдим этиб, мол-мулк энди сизга тегишли эмаслигини кўрсатишингиз лозим.
Солиқ ҳисоб-китобини текшираётганда шуни ҳисобга олиш ҳам муҳимки, Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга (20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон Қонун) кўра, жисмоний шахслар турар жойдан ёки ер участкасидан истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, солиқларни жисмоний шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўлайдилар (Солиқ кодексининг 276, 291-моддалари).
Агар сиз мол-мулк ва ер участкасидан фақат тадбиркорлик фаолияти учун (истиқомат қилмасдан) фойдалансангиз, мол-мулкни юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берсангиз, солиқларни энди юридик шахсларнинг ставкалари бўйича тўлашингизга тўғри келади. Худди шу қоида нотурар жойларга ҳам тааллуқли: бундай объект мулк қилиб олинганда ёки у турар жойлар тоифасидан ўтказиш пайтида – солиқ юридик шахслар ставкалари бўйича тўланади. Бунда сиз имтиёзлардан фойдалана олмайсиз.
3-ВАЗИЯТ. Хабарномада имтиёзлар ҳисобга олинмаган
Агар сиз солиқларни тўлаш чоғида имтиёзларга ҳақли бўлсангиз, ДСИга буни тасдиқлайдиган ҳужжатларни мустақил равишда тақдим этишингиз лозим. Акс ҳолда имтиёзлар ҳисобга олинмаган хабарнома оласиз.
Агар солиқ тўловчи имтиёзларга эгалигини билмаган, тегишинча, ҳужжатларни тақдим этмаган бўлсачи? Мазкур вазиятда у солиқ даври – календарь йил тугаганидан кейин 5 йил мобайнида ортиқча тўланган солиқларни ҳисобга олиш ёки қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир (Солиқ кодексининг 38-моддаси). Масалан, агар ушбу йилда имтиёзни тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилса, 2010 йилдан 2014 йилгача бўлган солиқлар қайта ҳисобланади.
Сиз имтиёзлар олишга ҳақли эканлигингизни Солиқ кодекси бўйича ҳам текширишингиз мумкин: мол-мулк солиғи бўйича – Солиқ кодексининг 275-моддаси бўйича, ер солиғи бўйича – Солиқ кодексининг 290-моддаси бўйича.
АХБОРОТ – ИНТЕРНЕТ ОРҚАЛИ
ДСҚнинг soliq.uz сайтида тўлаш учун ҳисобланган солиқ суммаларини аниқлаштириш мумкин. Бунинг учун «Жисмоний шахслар учун» бўлимининг «Солиқлар ва солиққа тортиш» қистирмасига «Шахсий кабинетга кириш» ҳаволаси бўйича ўтамиз. Ушбу интерактив хизматдан ЭРИ (электрон рақамли имзо) калити бўлгандагина фойдаланиш мумкин. 2015 йил 15 июлдан бошлаб уни прописка қилинган жойидан қатъи назар, исталган ДСИдан олиш мумкин. ЭРИ калитининг қиймати тўлов кунида белгиланган ЭКИҲнинг 10%ини ташкил этади (1.09.2015 йилдан бошлаб ЭКИҲ 130 240 сўмга тенг).
Ҳозирча электрон калити бўлмаганлар ҳам сайтдаги баъзи бир интерактив хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Масалан, агар ўша «Солиқлар ва солиққа тортиш» қистирмасида «Жисмоний шахслар учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар», «Жисмоний шахслар учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкалари», «Жисмоний шахслар учун солиқ имтиёзлари» ҳаволалари бўйлаб ўтсак, жисмоний шахслар тўлайдиган барча солиқлар бўйича тегишли ахборотни кўчириб олиш мумкин.
ЭЛЕКТРОН КАЛЬКУЛЯТОР ҲИСОБЛАЙДИ
«Жисмоний шахслар учун» бўлимининг «Интерактив хизматлар» қистирмасида «Жисмоний шахслар солиқлари бўйича маслаҳатчи» ҳаволаси орқали кириб, ўз солиқларингизни мустақил ҳисоблашингиз ва бу билан уларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилганлигини назорат қилишингиз мумкин. Бунда «Электрон калькулятор» интерактив хизмати ёрдам беради.
Бунинг учун солиқ тўловчиси ўзига тааллуқли ахборотни киритадиган ячейкалар тўлдирилади. Калькуляторда рўйхати «Имтиёз тури» дарчасида келтирилган солиқ имтиёзларини автоматик тарзда чегириш имконияти назарда тутилган. Имтиёзни киритиш учун уни рўйхатдан танлаш лозим.
Мол-мулк ёки ер участкаси бўйича зарур бирламчи ахборот киритилиб, «Ҳисоблаш» тугмачаси босилганидан кейин компьютер экранида тўланадиган солиқ суммаси ва унга доир имтиёз суммаси акс этади.
Ушбу ахборотни қоғозга чиқариш ёки электрон шаклда сақлаш мумкин.
СОЛИҚЛАРНИ ТЎЛАБ, ХОТИРЖАМ БЎЛИНГ
Солиқларни тўлаш учун банкка боришнинг ҳожати йўқ – бевосита уй ёки офисдан туриб унинг хизматларидан фойдаланиш мумкин.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги амалда барча банклар юридик ва жисмоний шахсларга ўз банк ҳисобрақамларини Интернет орқали бошқариш имконини берадиган «Интернет-банкинг» сервисини тақдим этмоқда.
Ушбу сервис билан тўлақонли ишлаш учун Интернетга уланган компьютер ва хизмат кўрсатувчи банк берган электрон калитга эга бўлиш етарли.
Солиқларни уяли телефон ва муайян тўлов сервислари ёрдамида ҳам тўлаш мумкин. CLICK (click.uz) тўлов тизимига ёки Sms-To’lov (smst.uz) сервисига уланиш кифоя.
Агар бирор-бир сабабларга кўра солиқни ўз вақтида, яъни 15 октябрга қадар тўламасангиз, солиқ органлари пеня – тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,033% ҳисоблайдилар.
Мисол учун, мол-мулк солиғи бўйича 25 500 сўм тўлашингиз ҳақида хабарнома олиб, сиз солиқ инспекциясига 30 октябрда, яъни 16 кун кечикиб (15–30 октябрь) келдингиз. Бунда, солиқ бўйича 25 500 сўм асосий қарздан ташқари, пеня – 134,64 сўмни (25 500 х 0,033% х 16) ҳам тўлашга тўғри келади. Бироқ сизда бошқа солиқлар бўйича ортиқча тўлов бор бўлса, ушбу ортиқча тўлов суммасига пеня ҳисоблаб ёзилмайди.
Солиқларни тўлаш муддати тугаганидан кейин 30 кун ичида ДСИ солиқ қарзини сўндириш талабномасини юборади, уни талабнома олинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида бажариш лозим. Агар қарз суммаси 592 000 сўмдан (2015 йилда – йил бошида ЭКИҲнинг 5 баравари)* ошса ва тўлов амалга оширилмаса, солиқчилар сиздан ушбу қарзни ундириш даъвоси билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўладилар.
Шу сабабли бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун мол-мулк ва ер солиқларини 14 октябрдан кечиктирмай тўланг.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Profi» эксперти.
*Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 28-илова.