Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 32 / Почта қутиси

Қайта ишлашни тавсия қиламиз

Компаниямиз Хитойдан жиҳозлар харид қилди. Ишдан чиққан блокларнинг бир қисмини таъмирлаш учун Хитойга жўнатиш ва бир-икки ойдан кейин қайтариб олиб келиш лозим. Диагностика ва таъмирлаш учун вақтинча олиб чиқишнинг таомили қандай?

Шу билан бирга, олдиндан келишилганлигига қарамай, Хитой томони вакиллари биз юборган блоклар ўрнига бошқасини қайтаришлари мумкин деб хавфсираяпмиз. Айни шу сабабли юк қайтарилаётганида серия рақамлари ва бошқалар мос тушмаслиги мумкин. Божхонада муаммо бўлмаслиги учун қандай йўл тутишимиз керак?

А.Цой.

 

БОЖХОНА кодексининг 22-моддасига кўра вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) шундай режимки, бунда божхона ҳудудида ёки ундан ташқарида товарлардан бождан, солиқлардан тўла ёки қисман озод этилган ҳолда ва товарларга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан фойдаланишга йўл қўйилади. Бироқ вақтинча олиб чиқиш режимига жойлаштириладиган товарлар ўзгартирмасдан қайтарилиши лозим, табиий эскириш ёхуд нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришлар бундан мустасно.

Вақтинча олиб чиқиш тартиби Товарлар ва транспорт воситаларини вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) божхона режимига қўйиш қоидалари1 (бундан кейин – Қоидалар) билан белгиланади. Унга кўра товарга нисбатан ваколатли шахсга вақтинчалик четга олиб чиқишга рухсатнома бундай четга олиб чиқишнинг мақсад ва ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ҳудудий божхона бошқармаси томонидан берилади. Унга вақтинчалик четга олиб чиқишга рухсатноманинг сўралаётган муддатини кўрсатган ҳолда ариза берилади (Қоидаларга 1-илова). Аризага товарни етказиб бериш ёки бериш тўғрисидаги контракт (шартнома, битим) нусхаси (ижара шартномаси, лизинг, кафолатли хизмат кўрсатиш ва инвестиция лойиҳаси доирасида товарлар вақтинча четга олиб чиқилган ҳолларда), транспорт ҳужжатлари ва товарга илова қилинган ҳужжатлар нусхалари, ваколатли органларнинг рухсатномалари (агар товар қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши керак бўлса) илова қилинади. Ариза 5 иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

Масала ижобий ҳал этилган тақдирда Қоидаларга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича товарни вақтинчалик четга олиб чиқишга рухсатнома берилади.

 

ОДАТДА жиҳозлар, бошқа мураккаб техник товарлар сотилганда ишлаб чиқарувчи томонидан кафолатли таъмирлаш имконияти назарда тутилади. Агар бундай товарлар хорижда сотиб олинса, нима қилиш керак? Юқорида таъкидлаганимиздек, вақтинча олиб чиқиш шартларидан бири товарларни ўзгармас ҳолатда қайтаришдир. Таъмирлаш чоғида мазкур шартни бажариш қийинлиги тушунарли. Бундай ҳолда таъмирлаш учун илгари импорт қилинган товарлар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимида олиб чиқилади.

БКнинг 30-моддасига кўра товарларни қайта ишлашга, уларни таъмирлаш, шу жумладан тиклаш, янгилаш ва тартибга келтириш, уларнинг шикастланган ёки эскириб қолган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёки тиклаш, шунингдек нуқсонларини бартараф этиш билан бир қаторда, қуйидагилар кириши мумкин:

товарларни бевосита қайта ишлаш ёки уларга ишлов бериш, шу товарларнинг ва фойдаланилаётган бошқа товарларнинг йўқоладиган ўзига хос хусусиятларини қайта ишлаш маҳсулотларида сақлаб қолган ҳолда;

янги товарларни тайёрлаш, шу жумладан товарларни уларнинг асосий хусусиятларини қайта ишлаш маҳсулотларида сақлаб қолган ҳолда монтаж қилиш, йиғиш ёки қисмларга ажратиш;

товарларни қайта ишлашга ёрдам берадиган ёхуд бундай ишни енгиллаштирадиган бошқа товарлардан тўлиқ ёки қисман фойдаланиш.

БОЖХОНА ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш шундай режимки, бунда товарлар экспорт божлари, солиқлар тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланмаган ҳолда қайта ишлаш учун олиб чиқилиб, кейинчалик қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқариш режимида олиб кирилади (БКнинг 33-моддаси). Мамлакатимиз божхона ҳудудида эркин муомалада бўлган ҳар қандай товарлар унинг остида жойлаштирилиши мумкин, олиб кирилиши (олиб чиқилиши) қонун ҳужжатлари билан тақиқланган товарлар бундан мустасно. Ушбу режимдан қуйидаги ҳолларда фойдаланиш мумкин эмас:

агар товарларни олиб чиқиш импорт божлари ва солиқларнинг тўланган суммаларини қайтаришни, улардан озод қилишни ёки олиб чиқиш чоғида тўловлар олишни талаб қилиш учун асос бўлса;

импорт божлари ва солиқлардан озод этишнинг амал қилиб турган вақти мобайнида, агар унинг амал қилиши товарларни эркин муомалага чиқаришда уларни қайта ишлаш учун олиб чиқилгунга қадар фойдаланилган бўлса.

Қайта ишлаш маҳсулотларини эркин муомалага чиқариш режимида олиб чиқиш чоғида импорт божлари ва солиқлар қайта ишлаш қийматига ҳамда қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан қўлланиладиган тўловлар ставкаларига қараб тўланади.

Қайта ишлаш маҳсулотлари, агар қайта ишлашдан мақсад олиб чиқилган товарларни қонун ҳужжатлари ёки шартномага биноан беғараз таъмирлашдан иборат бўлганлигига божхона органи белгиланган тартибда ишонч ҳосил қилса, импорт божлари ва солиқлардан озод қилинади, товарларни эркин муомалага дастлабки чиқаришда нуқсони мавжудлиги ҳисобга олинган ҳоллар бундан мустасно.

 

БКнинг 34-моддасига кўра товарларни қайта ишлаш муддати божхона органи томонидан белгиланади ва бу муддат 2 йилдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Баъзан ТИФ иштирокчилари уни қайта ишлашнинг ўзи бошланишидан ҳисоблаш керак деб хато ўйлайдилар. Бироқ бу нотўғри фикр. Ушбу моддага кўра у товарлар қайта ишлаш режимида жойлаштирилган кундан бошланади. Айрим товар туркумлари билан олиб чиқилганда эса – товарларнинг дастлабки туркуми режимда жойлаштирилган кундан бошлаб. Қайта ишлаш белгиланган муддат тугаган кундан кечиктирмай якунланиши керак.

Товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимида олиб чиқиш учун қайта ишлаш жараёни техник-иқтисодий асосланмаси (бундан кейин – ТИА) бўлиши лозим. У ТИАИСВга ёзма мурожаат қилиш йўли билан келишилади. ТИАни келишиш ва товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашнинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодий манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш тартиби Товарларни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асосларини келишиш ва божхона ҳудудидан ташқарида товарларни қайта ишлашнинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодий манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш тартиби тўғрисида низом2 билан тартибга солинади.

 

Диққат! Агар товарлар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари қуйидаги ҳолларда биргина божхона органига тақдим этилса, қайта ишлаш жараёни ТИАни ТИАИСВ билан келишиш талаб қилинмайди:

товарларни қайта ишлаш тижорат тусида бўлмаса;

қайта ишлашдан мақсад товарларни таъмирлаш бўлса;

бир контракт бўйича қайта ишланадиган товарларнинг божхона қиймати ЭКИҲнинг 500 бараваридан ошмаса.

 

1ВМнинг 13.04.2013 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида товарлар ва транспорт воситаларини вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) шартлари тўғрисида»ги 106-сон Қарорига 1-илова.

2ТИАИСВ, ИВ, МВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 31.10.2006 йилдаги 1634-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2296 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика