Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 32 / Мутахассис жавоб беради

ҚҚСни тўлаш керакми ёки керак эмасми?

Қурилиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва такомиллаштириш билан боғлиқ йирик лойиҳаларда банд бўлган хорижий компаниялар учун қулай инвестиция иқлими, преференциялар ҳамда имтиёзлар берилиши республикамизга норезидент компанияларни жалб этмоқда. Кўпинча улар ўз фаолиятларини амалга ошириш учун доимий муассасалар барпо этмоқдалар.

Солиқ кодексининг 20-моддасига кўра «доимий муассаса» тушунчаси фақат солиқ мақомини белгилаш учун қўлланиши ва ташкилий-ҳуқуқий аҳамият касб этмаслигини эслатиб ўтамиз.

Ривожланишнинг жадал суръатлари, норезидент компаниялар фаолиятининг хилма-хил турлари улар олдига солиқ солиш билан боғлиқ анча кўп саволларни қўймоқда. Улардан бири – Ўзбекистондаги фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидент компания ҚҚС тўловчиси ҳисобланадими?

Амалиётда ушбу масала турлича ҳал қилинади: баъзи солиқ органлари доимий муассаса ҚҚС бўйича ҳисобот (ҳатто ноль даражада бўлса ҳам) топширишини талаб қиладилар, бошқалари эса на ҳисобот топширишни, на қўшилган қиймат солиғи тўлашни талаб қилишади.

Уларнинг иккиси етарлича ишончли важ-далилларни келтирадилар. Иккала тарафни тинглаб кўрамиз.

 

ТЎЛОВЧИ ЮРИДИК ШАХС ҚИЁФАСИГА ЭГА БўЛИШИ КЕРАК

1. Солиқ кодексининг 197-моддасида ҚҚС тўловчилар деб фақат юридик шахслар белгиланган. Солиқ кодексининг 20-моддаси қоидаларига кўра эса «доимий муассаса» тушунчаси фақат солиқ мақомини белгилаш учун қўлланади ва ташкилий-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Тегишинча, норезидент компаниянинг доимий муассасаси юридик шахс ҳисобланмайди, шу сабабли у ҚҚС тўловчиси бўла олмайди.

2. Норезидент компанияда доимий муассаса мавжудлигининг белгилари асосан юридик шахслар – резидент ва норезидент ўртасида тузилган контракт шартларидан келиб чиқади.

Солиқ кодексининг 197-моддасида белгиланишича, ҚҚС тўловчилари бўлиб Кодексга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан амалга оширилаётган солиқ солинадиган оборотлар учун қўшилган қиймат солиғи тўлаш бўйича мажбурият зиммасига юклатиладиган юридик шахслар ҳисобланади. Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 200-моддаси билан белгиланган меъёрга кўра Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан Ўзбекистон резиденти учун бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар уларни олувчининг солиқ солинадиган оборотига Кодекснинг 207-моддасида белгиланган тартибда киритилади.

Ушбу қонунчилик меъёрлари фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидент компания қўшилган қиймат солиғи тўловчиси эмаслиги тўғрисида хулоса чиқариш имконини беради. Уни тўлаш мажбурияти ишлар, хизматлар олувчиси – Ўзбекистон резидентида юзага келади.

Қонун ҳужжатларида ўрганилаётган масала юзасидан етарлича аниқ қоидалар бордек таассурот туғилади. Бироқ бошқа позиция ҳам мавжуд бўлиб, уни ҳам тилга олиш ва кўриб чиқиш керак.

 

ШАХСГА ЭМАС, БАЛКИ ҲУДУДГА ҚАРАНГ

1. Солиқ кодексининг худди ўша 197-моддасидан келиб чиқилганда, солиқ солинадиган оборотларга эга бўлган юридик шахслар, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ҚҚС тўловчилардир. Ушбу меъёр юридик шахслар доирасини фақат Ўзбекистон резидентлари билан чекламайди. Унда, бошқа солиқлар бўйича белгиланганидек, бирор-бир тушунтиришлар ва истиснолар берилмаган. Масалан, Солиқ кодексининг 126-моддасида белгиланишича, фойда солиғини тўловчилар қуйидаги юридик шахслардир:

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари;

Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган ёки ҳосил бўлиш манбаи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган даромадларни оладиган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари.

Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 16-моддасига кўра, юридик шахс деб чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган чет эл ташкилоти эътироф этилади. Кўрамизки, Ўзбекистондаги тижорат фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидент компания ҚҚС тўловчиси эмаслиги ҳақида қатъий хулоса чиқариш мушкул.

2. Солиқ кодексининг ўша 197-моддасида келтирилган ҚҚС тўламайдиганларнинг ёпиқ рўйхатида Ўзбекистон ҳудудидаги фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган юридик шахс – норезидентнинг йўқлиги ҳам тасдиқ ҳисобланади.

Солиқ кодексининг 200-моддасига мувофиқ ҚҚС бўйича солиқ солинадиган оборот деб товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти эътироф этилади, реализация қилинган жойи Ўзбекистон Республикаси бўлмаган оборот бундан мустасно. Кўрамизки, солиқ солинадиган оборотни белгилашнинг асосий мезонларидан бири товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш жойи ҳисобланади.

Солиқ кодекси 202-моддаси учинчи қисмининг 5-бандига кўра доимий муассаса орқали ишлар бажарилган, хизматлар кўрсатилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишларни бажараётган, хизматлар кўрсатаётган юридик шахс мазкур доимий муассаса жойлашган ерда ҳақиқатда ҳозир бўлиб турган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди ушбу фаолият амалга ошириладиган жой ҳисобланади. Солиқ кодекси 20-моддасининг меъёрида ҳам шундай мазмун мавжуд, унга кўра норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси деганда норезидент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ҳар қандай жой ­эътироф этилади. Норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси деганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида 183 календарь кунидан ортиқ давом этадиган тадбиркорлик фаолиятининг амалга оширилиши ҳам эътироф этилади (агар халқаро битимда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса).

Шу тариқа, Солиқ кодекси 197 ва 202-моддаларининг қоидаларидан келиб чиқилса, фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидент компания ЎзР ҳудудида кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар бўйича ҚҚС тўловчиси деб эътироф этилиши мумкин.

3. Солиқ кодексининг 207-моддасида белгиланишича, ЎзР норезидентидан олинадиган ишлар, хизматлар солиқ тўловчи учун солиқ солинадиган оборот ҳисобланади. Унда ҳам модда фақат Ўзбекистон резидентларига татбиқ этилиши кўрсатилмаган. Асосий мезон Ўзбекистон ишларни, хизматларни реализация қилиш жойи эканлиги билан белгиланади.

Юқорида келтирилган важ-далиллар ва меъёрлардан келиб чиқилганда, ЎзР ҳудудида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган юридик шахс бошқа норезидентдан ишлар, хизматлар олувчи норезидент (Солиқ кодексининг 202-моддасига мувофиқ) ҚҚС тўловчиси деб эътироф этилиш хатарига учраши мумкин. Айни шу сабабли унда, масалан, хизматлар импорти бўйича, агар уларни кўрсатиш жойи деб ЎзР ҳудуди эътироф этилса, ушбу солиқни тўлаш мажбурияти юзага келиши мумкин.

Мазкур мақолада келтирилган фикрлар ушбу масала бўйича маслаҳат ёки уни ҳал этиш бўйича хулоса ҳисобланмайди. Улар фақат қонун ҳужжатларининг кўрилган меъёрларини икки хил талқин қилиш мумкинлигини кўрсатади. Шу боис ҳам уларни қўллаш амалиёти кўпинча фақат жойлардаги солиқ органларининг фикрига боғлиқдир.

Фикримизча, солиқ меъёрларини хилма-хил талқин қилиш ва қўллашга йўл қўймаслик учун норезидент компаниялар томонидан ҚҚС тўланиши бўйича қоидаларни янада тартибга солиш ва уларни қўллаш амалиётини аниқ тушунтириш мақсадга мувофиқдир.

 

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ бошқаруви раиси.

Прочитано: 2269 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика