Бизда ташкилотимизнинг жорий аудиторлик текшируви билан боғлиқ савол туғилди.
Ҳозир бизда ишлаётган ходимларнинг катта қисми илгари бошқа ташкилотларда ишлаган. Солиқ органларининг ахборотига кўра, ушбу ташкилотлар тугатилмаган, лекин ишни тўхтатган.
Бироқ уларнинг собиқ ходимларига ишдан бўшатиш тўғрисида буйруқлар йўқ ва уларнинг меҳнат дафтарчаларида ишдан бўшатиш тўғрисидаги ёзув ва муҳр қўйилмаган. Аудиторнинг фикрича, мазкур вазиятда солиқлар билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин.
Аудиторнинг ҳисоблашича, ходимлар ишдан бўшатилмаганлиги сабабли уларнинг асосий иш жойи юқорида кўрсатилган ташкилотлардир. Улар ҳозир ташкилотимиз ва унинг таркибий бўлинмаларида ишлаётганликлари сабабли янги иш жойида (ўриндошлик бўйича) улардан энг юқори ставкада даромад солиғи ушланиши керак.
Аслида ҳам шундайми?
Ф.Шаропов.
– Мазкур вазиятда аудитор ноҳақ.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини (ЖШДС) энг юқори ставкада ушлаш ўриндошлик бўйича ишлашда мажбурий шарт эмас. Агар ўриндош бухгалтерияга унинг даромадидан ЖШДСни энг юқори ставкада ушлаш тўғрисида ариза берса, шундай қилиш лозим. Бундай ҳолда ходим ўз даромадларини декларациялаши шарт эмас (башарти у ЖШДС шкала бўйича ушланадиган бошқа жойда ўриндошлик бўйича ишламаса).
Агар ўриндош ходим ундан ЖШДСни энг юқори ставкада ушлашлари тўғрисида ариза ёзмаса, унинг жами даромадидан солиқ белгиланган ставкаларда ушланади. Бироқ бунда ходим 2015 йил учун ўз даромадларини ДСИга декларациялаши лозим. Декларация топшириш муддати – 2016 йил 1 апрелгача. Декларацияни расмийлаштириш чоғида ходим ДСИга асосий иш жойидан даромадлар ва ушланган ЖШДС тўғрисида маълумотнома тақдим этиши керак.
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Profi» эксперти.