Божхоначиларнинг рухсатисиз юкни божхона омборига вақтинча сақлаш учун жойлаштириш мумкинми? Товарларни омборда вақтинча сақлашнинг муддати қанча?
А.Скрипин,
МЧЖ директори.
– Яқин вақтдан бери товарни божхона омборига рухсатсиз, бироқ албатта божхона органи мансабдор шахсининг ҳозирлигида жойлаштириш мумкин бўлди. Бундай имкониятни «Вақтинча сақлаш» божхона режими тўғрисидаги низомга* ДБҚ қарори (АВ томонидан 17.09.2013 йилда 447-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар берди.
Товарлар ва транспорт воситалари улар етказиб бериш жойидаги божхона органига (БЮДнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширадиган божхона постига) тақдим этиш пайтидан уларни чиқаришга ёхуд танланган божхона режимига мувофиқ тақдим этиш пайтигача божхона назорати остида вақтинча сақлашда бўлади. Зеро вақтинча сақлашда бўлган товарлар мақомини улар етказиб бериш жойидаги божхона органига тақдим этиш биланоқ ўз-ўзидан олади. Айни шу пайтдан бошлаб вақтинча сақлаш муддатини ҳисоблаш бошланади. Божхона кодексининг 24-моддасига кўра унинг умумий (энг юқори) муддати 2 ойдан ошмаслиги лозим, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Божхона органи ташувчи ва омбор эгасининг розилигисиз давлат хавфсизлиги, жамият тартиби, аҳоли маънавияти, инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, ҳайвонлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш, атроф муҳитни қўриқлаш, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар халқларининг бадиий, тарихий ва археологик мулкини муҳофаза қилиш, олиб кирилаётган товарлар истеъмолчиси бўлган шахсларнинг манфаатлари, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш мулоҳазаларидан келиб чиқиб, муайян товарлар учун сақлашнинг аниқ муддатини белгилашга ҳақли, бироқ у кўрсатилган муддатдан ошиб кетмаслиги керак. Уни белгилаш тўғрисидаги ёзма қарорни божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосари қабул қилади, бироқ бу ҳақда омбор эгаси ва ташувчини хабардор қилиш шарт. Ўзбекистонга олиб кириш ёки ундан олиб чиқиш тақиқланган товарлар ва транспорт воситаларини божхона омборларида вақтинча сақлашнинг энг кўп муддати 3 суткани ташкил этади.
*ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 17.06.1998 йилда 447-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.