Ангренда рўйхатдан ўтказилган МЧЖ Вазирлар Маҳкамасининг 17.11.2011 йилдаги 306-сон Қарорига 3-иловани тушунтириб беришингизни сўрайди. Унда НКМ қўлламасдан аҳолига кўрсатиладиган хизматлар рўйхати келтирилган. МЧЖ қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланадиган авиачипталар (электрон шаклда) сотиш билан шуғулланади. 306-сон Қарор моҳиятидан келиб чиқиб, ташкилотимиз фискал хотирали НКМ қўлламасдан хизматлар кўрсатиши мумкин. Бизга НКМ қўлламасдан хизматлар кўрсатишни тақиқлаётган Ангрен ДСИ қанчалик тўғри иш қиляпти? 306-сон Қарорга 3-иловага бирор-бир ўзгартиш ёки қўшимчалар киритилдими?
Л.Жалилов.
– Юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз фаолияти хусусиятига кўра аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган айрим тоифалари рўйхатига1 (бундан кейин – Рўйхат) қўшимча ва ўзгартишлар киритилмаган. Қонун ҳужжатларининг қуйидаги қоидаларига таяниб авиачипталарни НКМни қўлламасдан сотиш мумкин.
Солиқ кодексининг (СК) 72-моддасига кўра Ўзбекистон ҳудудида авиачипталарни реализация қилишда аҳоли билан пулли ҳисоб-китоблар Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисида низомга2 (бундан кейин – 306-сон Низом) мувофиқ амалга оширилиши керак. Ўз фаолиятининг хусусиятига кўра аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни НКМни қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг айрим тоифалари бундан мустасно. Рўйхатнинг 1-бандида кўрсатилишича, аҳолига хизмат кўрсатишда қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланган талон, чипта ва уларга тенглаштирилган бошқа чеклар берадиган юридик ва жисмоний шахслар аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириши мумкин.
Ҳисоб-китобларни НКМни қўлламасдан амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича солиқ органларида рўйхатдан ўтган, қатъий ҳисобот бериладиган квитанциялар, чипталар, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни мажбурий тартибда ёзиши ва буюртмачига (харидорга) бериши шарт (306-сон Низомнинг 19-банди).
Назорат-касса машиналарини қўлламасдан ишлайдиган юридик ва жисмоний шахслар ўз хоҳишига кўра НКМни қўллаган ҳолда ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириши мумкин. Бундай ҳолларда уларга НКМни рўйхатдан ўтказиш ва уни қўллашнинг умумий тартиби жорий этилади (306-сон Низомнинг 21-банди).
«Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонуннинг (29.04.2004 йилдаги 611-II-сон) 7-моддасига кўра электрон ҳужжат қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади.
Шу тариқа, юқоридаги қонун ҳужжатларида назорат-касса машиналарисиз ишлаётган юридик шахсларнинг электрон авиачипталарни реализация қилишга доир фаолиятни амалга оширишларига тақиқлар назарда тутилмаган.
1ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон Қарорига 3-илова.
2ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон Қарорига 1-илова.
Наталья ЗУЕВА, экспертимиз.