Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармаларга келиб тушиши ижтимоий муассасаларни (мактаблар, касалхоналар, болалар боғчалари) ўз вақтида молиялаштириш, пенсиялар ва бюджетнинг бошқа харажатларини тўлаш имконини беради.
СОЛИҚ ТЎЛОВЧИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ
Фуқаронинг солиқларни тўлашдек конституциявий бурчи (ЎзР Конституциясининг 51-моддаси) Солиқ кодексининг (СК) 32-моддаси билан мустаҳкамланган, унга кўра солиқ тўловчи ўз солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариши шарт. Улар жумласига давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармаларга белгиланган муддатларда солиқлар ва мажбурий тўловларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўлаш киради (СКнинг 34 ва 36-моддалари).
Чунончи, кичик корхона ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай биринчи чорак учун ягона солиқ тўловини тўлаши керак (СКнинг 360-моддаси). Агар ЯСТ ҳисоб-китоби 2014 йил 18 апрелда тақдим этилган бўлса, демак, ягона солиқ тўловини ҳам 25 апрелдан кечиктирмай тўлаш керак. Қонунга итоаткор солиқ тўловчи ЯСТни тўлашга ҳисобрақамидан пулни ҳисобдан чиқаришга тўлов топшириқномасини банкка 17 апрелда тақдим этади. Унинг ҳисобрақамида керакли суммада маблағлар бўлганлиги сабабли банк ўша куниёқ уни солиқни тўлашга ҳисобдан чиқаради. ЯСТ тўлаш мажбурияти ана шу пайтдан эътиборан бажарилган деб ҳисобланади (СКнинг 48-моддаси).
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини ва рентабеллигини таъминловчи қонунга итоаткор кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти 2017 йилнинг 1 январигача солиқ текширувларидан ўтказилмайди. Бироқ юридик шахсларни тугатишдаги, қўзғатилган жиноят ишлари доирасидаги, шунингдек бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ режадан ташқари текширувлар бундан мустасно (Президентнинг 4.04.2011 йилдаги ПФ-4296-сон ва 7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон фармонлари).
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятини бажармаслик эса бундан кўп аломатлар билан тавсифланади (СКнинг 48-моддаси). Уларни батафсил кўриб чиқамиз.
● Ҳисобрақамида пул маблағлари бўлмаган солиқ тўловчи банкка солиқ тўлашга тўлов топшириқномасини тақдим этди.
МИСОЛ. Кичик корхона 2014 йил 10 апрелда банкка 2 700 минг сўм ЯСТ тўлашга банк топшириқномасини тақдим этди. Ушбу пайтда унинг банкдаги ҳисобрақамида пул бўлмаган, бироқ иш ҳақи бўйича 10 000 минг сўм қарзи бор эди. 2-сон картотекада 17 520 минг сўм суммасида бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга солиқлар ва тўловлар бўйича тўланмаган тўлов ва инкассо топшириқномалари ҳамда 47 000 минг сўм миқдорида бошқа бажарилмаган пул талабномалари ётарди.
Солиқ тўловчининг ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисобварақларида пул маблағлари йўқлиги боис 10 апрелдаги тўлов топшириқномаси бўйича ЯСТ бюджетга келиб тушмайди.
● Солиқ тўловчи солиқ ва мажбурий тўловни тўлашга тўлов топшириқномасини ўз хати билан чақириб олиб, уларга доир қарзни сўндирмади.
МИСОЛ. Корхона банкка фойда солиғини тўлашга тўлов топшириқномасини тақдим этди. Бироқ ушбу пайтда унинг ҳисобрақамида пул йўқлиги боис, тўлов топшириқномаси 2-сон картотекада бўлади. Корхона ундириш учун инкассо топшириқномасини қўймасликлари учун солиқ инспекциясига солиқ тўлаш учун банкка топширилган тўлов топшириқномасининг нусхасини тақдим этди. Сўнгра солиқ тўловчи, ҳисобрақамига пул келиб тушишини билган ҳолда, солиқ тўлашга тўлов топшириқномасини солиқ инспекциясининг рухсатисиз хат орқали чақириб олди ҳамда банкка шуъба корхонага молиявий ёрдам кўрсатиш, етказиб берувчига қарз бериш, эҳтиёт қисмлар сотиб олиш ва бошқа харажатларга маблағлар ўтказишга тўлов топшириқномасини тақдим этди.
Бу солиқ мажбуриятларини бажармаслик ва тўлов интизомини бузишдир (СКнинг 48 ва 59-моддалари). Солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича тўлов топшириқномасини чақириб олиш учун солиқ тўловчи солиқ органига хат билан мурожаат этиб, унда чақириб олиш сабабларини кўрсатиши керак. Солиқ органи уни кўриб чиқиши ва чақириб олишга ёзма рухсатнома бериши ёки буни рад этиши керак.
● Банк тўлов топшириқномасини банкка ижро этмасдан қайтарди.
Бундай ҳуқуқбузарликларни банк мажбуриятларини таҳлил қилаётганда кўриб чиқамиз.
● Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатларини бузганлик учун солиқ инспекцияси тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўлов куни ҳам шунга киради, 0,033% миқдорида пеня ҳисоблайди (СКнинг 120-моддаси).
МИСОЛ. Корхона ЯСТни 2014 йил 25 апрелдан кечиктирмай тўлаши керак. 17 апрелда банкка уни тўлашга тўлов топшириқномасини топширди, бироқ унинг ҳисобрақамида пул йўқ. 26 апрель ҳолатига кўра корхона ЯСТ бўйича 1 400 минг сўм қарзга эга эди. Корхонанинг ҳисобрақамига пул келиб тушганидан кейин 29 апрелда қарз бутунлай сўндирилди. Солиқ инспекцияси тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўлов куни ҳам шунга киради, – 26 апрелдан 29 апрелгача пеня (0,033%) ҳисоблайди:
1 400 000 сўм х 0,033% х 4 кун = 1 848 сўм, у ҳам бюджетга тўланиши керак.
● Солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлаш бўйича бажарилмаган мажбуриятлари бўлган солиқ тўловчи ўзининг банк ҳисобрақамида пул маблағлари мавжуд бўлишидан қатъи назар, уларни тўлаш муддатидан кечиктирмай хизмат кўрсатаётган банкка тўлаш учун тўлов топшириқномасини тақдим этиши шарт (СКнинг 59-моддаси).
Солиқ қарзини сўзсиз ундириш қарзни мажбурий ундириш чораси ҳисобланади – ДСИ солиқ тўловчининг ҳисобрақамига солиқ қарзини ундириш учун инкассо топшириқномасини тақдим этади (СКнинг 63-моддаси).
БАНКНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ
Банклар солиқ тўловчининг солиқни ва (ёки) мажбурий тўловни ўтказишга доир тўлов топшириқномаларини, шунингдек солиқ инспекциясининг уларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаларини бажариши шарт (СКнинг 53-моддаси). Солиқ қарзи солиқ тўловчининг барча банк ҳисобрақамларида турган пул маблағларидан ундирилади, қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратиш мумкин бўлмаган ҳисобрақамлар бундан мустасно (СКнинг 63-моддаси).
Хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобрақами очилган банкда 2-сон картотека мавжуд бўлган ҳолларда, биринчи навбатда, мутаносиб равишда бюджетга, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловларни ҳамда иш ҳақи тўлаш учун пул маблағлари берилишини назарда тутувчи тўлов ва инкассо топшириқномалари бўйича пул ҳисобдан чиқарилади. Солиқ қарзи тўлиқ сўндирилгандан ва иш ҳақи тўлангандан кейин банк тўловларни календарь навбати тартибида амалга оширади (Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқнома1).
Мижоз томонидан солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича тақдим этилган тўлов топшириқномалари тегишли солиқ органининг ёзма рухсати асосидагина қайтариб олиниши мумкин (Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг2 32-банди). Агар солиқ тўловчи ўзининг солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлашга тўлов топшириқномасини солиқ инспекциясининг ёзма рухсатисиз 2-сон картотекадан чақириб олса, банк эса унинг чақириб олишини бажарса, бу банк учун қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибни бузиш ҳисобланади.
Банкнинг айби билан солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ўтказиш топшириқномаси ёки ваколатли органнинг уларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси бажарилмаган (бажарилиши кечиктирилган) тақдирда, банкдан ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммасидан 0,5% миқдорида белгиланган тартибда пеня ундирилади (СКнинг 53-моддаси).
МИСОЛ. Хўжалик юритувчи субъект 10 мартда 39 000 минг сўмлик ягона ижтимоий тўлов ва банк ссудаси бўйича фоизларни сўндиришга 7 300 минг сўм тўлашга тўлов топшириқномаларини топширди. Унинг ҳисобрақамида 10 мартда 7 305 минг сўм бўлган. Банк шу куниёқ ундан ўз фоизларини сўндиришга 7 300 минг сўм олди. Ҳисобрақамга пул келиб тушганда 14 мартда ЯИТ тўлалигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилди, бироқ 4 кунга кечикди. Ушбу ҳолда банк 10 мартда 7 305 минг сўм миқдорида ЯИТни қисман тўлаши, 14 мартда пул келиб тушганда эса қолган 31 695 минг сўмни қўшимча тўлаши керак эди.
Банк ягона ижтимоий тўловни тўлашга тўлов топшириқномасини ўз вақтида бажармаганлиги учун солиқ инспекцияси банкни қисқа муддатли текшириш натижалари бўйича унга 146,1 минг сўм (7 305 х 0,5% х 4) пеня ҳисоблайди.
ТЎЛОВ ИНТИЗОМИНИ БУЗУВЧИЛАР УЧУН МАЪМУРИЙ ЖАРИМАЛАР
Солиқ тўловчи томонидан тўлов интизомига риоя этмаслик, банк томонидан қарздор корхоналардан тўловларни ундириш бўйича солиқ органларининг инкассо топшириқларини ўз вақтида бажармаслик, корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг муддатларини бузиш, шунингдек пул маблағларини ҳисобдан чиқариш навбатини бузадиган ҳаракатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖТК) мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишни назарда тутади (МЖТКнинг 175-моддаси учинчи қисми).
1МБ бошқаруви, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 15.03.2012 йилда 2342-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2МБ бошқарувининг АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Наталья ЗУЕВА,
экспертимиз.