Сотиш учун мўлжалланган импорт ускуна 40-божхона режимига (эркин чиқариш) жойлаштирилган. Икки ой ичида у монтаж қилинди, ўрнатилди, синаб кўрилди ва сертификатланди. Унинг таннархига ускуна божхонадан ўтказилгандан кейин қилинган ушбу операциялар харажатини киритиш мумкинми?
– Кейин сотиш учун етказиб бериш шартномасига кўра харид қилинган импорт ускунаси товар тарзидаги ташкилотнинг товар-моддий захирасидир (4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»1).
ТМЗ таннархи харид қилиш таннархи (етказиб берувчига тўланадиган суммалар) ва уларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган барча харажатларни ўз ичига олади. Чет эл валютасида товар-моддий захиралар харид қилинганда таннарх божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадаги МБ курси бўйича чет эл валютасини қайта ҳисоблаш йўли билан сўмда белгиланади. Товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган харажатларга қуйидагилар киритилади:
● божхона божлари ва йиғимлари;
● ТМЗ харид қилиш билан боғлиқ бўлган солиқ ва йиғимлар суммалари (агар улар қопланмаса);
● товар-моддий захиралар улар орқали харид қилинган таъминотчи ва воситачи ташкилотларга тўланадиган воситачилик ҳақи;
● ТМЗни сертификатлаш ва уларни товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган техник шартларга мувофиқ синаш бўйича харажатлар;
● товар-моддий захираларни тайёрлаш ва уларни жорий жойлашиш ёки фойдаланиш жойига етказиб бериш бўйича транспорт-тайёрлов харажатлари ва бошқалар;
● ТМЗни фойдаланишга яроқли ҳолга келтириш бўйича ишлар билан боғлиқ, бироқ маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатлар (4-сон БҲМСнинг 13, 14-бандлари).
Шу тариқа, сотиш учун харид қилинган ускунанинг таннархига унинг қиймати, шунингдек уни харид қилиш (шу жумладан сертификацияга оид) ва фойдаланиш учун тайёр ҳолатга етказиш харажатлари киритилади.
1Молия вазирининг АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Жавобларни экспертимиз
Ноила МУҚМИНОВА тайёрлади.