Жамоа шартномасига кўра хизмат сафарига юборилган ходимларга оширилган миқдорда суткалик пуллар тўланади.
Таътил пулини ҳисоб-китоб қилаётганда меъёрдан ортиқча суткалик тўловларни киритиш керакми?
– Таътил вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошини уларни белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган сумманинг ўн иккидан бирига (биринчи йили олти ой тўлиқ ишлаганларга олтидан бирига; етти ой тўлиқ ишлаганларга еттидан бирига ва ҳоказо) оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Уларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон Қарорига 6-илованинг 1-банди).
Солиқ кодексининг (СК) 172–175-моддалари билан белгиланган меҳнат ҳақи тарзидаги даромадларга, бундан СКнинг 308-моддасида кўрсатилган тўловлар мустасно, суғурта бадаллари солинади.
Хизмат сафарлари вақтидаги ходимларга тўланадиган белгиланган нормалардан ортиқча кундалик харажатлар учун ҳақ (суткалик пуллар) СКнинг 174-моддаси 9-бандида назарда тутилган компенсация тўловлари ҳисобланади. Шу сабабли уларга суғурта бадаллари ҳисобланади ва улар йиллик меҳнат таътилига пул тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобига киритилиши керак.
МИСОЛ. Хусусий корхона раҳбарининг фармойишига кўра республика доирасида хизмат сафарига юборилган ходимларга тўланадиган суткалик пуллар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида йўриқноманинг (МВ ва МАИМҚВнинг АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 11-бандида кўрсатилган 0,1 ва 0,08 ўрнига энг кам иш ҳақининг 0,2 коэффициенти бўйича ҳисобланади.
Ходим 2014 йил 25 майда Бухорога 3 иш кунига хизмат сафарига юборилган. Бухоро шаҳрига хизмат сафари вақтида суткалик пулларнинг меъёрий миқдори, ЭКИҲ 96 105 сўмлигида, 9 610,5 сўмни (96 105 х 0,1) ташкил қилади. Уларнинг 3 иш кунидаги суммаси норма бўйича 28 831,5 сўмни (9 610,5 х 3) ташкил қилади.
ХК раҳбарининг фармойишига кўра ходимга 57 663 сўм суткалик пул (96 105 х 0,2 х 3) тўланган. Меъёрдан ортиқча сумма 28 831,5 сўмни (57 663 – 28 831,5) ташкил қилади. У тарифдан ортиқ тўловлардан ошадиган қисмида йиллик меҳнат таътилини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобига киритилади.
Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.