Фирмамиз ходимга шахсий автотранспортдан хизмат мақсадида фойдаланганлик учун компенсация тўлайди. Унга ЯИТ ва суғурта бадаллари солиш керакми?
– Хизмат ишлари учун нормалар доирасида шахсий автомобилдан фойдаланганлик учун компенсация, бундан хизмат сафарлари мустасно, жисмоний шахснинг даромади ҳисобланмайди ва унга ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди (СКнинг 171-моддаси иккинчи қисми 8-банди). Компенсация нормалари ҳисоблаб ёзиш санасида энг кам иш ҳақи миқдорига двигателнинг от кучи сонига қараб белгиланади:
70 от кучигача – ЭКИҲнинг 2 баравари;
70 от кучидан 100 от кучигача – ЭКИҲнинг 3,5 баравари;
100 от кучидан юқори – ЭКИҲнинг 4,5 баравари (ВМнинг 2.04.1999 йилдаги 154-сон Қарорига 3-илова; Президентнинг 24.12.2010 йилдаги ПҚ-1449-сон Қарори таҳриридаги 4-банди).
Нормалардан ортиқча компенсация тўланганда жисмоний шахсда компенсация тўловлари тарзида даромад юзага келади (СКнинг 174-моддаси), у меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга (СКнинг 172-моддаси) киради, ва тегишинча, унга ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинади (СКнинг 306-моддаси).
Жавобларни экспертимиз
Ноила МУҚМИНОВА тайёрлади.