Norma.uz
Норма маслахатчи / 2014 йил / № 14 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Товонини ким тўлайди?

Ёнғин бўлганда, турар жойга сув бостириб юборилганда, мол-мулкка зарар етказилганда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ фуқаролик ишлари кўриб чиқилаётганда суд экспертлари нобуд бўлган, шикаст топган нарсаларни баҳолашда қийинчиликларга кўп дуч келадилар. Айни бир пайтда дили қинғир кимсаларнинг шундай ҳолатларда бир нималик бўлиб қолиш илинжига дуч келинадиган ҳоллар ҳам бўлади.

 

Туманлардан биридаги фуқаролик иш­лари бўйича судга Н. исмли фуқаро моддий зарарнинг ўрни қоплаб берилиши хусусидаги даъво аризаси билан мурожаат қилди. У турар жойини унча таниш бўлмаган одамларга ижарага бериб, ўзи бошқа шаҳарга пул ишлаб топиш мақсадида кетган экан. Ижарадорлар уй бекаси қайтиб келгунига қадар унинг мол-мулкини ертўлага тушириб қўйишган-у вақти-вақти билан ундан хабар олиб туришни тамоман унутишган. Бека уйи­га қайтиб, мол-мулки ишдан чиқиб бир ҳолатга тушиб қолганлигини кўргач, моддий зарарни қоплаб беришни, 5 миллион сўм товон тўлашни талаб қилган. Судья иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун суд-товаршунослик экспертизаси ўтказишни тайинлабди. Экспертизани ўтказиш ва­зи­фаси топширилган эксперт тайин этилган куни экспертизани тайинлаган суд таркиби билан бирга (Фуқаролик процессуал кодексига биноан эксперт баҳоланиши лозим бўлган мол-мулкни фақат экспертизани тайинлаган орган ҳозирлигида кўздан кечириш ҳуқуқига эга) кўздан кечириш учун ўша жойга йўл олди. Кўздан кечиришга ҳар хил товарлар, шу жумладан даъво аризасида кўрсатилган уй-рўзғор ашёлари тақдим этилган. Экспертга синган гулдоннинг таглигини ҳам кўрсатишибди. Таглик шиша бўлиб, диаметри тахминан 10 см эди. Ҳолбуки, уй бекаси гулдон биллур эди, баландлиги мана бундай эди, деб қулочини кенг ёйиб кўрсатади. Ишдан чиққан ва нест-нобуд бўлган буюмлар қаторида моғор босган, сичқон ҳиди анқиб турган жун рўмол, эгаси янгигина деб айтган «Горизонт» телевизори (2012 йилда-я) ҳам бор эди. Ертўлага олиб тушилаётганда телевизор тушиб кетиб, шу алфозга келган экан. Музлаткич, «урвоғи ҳам қолмаган» бир нечта сервиз, китоб жавони, трюмо ва тумбочка ҳам, юқорида айтилган сабабга кўра, шикастланган ёки ишдан чиққан экан. Кўпгина кўрпа-чойшаблар ҳам яроқсиз ҳолга келган. Баҳолаш учун тақдим этилган охирги объект биллур қандил эди. Лекин кўздан кечиришга қандилнинг ўзи эмас, биллур шокила ва осилчоқлари тақдим этилганди. Уй бекасининг айтишича, қандил уч қаватли бўлиб, жуда катта экан. Экспертнинг бундай қандил учун шип пастлик, квартиранинг ўзи эса ихчамлик қилади, деган гапини эшитиши ҳамони уй бекаси жазавага тушиб, бақир-чақир қила бошлаган, эксперт устидан шикоят қиламан деб айюҳаннос солган. Таъкидлаш жоизки, буларнинг ҳаммаси суд таркиби кўз ўнгида содир бўлибди – улар рўй бераётган воқеанинг беихтиёр шоҳидига айланганлар. Эксперт кўздан кечириш натижалари асосида ўз хулосаларини ёзди. Хулосада мол-мулк илгари ишлатиб келинганлиги, баъзи товарлар кўпдан буён фойдаланилганлиги туфайли маънан едирилганлиги инобатга олинган бўлиб, кўздан кечириш учун тақдим этилмаган ёки синиқми, парчами йўсинида тақдим этилган товарлар юзасидан хулоса бериш асослантирилган тарзда рад этилганди. Суд ўтказилган экспертиза натижаларига асосланган ҳолда қарор чиқариб, 5 миллион сўм ҳажмида бўлмаса ҳам ҳар қалай моддий зарарни ундирди.

Баъзан экспертнинг ихтиёрига баҳо­ланиши лозим бўлган товарни тақдим этиш мумкин бўлмайдиган ҳоллар ҳам учрайди. Масалан, Тошкент вилоятининг олис туманларидан бирида яшайдиган, қўшнисининг айби билан содир бўлган ёнғин натижасида чоғроқ икки қаватли уйидаги мол-мулкидан мосуво бўлган шахс судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Даъво рўйхати каттагина бўлиб, унда синган идишлардан тортиб мебель тўпламларигача бор эди. Кўздан кечириш учун экспертга ёнган газлама ва кийим-кечакларнинг қолдиқлари, оловда «кабоб бўлган» музлаткич, лампали телевизор, қурум босган идиш-товоқлар, жизғанак бўлган ўйинчоқлар ва болалар велосипеди тақдим этилди. Мол-мулк соҳиби шундан кейин менда Италияда ишлаб чиқарилган ётоқхона гарнитураси ва ошхона мебели, Испанияда ишлаб чиқарилган меҳмонхона мебеллар тўплами ҳам бор эди, аммо улар куйиб кул бўлди ва шу ҳолатда ахлатга чиқариб ташланди, деб айтди ҳамда улардан фақат фурнитура қолганлигини таъкидлади. Эксперт фурнитурага қараб товарнинг дастлабки кўринишини, жамламасини, қолаверса, ишлаб чиқарувчисини, бир сўз билан айтганда, қийматини холисона белгилаш учун керакли нарсаларни асло аниқлаб бўлмаслигини айтди. Хонадон соҳиби бундан ниҳоятда ғазабга тушди. У экспертни ўзига нисбатан ғаразгўйликда айблади. Суд ўтказилган экспертиза натижалари асосида ҳал қилув қарорини чиқарди ва унда ёнғин натижасида етказилган моддий зарар миқдорини кўрсатиб ўтди.

Кўнгилсиз ҳолатлар рўй берганда, фалокат содир бўлганда одамлар таҳликага тушиб, нима қилишини билмай қоладилар. Ахир йиллар мобайнида тўпланган мол-мулк йўқликка йўналиб, бор нарсадан батамом маҳрум бўлгач, алам, содир бўлган воқеа айбдорларига қаратилган қаҳр-ғазаб, улардан ўч олиш, боплаб жазосини бериш истаги баъзан одамларни ошкора алдовга ундайди.

Ҳеч ким ёнғиндан ҳам, қўшниларнинг бепарволиги оқибатида сув босиши ёки мол-мулк ишдан чиқиши сингари кўнгилсизлардан кафолатланган эмас. Башарти, етказилган зарарнинг ўрни қопланишини истасангиз, ҳужжатлар тўплаш зарур. Негаки ҳужжатлар экспертларга экспертизани талаб даражасида ўтказиш ва хулоса беришда асқотади. Энг аввало, квартирангизга сув тошириб юборилганлиги ёки ёнғин бўлганлиги хусусида маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари иштирокида далолатнома тузиш лозим. Сўнгра шикастланган ёки нобуд бўлган мол-мулкнинг рўйхатини тузиш, бунда уларнинг тўлиқ номини, маркасини, моделини, ишлаб чиқарувчисини, жамламасини, харид этилган санасини кўрсатиш ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ва холисларга имзо қўйдириб олиш даркор. Рўйхатда мол-мулк воқеа содир бўлгунга қадар қандай ҳолатда, айтайлик яхши, яроқли, ишлатса бўладиган ҳолатда бўлганлиги албатта кўрсатилиши керак. Мабодо шикаст топган ёки нобуд бўлган товарнинг техник паспорти, сотиб олинган пайтда берилган кафолат талони, ҳақи тўланганлигига оид чек, хуллас унга оид барча ҳужжатларни, шу жумладан номини, маркасини, моделини, ишлаб чиқарувчисини, харид этилган санасини акс эттирувчи фотосуратларни тўплаш керак. Шикаст топган ёки нобуд бўлган мол-мулкни видео– ва фотосуратга олиш зарур. Бу мол-мулкнинг тавсия йўсинидаги қийматини аниқлаш учун, имконияти бўлса, баҳолаш фаолияти билан шуғулланиш бобида махсус билими ва рухсати бўлган мутахассисларни чақириш керак.

Буларнинг ҳаммаси маҳалла фуқаролар йиғини вакили ва холислар иштироки ҳамда ҳозирлигида амалга оширилиши лозим. Юқорида санаб ўтилган ана шу бирламчи ҳаракатлар бажарилгач, ёнган нарсаларнинг қолдиқларини чиқариб ташлаш, сув тошқини оқибатида зарар кўрган ашёларни ювиб тозалаш мумкин.

Уй-жойни ижарага бераётганда ҳам ана шу хилдаги ҳужжатларни тузиш ва тўплаш, уларни ҳеч бўлмаганда икки тарафнинг имзоси билан тасдиқлатиб олиш лозим. Ижарага топширилган мол-мулк лозим даражада фойдаланилмаган ёки мол-мулкка моддий зарар етказилган тақдирда, ана шу ҳужжатлар катта роль ўйнаши мумкин.

Ҳамма ҳужжатларни тўплагач, агар содир бўлган воқеа айбдори етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплашдан бош тортаётган бўлса, судга даъво аризаси билан мурожаат қилинг.

Экспертлар текшириш олиб бораётганда фақат ҳужжат билан тасдиқланган фактларга таянадилар. Бундай фактлар экспертизани тайинлаган орган томонидан ёки шу орган орқали тақдим этилмоғи лозим. Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра бошқалар ашёвий далилларни, хулоса бериш учун керакли бошқа ҳужжатлар ва фактик маълумотларни тўплаш ҳуқуқига эга эмас.

Агар ҳужжатлар етарли миқдорда ва текшириш учун яроқли даражада тақдим этилган бўлса, уларни ўрганиб чиқиш, буюм­ларнинг товар тавсифини, ҳақиқий ҳолатини аниқлаш ҳамда етказилган моддий зарарнинг миқдорини холислик билан, асосли тарзда аниқлаш имконини беради.

 

Альбина ПАК,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси

марказининг давлат суд эксперти.

Прочитано: 2490 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика