Бош пудратчи сифатида бизнинг МЧЖ ёрдамчи пудратчига материалларни ишлатиш учун берди. Шартнома шартларига кўра қурилиш тугаганидан ва объект бош пудратчига топширилганидан кейин ёрдамчи пудратчи олинган материал қолдиғини қайтариб бериши шарт. Ёрдамчи пудратчи ишларни тугатди ва тугалланган объектни биз далолатнома бўйича қабул қилдик. Бироқ ёрдамчи пудратчи қайта ишлатишга берилган материални бизга қайтаришдан бўйин товлаб, буни бош пудратчининг ишлар ҳақини тўлаш бўйича қарзи борлиги билан асослаяпти.
Ёрдамчи пудратчининг ҳаракатлари қонунийми? Биз нималар қилишимиз керак?
Б.Хидиров, МЧЖ раҳбари,
М.Турсунов, МЧЖ юристи.
– Шуни таъкидлаш лозимки, Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 634-моддасига мувофиқ бош пудратчи буюртмачининг пудрат шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун ёрдамчи пудратчи олдида жавобгар бўлади, буюртмачи олдида эса, ёрдамчи пудратчи ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлигининг оқибатлари учун жавобгар бўлади.
Умумий қоидага кўра, ФКнинг 640-моддаси биринчи қисмига кўра, агар пудратчи буюртмачи берган материалдан фойдаланса, иш тугаганидан сўнг у ишлатилган материал тўғрисида буюртмачига ҳисобот бериши, шунингдек унинг қолдиғини қайтариб бериши шарт.
Айни вақтда, ФКнинг 639-моддасига кўра, шартноманинг бажарилиши муносабати билан буюртмачи пудратчига белгиланган тегишли ҳақни ёки бошқа суммани тўлаш мажбуриятини бажармаган тақдирда, буюртмачи томонидан тегишли сумма тўлангунга қадар пудратчи фойдаланилмай қолган материал қолдиғи ва пудратчининг ихтиёридаги бошқа мол-мулкни ФКнинг 290 ва 291-моддаларига мувофиқ ушлаб қолиш ҳуқуқига эга.
Мазкур вазиятда мавжуд қарз бўйича тўловни амалга оширишни ёки қурилиш пудрати шартномасига ўзгартишлар киритиш йўли билан пудратчи ихтиёрида қолган фойдаланилмаган материалнинг қийматини ҳисобга олиб ишнинг баҳосини камайтиришни (ФКнинг 640-моддаси биринчи қисми) ёхуд ФКнинг 342-моддасига кўра воз кечиш битимини расмийлаштиришни ва пудратчида қолган қайта ишловга берилган материал ёхуд пудратчи билан келишган ҳолда бошқа мол-мулкни қарзни сўндириш ҳисобига беришни тавсия қиламиз.
Павел СИЛЬНОВ, адвокат.