Агар кадрлар бўлимининг бошлиғи касал бўлса, хизмат сафарида бўлса ва ҳоказо ҳолларда ходимдан ишдан бўшатиш тўғрисидаги аризани қабул қилишга ким ҳақли?
Сафура Ғ.
Оҳангарон шаҳри.
– Ҳақиқатан ҳам, бу кенг тарқалган вазият. Амалиётда баъзан шундай ҳоллар учрайдики, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза билан девонхонага ёки бевосита корхона раҳбарига мурожаат қилган ходимдан уни қабул қилишдан бош тортиб, буни ариза фақат кадрлар бўлимига берилиши мумкинлиги билан асослайдилар. Ходим ушбу масалани корхона раҳбари билан келишиб, унинг оғзаки розилигини олмагунча кадрлар бўлими ходимлари ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризасини қабул қилмайдиган ҳоллар ҳам учрайди.
Ходимнинг аризасини қабул қилишдан бош тортишнинг кўрсатилган барча ҳоллари ноқонунийдир.
Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида»ги Қарори (17.04.1998 йилдаги 12-сон) 15-бандида аниқ қилиб кўрсатилишича, аризани бериш санаси деб уни иш берувчига (корхона бошлиғига, бошлиқ муовинига, қабулхона котибига, кадрлар бўлимига, девонхонага ва б.) топширилган кун ҳисобланади.
Ўз навбатида, ариза топширилган шахслар уни корхона раҳбарининг эътиборига етказишлари керак.
Бироқ меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани қабул қилишга ким ҳақлилиги хусусидаги турли низоларга йўл қўймаслик учун ушбу масалани Олий суд Пленумининг Қарори тушунтиришларини ҳисобга олган ҳолда корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидаларида тартибга солган маъқул.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.