Ишлаб чиқариш корхонасида товар-моддий захиралар, хом ашё ва материалларни инвентаризация қилиш мақсадида махсус комиссия тузилди. Ўтказилган инвентаризация натижасида айрим товар-моддий захираларнинг камомади ва айримларининг ортиқчаси мавжудлиги аниқланди. Бу камомад ва ортиқча материалларни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирамиз?
Муяссар Раҳимова,
МЧЖ бухгалтери.
– Сиз сўраган масала Инвентаризация жараёнида аниқланган мол-мулк камомади ва ортиқчасининг бухгалтерия ҳисоби тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 6.04.2004 йилда 1334-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланади.
Хусусан, инвентаризация жараёнида аниқланган товар-моддий захираларнинг камомади ҳақиқий (баланс) қиймати бўйича ҳисобдан чиқарилади ва бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
дебет 5910 «Камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишлар» счёти;
кредит товар-моддий захираларни ҳисобга олувчи счётлар (1000-2900).
Шунингдек, моддий жавобгар шахс (ёки бошқа ходим) айбдор деб тан олинган ҳолларда ва агар баҳолаш натижасида кам чиққан товар-моддий захираларнинг бозор қиймати (ундириладиган сумма) кам чиққан товар-моддий захираларнинг ҳақиқий (баланс) қийматидан юқори бўлса, даромад суммаси бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
дебет 4730 «Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи» счёти – айбдор шахс ёки моддий жавобгар шахсдан ундирилиши лозим бўлган кам чиққан товар-моддий захираларнинг бозор қийматига;
кредит 5910 «Камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишлар» счёти – кам чиққан товар-моддий захираларнинг ҳақиқий (баланс) қийматига;
кредит 9320 «Бошқа активларнинг чиқиб кетишидан фойда» счёти – айбдор шахс ёки моддий жавобгар шахсдан ундирилиши лозим бўлган кам чиққан товар-моддий захираларнинг бозор қиймати ва кам чиққан товар-моддий захираларнинг ҳақиқий (баланс) қиймати ўртасидаги фарқига.
Жумладан, моддий жавобгар шахс (ёки бошқа ходим) айбдор деб тан олинган ҳолларда ва агар баҳолаш натижасида кам чиққан товар-моддий захираларнинг бозор қиймати (ундириладиган сумма) кам чиққан товар-моддий захираларнинг ҳақиқий (баланс) қийматидан паст бўлса, кўрилган зарар суммаси бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
дебет 4730 «Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи» счёти – айбдор шахс ёки моддий жавобгар шахсдан ундирилиши лозим бўлган кам чиққан товар-моддий захираларнинг бозор қийматига;
дебет 9430 «Бошқа операцион харажатлар» счёти – айбдор шахс ёки моддий жавобгар шахсдан ундирилиши лозим бўлган кам чиққан товар-моддий захираларнинг бозор қиймати ва кам чиққан товар-моддий захираларнинг ҳақиқий (баланс) қиймати ўртасидаги фарқига;
кредит 5910 «Камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишлар» счёти – кам чиққан товар-моддий захираларнинг ҳақиқий (баланс) қийматига.
Шу билан бирга, камомаднинг аниқ айбдори топилмаган ёки моддий жавобгар шахслардан ундириб олиш имкони бўлмаган ҳолларда, кам чиққан товар-моддий захираларнинг камомадидан кўрилган зарар молиявий натижаларга олиб борилади ва бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
дебет 9430 «Бошқа операцион харажатлар» счёти;
кредит 5910 «Камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишлар» счёти.
Шуни ҳисобга олиш лозимки, инвентаризация жараёнида аниқланган ҳисобга олинмаган товар-моддий захиралар ортиқча чиқиш аниқланган санадаги айнан шунга ўхшаш товар-моддий захираларнинг бозор қиймати бўйича баҳоланади (ортиқча чиқиш сабаблари ва айбдор шахслар кейинчалик аниқланади) ва бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
дебет товар-моддий захираларни ҳисобга олувчи счётлар (1000-2900);
кредит 9390 «Бошқа операцион даромадлар» счёти.
Жавобларни «Soliq Kalkulyatori» СМТ эксперти
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.