Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида» ва «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонунлари ижроси, шунингдек, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Илмий-амалий конференциянинг ўтказилиши яқин кунларда Ўзбекистон Республикасининг «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Қонуни кучга кириши, шунингдек, «Ўзстандарт» агентлигида табиий газни таҳлил қилиш мосламаларини текшириш бўйича янги лабораториянинг ишга туширилиши билан ҳам боғлиқдир.
2013 йил 4 октябрда «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу Қонун миллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорга чиқиш имкониятини кенгайтириб, маҳаллий хом ашё асосида рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш имконини беради.
Мамлакатимизда стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасига тааллуқли қонунчилик базаси истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиб, бозорда инсонлар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли маҳсулотлар пайдо бўлишининг олдини олмоқда, шунингдек, савдо-сотиқ йўлидаги техник тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Бу борадаги ишларга мувофиқликни баҳолайдиган 165 ташкилот, 378 синов ва 139 калибрлаш лабораторияси ҳам ўз ҳиссасини қўшаётир.
Конференция иштирокчилари ушбу қонунларнинг амалдаги ижросини таъминлаш муҳимлигини инобатга олиб, техник иш тартибини ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва қабул қилиш жараёни, ваколатли органлар томонидан ташкил этилган эксперт комиссиялари фаолияти самарадорлиги, техник тартибга солиш соҳасига оид меъёрий ҳужжатлар ва уларни халқаро стандартларга мослаштириш долзарблиги билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилди.
Тадбирда соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасига оид ҳужжатлар ўрганилиб, таҳлил қилинадиган, хавфсизлик ва сифатнинг мақбул параметрлари белгиланадиган технопарк фаолияти ижобий баҳоланди.
ЎзА материали
асосида.