Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 13 / «Муштум» – меҳмонимиз

Янги шолғом

Одатда эртаклар «Қадим замонда...» деган сўзлар билан бошланади. Аммо ҳозирги эртагимизга бу сўзларнинг умуман алоқаси йўқ. Чунки эртагимиздаги воқеа ҳамма замондаям юз бериши мумкин.

Хуллас, бир чол томорқасига шолғом экиб, тинмасдан меҳнат қилгани учун ҳосили роса мўл бўлибди. Энди кетмонни олиб кавламоқчи бўлиб турганида дарвоза тақиллабди. Кетмонини уватда қолдириб, дарвозани очса, папка қўлтиқлаган иккита йигит турганмиш.

– Ассалому алайкум, отахон, – дейишибди ширинсуханлик билан. – Ҳорманг. Хирмонингизга барака.

– Ваалайкум ассалом, умрингизга барака. Қани... – чол ичкарига таклиф қилмоқчи бўлиб оғиз жуфтласа, кекса одамни уринтирмаслик учун улар аллақачон ичкарига кириб олишган экан. Йигитлардан савлатлироғи мулойимгина гап бошлабди:

– Отахон, томорқангизга шолғом экканингиздан хабар топганмиз. Бу ишингиз яхши, албатта. Қўшимча даромад ҳаммагаям керак. Аммо ҳамма нарсанинг ҳам рисоладагидай бўлгани яхши. Биз фалончи идорадан бўламиз. Бизга айрим керакли бўлган ҳужжатларни тақдим қиласизу, шолғомингизни кавлаб, сотаверасиз. Тушундингизми?

Шўрлик чол уларнинг муддаосини англамай кўзларини пирпиратибди.

– Биринчидан, томорқангизнинг ҳужжатлари, солиқларни вақтида тўлаганингиз ҳақида, электрдан қарзингиз йўқлиги ҳақида, яна... – шу жойида тушунтираётган вакил бироз тутилиброқ қолибди. – Ички ишлар идорасиданам маълумотнома обкеласиз... Ҳуқуқбузарлар рўйхатида турмаслигингиз ҳақида дейман-да...

Гарчи чолнинг саводи унчалик яхши бўлмаса-да, қонунни ҳурмат қилар экан. Югуриб-елиб айтилган қоғозларни тўплабди. Кечқурун ҳужжатларни бир қоп шолғомга қўшиб фалончи идорага ташлаб келибди.

Эртасига энди қўлига кетмонни олган ҳам эканки, дарвоза бу сафар янада ваҳималироқ тақиллабди. Чол энтикиб бориб очса, бошқа бир идорадан вакил турганмиш. Буниси энди салом-алик қилиб, қимматли вақтини йўқотиб ўтирмабди.

– Отахон, ишларингиздан хабаримиз бор. Яшанг. Фақатгина ҳужжатларингиз чалароқда. Шуларни ўрнига қўйинг-да, сотаверинг шолғомингизни, – дебди ниҳоятда расмий оҳангда.

– Ули-и-им, кеча ҳамма қоғозларни...

– Буни биламиз, – гапиришгаям қўймабди вакил. – Бу бошқа масала, ота, бу эртакни биз ҳам эшитганмиз. Ҳозир ёрдамга кампирингизни чақирасиз. Шундайми? Яша-а-анг, ана шу кампирингиз билан расмий никоҳдан ўтганмисиз?

– Бунга олтмиш йилча бўлди-ёв. Саккиз фарзандимиз бор. Унда сен энангнинг қорнида, энанг эса энасининг қорнида эди, болам, – дебди чол ғазабини аранг босиб. Чунки шу пайтгача у ҳовлисига кирган итгаям тош отмаган экан-да.

– Отахон, – дебди вакил сиртига сув юқтирмай, – саккиз фарзандингизни нима қиламан? Менга қоғоз керак. Бир парча қоғоз ҳар қанча одамдан ҳам азизроқ. Шаҳар архивидан никоҳларингизнинг ҳақиқийлиги тўғрисидаги маълумотномани олиб менга етказасиз. Айтмоқчи, набирангизнинг вояга етганлиги тўғрисидаги ҳужжатниям олиб боринг. Ундан сўнг рухсатнома ёзиб бераман.

Чол бу сафар нақ икки кун овора бўлиб йиғилган қоғозларга икки қоп шолғомни қўшиб тегишли жойга ташлаб келибди. Аммо барибир шолғомни кавлаб ололмабди. Чунки эртасига қандайдир идорага чақиришиб ити ва мушугининг эмланганлиги ҳақида ҳужжат талаб қилишибди. Ҳатто аллақандай ҳайвонларни муҳофаза қилувчи жамият ҳам аралашибди.

Кекса одам эмасми, чолнинг бундай асаббузарликлардан ке­йин боши бирозгина чайқаладиган бўлиб қолибди. Буни кўрган яна бир маҳкамадагилар чолдан руҳий касалликлар шифохонасида ёки наркологик диспансерда рўйхатда турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани кўрсатса, шолғомини кавлаб олишга рухсат беришларини айтишибди. Энди буниси ҳаммасидан ошиб тушган экан. Ғазабдан тутоқиб кетган чол тракторчи қўшнисига айтиб, шу кечанинг ўзида томорқани шолғом-полғоми билан қўшиб ағдартириб ташлабди.

 

Олим ТАНГРИЕВ.

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани.

 

Саҳифа «Муштум» журнали ҳамкорлигида тайёрланди.

Прочитано: 2918 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика