Бизнинг МЧЖ пахта тозалаш ускуналари ва уларнинг эҳтиёт қисмларини (ХХТУТ бўйича коди – 14420 (қишлоқ хўжалиги машинасозлиги) ишлаб чиқаради. Ходимлар сони 49 кишини ташкил этади. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга (25.05.2000 йилдаги 69-II-сон) кўра, кичик корхоналарга машинасозлик, металлургия ва бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 50 киши бўлган ташкилотлар киритилади. Президентнинг 12.05.2011 йилдаги ПҚ-1529-сон Қарори билан ишлаб чиқариш кичик корхоналари учун ходимларнинг сони 50 кишидан 100 кишигача кўпайтирилди. Бироқ қишлоқ хўжалиги машинасозлиги (ХХТУТ бўйича коди – 14420) у билан тасдиқланган рўйхатга киритилмаган.
Бизнинг МЧЖ кичик бизнес субъекти бўлиб қолган ҳолда ходимлар сонини 100 кишигача кўпайтириши мумкинми? Кичик корхоналар ходимларининг ўртача йиллик сонини 50 кишидан 100 кишига қадар кўпайтириш масалалари яна қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади?
– Йўқ, сизнинг МЧЖ ходимлар сонини кўпайтира олмайди. Мазкур масалада Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясига (ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон Қарори билан тасдиқланган) амал қилиш керак. Унинг 163-сатрида кўрсатилишича, қишлоқ хўжалик машинасозлиги билан шуғулланадиган корхоналар (ХХТУТ коди – 14420) ходимларининг сони 21 кишидан 50 кишигача бўлса, кичик корхоналарга киради.
Шунингдек Президентнинг «Хусусий тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (9.04.1998 йилдаги ПФ-1987-сон) билан белгиланишича, кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектлари тоифасига машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш, қурилиш ҳамда бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги ходимларининг ўртача йиллик сони 50 кишидан ошмаган кичик корхоналар киради.
Микрофирмалар ва кичик корхоналар ходимларининг ўртача йиллик сонини аниқлашда ўриндошлик, пудрат шартномаси ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимлар сони, шунингдек унитар (шуъба) корхоналар, ваколатхоналар ҳамда филиалларда ишлаётганлар сони ҳам ҳисобга олинади (Президентнинг 30.08.2003 йилдаги ПФ-3305-сон Фармони 2-бандининг учинчи хатбошиси).
Абдураҳмон БАХТИЕВ ва Тимур МЎМИНОВ,
эксперт-юристларимиз.